Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами

05.03.2016. “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 8 март –  Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси ўтказилмоқда. Худди шундай акциялардан бири касаба уюшмалари тизимидаги “Бўстон” санаторийсида ташкил этилди.

Акция доирасида турли соҳаларда меҳнат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, Ватанимиз тараққиёти, турмушимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини янада  юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизлар, республикамизнинг чекка қишлоқларида яшовчи ва оилада, меҳнатда, жамиятда илғор бўлган аёлларга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун бепул йўлланмалар тақдим этилди. Тадбирга таклиф этилганлар учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилиб, байрамона концерт дастури намойиш этилди.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, хотин-қизлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи Касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Ҳар йили касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 100 минг нафардан ортиқ меҳнаткаш соғломлаштирилади. Уларнинг қарийб 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Хусусан, 2015 йилда тизимдаги санаторийларда 60 минг нафарга яқин аёллар соғломлаштирилиб, касаба уюшма ташкилотлари томонидан уларнинг 7923 нафари имтиёзли, 967 нафари бепул йўлланмалар билан таъминланди.

Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 17 та санаторийнинг 12 тасида  “Она ва бола” бўлимлари ташкил этилган бўлиб, 2015 йилда “Она ва бола” йўлланмалари асосида 5 429 нафар она ва бола биргаликда соғломлаштирилди. Санаторийларда она ва болаларни соғломлаштириш учун барча қулайликлар яратилган. Хусусан, санаторийларда алоҳида болалар хоналари ва майдончалари, ўйингоҳлар, кутубхона, жонли бурчаклар ташкил этилган. Оналар ўз муолажалари даврида фарзандларини махсус ташкил этилган болалар хоналарида қолдириш имконига эгалар. Болажонлар ҳордиғини мазмунли ташкил этиш мақсадида болалар хоналари қизиқарли ўйинчоқлар, ўқув анжомлари, бадиий адабиётлар билан таъминланган.

Жорий Соғлом она ва бола йили муносабати билан Касаба уюшмалари Федерацияси  томонидан республикамизнинг чекка қишлоқларида истиқомат қилаётган кам таъминланган, кўп болали оилалардан бўлган 400 нафар аёлни тизимдаги санаторийларда соғломлаштириш учун бепул йўлланмалар билан таъминлаш режалаштирилган. Улардан 50 нафари “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида “Бўстон” санаторийсида кўтаринки кайфиятда кутиб олиндилар. Санаторийда барча хотин-қизлар тезкор тиббий кўрикдан ўткизилиб, барча зарур муолажалар ўтказилмоқда. Хусусан, улар клиник, биохимик  лаборатор тахлиллари,  ЭКГ , ультратовуш ва кольпоскопия аппарати текшируви, стоматолог, гинеколог  кўригидан  ўтказилиб, аниқ  ташхислаш ишлари амалга оширилмоқда. Электроуйқу,  магнит  билан  даволаш,  электронур,  лазер  нурлари,  ультратовуш  ва  юқори  частотали  токлар, иссиқлик муолажаларидан: шам-озокерит  апликациялари, гальванобалчиқ билан даволаш каби физиотерапевтик муолажалар ўтказилмоқда. Уқалаш, даволаш  жисмоний  тарбиясидан самарали фойдаланилмоқда. Энг асосий даволаш омили сифатида табиий шифобахш иқлим билан  даволаш, очиқ ҳавода юриш – терренкур, янги даволаш усулларидан “нордик юриш”, тошлар билан даволаш – стоунтерапия муолажалари ўтказилмоқда.

Турли аёллар касалликларининг олдини олиш мақсадида эрта ташхислаш, мутахассислар билан суҳбатлар ўтказиш, соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган махсус машғулотлар ташкил этиш, камқонлик, йод танқислигининг олдини олиш бўйича тўғри овқатланиш ҳақида маълумотлар бериш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, санаторийларда аёллар учун SPA, гўзаллик салонлари фаолияти ташкил этилган. Уларнинг мазмунли хордиқ чиқаришлари учун тиббий муолажалардан ташқари 12 кунлик маданий-маърифий  ва спорт тадбирлари дастури ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида дам олувчилар учун турли концерт дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар, “Сизнинг хаёт йўлингиз – биз учун ибрат” мавзусида уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, турли спорт мусобақалари, психологик ўйин ва тренинглар ўтказилмоқда.