Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари Федерацияси Миллий мониторинги: ўз вақтида тўланмаган иш ҳақлари ундириб берилди

21.10.2022. Айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2022 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан Миллий мониторинг олиб борилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоят ишчи гуруҳи томонидан туманлардаги фермер хўжаликлари, профессионал таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, ҳокимликлар ва маҳалла фуқаролар йиғинларида мониторинг ўтказилди.

– Жорий йилнинг 17 октябрь куни ўтказилган мониторинг жараёнида Ўртачирчиқ туманидаги “Real Cotton Tex” МЧЖ пахта далаларига Бухоро вилоятидан келган 250 нафар теримчига терим пуллари ўз вақтида тўланмагани аниқланди. Миллий мониторинг ишчи гуруҳи саъй-ҳаракатлари билан теримчиларга 500 млн. сўм терим пуллари ундириб берилди, – деди Миллий мониторинг Тошкент вилояти ишчи гуруҳи раҳбари Б.Мирзаев. – Шунингдек, ушбу теримчиларнинг Бухоро вилоятига қайтиб кетишлари учун 2 та автобус ташкил этилишига кўмаклашилди.

Жорий йилнинг 18 октябрь куни ўтказилган миллий мониторинг жараёнида эса “Real Cotton Tex” МЧЖ пахта далаларидаги теримда иштирок этаётган Сурхандарёлик теримчиларга ўз вақтида тўланмаган 700 млн. сўм иш ҳақи ундириб берилди.

21 октябрь куни ўтказилган Миллий мониторинг давомида аниқланган муаммо ҳам Ишчи гуруҳи аралашуви билан зудликда бартараф этилди. Яъни, Юқоричирчиқ туманида фаолият юритувчи “Real Agro cotton” кластери Юқоричирчиқ филиали томонидан теримчиларга ўз вақтида тўланмаган терим пуллари тўлиқ тўлаб берилишига эришилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати