Касаба уюшмалари диққат марказида – меҳнат муҳофазаси масалалари
28.04.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, ижтимоий ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган бир қатор халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида мамлакатимизда ходимларнинг меҳнати муҳофазаси, уларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалаларига эътиборнинг йил сайин кучайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси ўналишида олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш ва бунда албатта асосий эътиборни профилактика ишларига қаратиш масаласи касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири қаторидан ўрин олган. Шу боис Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмаларида фаолияти йўлга қўйилган Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати томонидан меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, иш берувчилар масъулиятини янада ошириш йўналишларидаги ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Жамоа шартномалари орқали корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий-маиший объектларнинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ходимлар тегишли тартибда махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари, профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланмоқда.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Бош келишув асосида «Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури» ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур дастур доирасида “Ўзкимёсаноат”, “Ўздонмаҳсулот” Акциядорлик компаниялари тизимидаги корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишлар ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бугунги кунда касаба уюшмалари ижтимоий хамкорлик асосида ишлаб чиқариш воситаларини синаш ва фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссиялари ишида, соҳага оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнларида ҳам иштирок этмоқдалар. Хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрирда) лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланди. Турли тармоқлар тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазасига оид 500 мингга яқин тадбирлар амалга оширилди ва ушбу мақсадларга 200 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, бугунги кунда бошланғич касаба уюшмалари тизимида 40 мингга яқин меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, меҳнат муҳофазаси соҳасида улар томонидан уч босқичли назорат тизими йўлга қўйилган. Мазкур тизим соҳада хатоликларга йўл қўймаслик, меҳнат муҳофазаси маданиятини ошириш имконини бермоқда. Шунингдек, корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар, айниқса, хотин-қизларнинг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказилиши бўйича жамоатчилик назорати йўлга қўйилиб, жойларда хотин-қизлар меҳнати муҳофазасини кучайтиришга оид семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Хусусан, республикадаги фермер хўжаликлари раҳбарлари учун “Фермер хўжаликларида меҳнатни муҳофаза қилиш” мавзусида ўқув-семинарлари ўтказилиб, уларда 41 568 нафар фермер хўжаликлари раҳбарларининг иштироки таъминланди.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар томонидан мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратишга оид норматив-ҳуқуқий негизнинг такомиллашиб бориши натижасида соҳага тааллуқли қатор масалаларни ижтимоий шериклик асосида ҳал этиш имкони кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашда давлатнинг энг яқин ижтимоий ҳамкори ҳисобланган касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан олиб бораётган ишларига алоҳида тўхталинди. Мазкур йўналишлардаги ишларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувнинг муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Ушбу ҳужжат асосида ҳудудий ва тармоқ келишувлари ҳамда энг қуйи бўғинда амалда қўлланилаётган жамоа шартномалари орқали ходимлар меҳнати муҳофазасини кучайтириш имкони кенгайиб бораётгани қайд этилди. Хусасан, Жамоа шартномалари орқали меҳнат муҳофазаси соҳасида меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат хавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, ходимларни маиший хоналар, профилактик озиқ-овқатлар билан таъминлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, иш ўринларини шаҳодатлаш, тегишли тартибда имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш, ходимларни махсус кийим-бош, пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари, ювиш ва зарарсизлантириш воситалари билан таъминлаш, уларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ангрен логистика маркази”, “Ўзтемирйўлконтейнер”, “Кварц”, “Навоийазот”, “Ўзбектелеком” АК, “Ўзметкомбинат”, “Аммофос Максам” АЖ, Навоий “Халқаро аэропорти” ДУК каби кўплаб корхона ва ташкилотларда самарали натижаларга эришилмоқда. Мазкур йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда корхона ва ташкилотларда меҳнатда жароҳатланиш ҳолатлари ва касб касалликларининг олдини олиш масаласи энг устувор вазифалардан бирига айланди.
Рақамларга мурожаат этсак, жорий йилнинг 1-чораги давомида жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 2016 йилга режалаштирилган 505 минг 281 та тадбирдан қарийб 196 мингтаси бажарилишига эришилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 763 тага кўпдир. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 33 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан меҳнат муҳофазаси йўналишида сарфланган маблағнинг 1,8 фоизга кўпайганини кўрсатмоқда.
Меҳнат муҳофаси масаласига эътибор кучайтирилиши натижасида бугунги кунда корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги таъминланмоқда. Ушбу тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, ходимлар саломатлигини сақлаш ва уларни бахтсиз ҳодисалардан асрашга қаратилган талаблар кучайтирилди. Шунингдек, мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши бўйича иш берувчилар ва уларнинг тегишли юқори бошқарув органлари масъулияти кучайтирилиб, улар таркибида касаба уюшма вакилларининг иштироки таъминланмоқда.
Давра суҳбатида иштирокчилар учун шунингдек “Ходимлар меҳнати муҳофазаси: Меҳнат шароитлари даражасининг иш жойидаги ходимлар руҳиятига таъсири”, “Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ижтимоий ҳамкорлик” мавзуларида секция машғулотлари ўтказилди. Уларда ходимлар меҳнати муҳофазасини самарали таъминлашда давлат, касаба уюшмалари, иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги самарасини кучайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Ходимлар меҳнати муҳофазасини кучайтиришда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профилактика маданиятини биргаликда юқори даражага кўтариш борасидаги фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишни ташкил этишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш, уларнинг манзиллилигини ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги миллий ва халқаро тажрибалар билан ўртоқлашилди.
Давра суҳбати доирасида хўжалик субъектларида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмаларининг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови” ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Маълумки, анъанага айланган мазкур Республика кўрик-танлови ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқларида “Энг яхши корхона”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” номинациялари бўйича ўтказиб келинмоқда. Танлов якунларига кўра ишлаб чиқариш тармоғи бўйича биринчиликни “Энг яхши корхона” номинациясида «GM-Uzbekistan» АЖ Хоразм вилояти филиали, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти «СамАвто» МЧЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти «JV MAN AVTO-UZBEKISTAN» АЖ Қўшма корхонасининг меҳнат муҳофазаси бўйича вакили Наимжон Марупов қўлга киритди.
Ноишлаб чиқариш тармоқлари бўйича ғолибликни “Энг яхши корхона” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» Акциядорлик жамияти, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинацияси бўйича Сурхондарё вилояти «Термез вагон депоси» бошланғич касаба уюшма қўмитаси, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” номинациясида Сурхондарё вилояти Ғалаба станциясининг меҳнат муҳофазаси бўйича вакили Орифжон Мурадов қўлга киритди.
Барча ғолиблар Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан муносиб тақдирланди.
Давра суҳбати доирасида мавзуга оид кўргазма ташкил этилиб, унда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзметкомбинат” Акциядорлик жамиятлари, “Ўзбекнефтегаз” МХК каби йирик корхоналар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар, фермер хўжаликлари меҳнат муҳофазаси йўналишида тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган мазкур турдаги Давра суҳбатлари Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳам ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати