Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари акциялари

01.03.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойида тасдиқланган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2016-2020 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлари”да касаба уюшмалари фаолиятининг йўналишларидан бири – кучли ҳамда самарали ижтимоий ҳимоя, меҳнаткашларнинг, шу жумладан аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш эканлиги белгилаб берилди.

Ушбу йўналишдаги ишларни узвий давом эттириш, шунингдек мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, ҳар томонлама етук, баркамол ёшларни тарбиялаш, хотин-қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, кексаларимизни, фахрийларимизни ҳар томонлама қадрлаш ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2016 йил 8 февралдаги 2-07 “с” -сонли қарори билан касаба уюшмаларининг акциялари доирасида 2016 йилдаги тадбирлар белгилаб олинди.

  1. “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида:

ёз мавсумида 290 минг нафар болаларни касаба уюшмалари, ҳомийлар, ҳокимликлар маблағлари ҳисобидан имтиёзли соғломлаштиришни ташкил этиш;

бунда болалар қизиқишларига қараб турли йўналишдаги оромгоҳларни ташкил этиш, 4 минг нафар Оролбўйи ҳудуди, 700 нафар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари болаларини, 2 минг нафар “Меҳрибонлик” уйлари ва мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини, 500 нафар иқтидорли болаларни, шунингдек 40 минг нафар эҳтиёжманд оила фарзандларини бепул соғломлаштириш;

Манзилли дастурга асосан Сурхондарё вилоятида янги “Амударё соҳили” болалар соғломлаштириш оромгоҳини қуриш, Андижон вилоятидаги “Боғишамол”, Сурхондарё вилоятидаги “Бешбулоқ Сурхон Шеробод”, Хоразм вилоятидаги “Автомобилчи” болалар соғломлаштириш оромгоҳларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда таълимда юқори натижаларни қўлга киритган 7 минг нафар болаларнинг музейлар, цирк, ботаника, ҳайвонот ва бошқа маданият боғларига, 560 нафарининг тарихий шаҳарларга ташрифини уюштириш;

корхона, ташкилотлар балансида бўлган, шунингдек туманлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоалари ўртасида “Истиқлол ғунчалари” санъат фестивалини ўтказиш;

ҳар бир ҳудудда биттадан, жами 14 та махсус ёрдамчи мактаб-интернатларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш;

Билимлар кунига бағишлаб, илк бора мактабга борадиган ўқувчилар учун “Тозалик, озодалик – саломатлик гарови” тадбирини ташкил этиш ва республиканинг чекка туманларидаги мактабларнинг 12 минг нафар 1-синф ўқувчиларига эсдалик совғалари (санитар-гигиеник ашёлар мажмуаси) топшириш;

эҳтиёжманд оилалар фарзандларига, мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар фарзандларига, “Меҳрибонлик” уйлари, махсус ёрдамчи мактаб-интернатлари тарбияланувчиларига Янги йил арча байрами совғаларини олиб бериш;

жамоа шартномаларига киритиш орқали боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларнинг 50 минг нафар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаш;

санаторийларда болалар учун алоҳида ўйин хоналари ташкил этиш;

мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ногирон болалар ўртасида “Мафтункор ранглар жилоси” кўрик-танловини, “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз    пахлавонлари”,   “Ёш   қутқарувчи”, “Ёш чегарачи” мусобақаларини,    “Баркамол авлод”, “Умид нихоллари” спорт ўйинларини ҳамда ногирон болалар ўртасида паралимпия ўйинларини ўтказиш ишлари амалга оширилади.

  1. “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида:

Халқаро Хотин-қизлар куни байрами муносабати билан ҳар бир меҳнат жамоасида аёлларни шарафлаш тадбирларини ўтказиш, фаол аёлларни рағбатлантириш, меҳнат фахрийларини йўқлаш, эҳтиёжманд аёлларни моддий-қўллаб-қувватлаш;

жамоа шартномаларига киритиш орқали фарзандлари икки ёшдан уч ёшгача бўлган 20 минг нафар аёлларга иш берувчи ва касаба уюшмаси томонидан моддий ёрдам кўрсатиш, 10 минг нафар аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, нодавлат мулк шаклидаги  корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 10 минг нафар болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш;

Мустақиллик байрами арафасида республиканинг олис ва чекка қишлоқ ҳудудларида яшаётган 3 минг нафар эҳтиёжманд оилалар аёлларини электр маиший техника жиҳозлари бериш йўли билан рағбатлантириш;

республиканинг олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган эҳтиёжманд оилалар аёлларидан 560 нафарининг республиканинг тарихий шаҳарларига саёҳатларини ташкил этиш;

санаторийларда “Она ва бола” бўлимлари ташкил этиш ва замонавий услубда жихозлаш;

касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларда 400 нафар эҳтиёжманд оилалар аёлларини, “Умид Гулшани” санаторийсида 200 нафар фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг ишлайдиган аъзоларини бепул соғломлаштириш ишлари режалаштирилган.

  1. “Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси доирасида:

Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг барчасига манзилли моддий ёрдам кўрсатиш;

2500 нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида касаба уюшмаларининг ижтимоий кўмак чораларини кўриш;

ҳар бир ҳудудда биттадан жами 14 та “Саховат” кексалар ва ногиронлар учун интернат уйларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш.

уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларининг касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда белгиланган тартибда соғломлаштирилишларини ташкил этишда  ҳамкорлик қилиш;

меҳнат жамоаларида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида ёш авлоднинг маънавий ва аҳлоқий тарбиясига кўмаклашиш, уларда миллий ғурур ва ўзини англаш ҳиссини шакллантириш мақсадида “Сиз доим эъзоздасиз”, “Қариси бор уйнинг париси бор” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этиш;

корхона, ташкилот ва муассасалардаги “Фахрийлар кенгаши”нинг фаолиятини кучайтириш, байрамлар муносабати билан меҳнат фахрийларининг уйларига бориб ҳолидан хабар олиш, фахрийларни жамоадаги тадбирларга таклиф этиш, уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш;

ҳар бир ҳудуддан 20 нафардан жами 280 нафар кексаларни, уруш ва меҳнат фахрийларини республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатини ташкил этиш;

байрамлар арафасида 300 нафар кекса фахрийларнинг театр, концерт ва бошка маданий тадбирларга ташрифини ташкил этиш;

корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат фахрийлари ўртасида спортнинг шахмат, шашка, дартс, армстерлинг турлари бўйича мусобақалар ўтказиш ишлари амалга оширилади.

  1. “Касаба уюшмалари – ёшларга” акцияси доирасида:

Олий ва ўрта маҳсус ўқув юртларида, академик лицейларда таҳсил олаётган 300 нафар эҳтиёжманд,  иқтидорли талаба қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшмаларининг стипендиясини жорий этиш;

ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан, жами 140 нафар кўзи ожиз талаба-ўқувчиларни махсус аппаратлар, плеерлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш;

жамоа шартномалари орқали иш берувчилар томонидан Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга контракт пулларини тўлаш;

2 минг ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун  фоизсиз cсуда ажратиш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини бандлигини таъминлаш борасида мутассадди ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

корхона, ташкилотларда ишловчи ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи, жиноятчилик, безорилик, ичкилик ва гиёҳвандликни олдини олишга қаратилган маънавий – маърифий ва ҳуқуқий мавзуларда тадбирлар ташкил этиш;

республикадаги барча ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танловини ўтказиш;

касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ҳар бир туман (шаҳар)да хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўринларини ташкил этиш;

“Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловини ўтказиш ҳамда “Ёш мутахассислар” IV республика Форумини ташкил этиш каби тадбирлар белгиланган.

  1. “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида:

Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ҳарбий қисмларда аскарларга ва ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;

14 та ҳарбий қисмларга касаба уюшмалари совғасини тақдим этишни ташкил этиш;

ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан жами 140 нафар ҳарбий аёлларни рағбатлантириш;

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини ҳимоя қилишда  ўз жонини фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига манзилли ёрдам кўрсатиш;

“Биз сизга ишонамиз ва фахрланамиз” мавзусида “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари ходимларининг ҳарбий қисмда учрашувини ташкил этиш;

ҳарбий хизматда узоқ йиллар ишлаган кекса фахрийларни совғалар билан тақдирлаш;

пенсияга чиққан ҳарбийларнинг ишга жойлашишларига кўмаклашиш;

санаторийлар жойлашган маҳаллаларда яшовчи ҳарбийларни санаторийларда тиббий кўрикдан ўтишларини ташкил этиш;

ҳарбийларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш;

мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар фарзандларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштириш ҳамда олий ва ўрта махсус ўқув юртларида, академик лицейларда ўқиётганларини “Касаба уюшмалари стипендияси”га тавсия этиш тадбирлари режалаштирилган.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши фаолиятида  иштирок этиш;

ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” республика танловининг “Энг илғор сержант”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор батальон командири” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритган 5 нафар ҳарбий хизматчиларни Федерация Кенгашининг қимматбаҳо совғаси билан тақдирлаш;

Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш;

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида ҳудудлардаги ҳарбий қисмларда аскарларга яратилган шароитлар билан танишиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишларида ҳамда ҳарбий хизматга кузатув жараёнларида иштирок этиш.