Касаба уюшмалари боғи кенгаймоқда
04.11.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан Урганч туманидаги “Урганч” оромгоҳида ўтган йили 25 сотих майдонда “Касаба уюшмалари боғи” ташкил қилинган эди. Бултур кузда экилган 400 тупдан зиёд мевали дарахт кўчатлари қаторда ками қолмай, униб ўса бошлади. Бундан мамнун бўлган касаба ходимлари боғни янада кенгайтиришга аҳд қилдилар.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил қилинган тадбирга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Аввало, ерга ишлов берилди. Маҳаллий шароитга мос мева турлари танланди. 70 дан зиёд касаба ходимлари сафига Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги оромгоҳлар раҳбарлари ҳамда “Хонқа” санаторийсининг 20 дан зиёд ходимлари ҳам қўшилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Рустам Султонов тадбир иштирокчиларига муваффақият тилаб, дарахт экишнинг ниҳоятда савобли амал эканлиги ҳақида тўхталдилар.
– Биз эккан ниҳоллар яқин йилларда мева бера бошлайди. Невара-чевараларимиз улардан баҳараманд бўлишади, – дейди кенгаш раиси. – Боғлари кўп юрт аҳолиси турмуши фаровон бўлади.
Ушбу чорловлардан куч-қувват олган касаба ходимлари ўзгача ғайрат-шижоат билан ишга киришдилар. 70 сотих майдонга 500 тупдан зиёд мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раиси маслаҳатчиси Равшан Жабборов, АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Шавкат Сафарбоев ва бошқалар боғдорчилик бўйича ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, ниҳолларни тўғри экиш бўйича тавсияларини бериб бордилар.
Эрталаб бошланган тадбир тушгача давом этди. Касабачи қизлар яхши ният билан бўғирсоқ пишириб тарқатдилар. Баракали меҳнатдан сўнг Хоразм лазгисига рақсга тушиб, чарчоқни чиқарган касабачилар ниҳолларимиз униб-ўсиб, серҳосил дарахтларга айлансин, дея дуо қилдилар.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги тадбирларни бошқа оромгоҳларда ҳам давом эттириш белгиланди.