Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари совғаси кутубхона фондини бойитди

9.12.2020.    Данғара ахборот-кутубхона марказининг фаолият бошлаганига бир тўлди. Бундан ропа-роса бир йил аввал мазкур зиё маскани фойдаланашга топширилган эди.

Ахборот-кутубхона марказининг бир ёшга тўлганлиги муносабати билан “Кутубхона — зиё маскани” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев, шоир Бобур Бобомуродовлар иштирок этиб, кутубхонага энг сара китоб тўпламларини совға қилишди.

Замон талабларига тўла жавоб берадиган ушбу кутубхонада китобсеварлар учун барча имкониятлар мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида      200 нафар китобхон ўтириб китоб ўқиши мумкин. Кутубхонада юқори тезликдаги интернет ва зарур адабиётларни электрон топиш имконияти мавжуд. Зиё маскани 36 минг китоб фондига эга бўлиб, 12 минг 500 китобнинг электрон нусхаси яратилган.

Тадбирда, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, келажак авлодни ҳар томонлама соғлом ва бақувват ҳамда баркамол қилиб  вояга етказиш, уларга мукаммал билим олишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.  Орзуларнинг калити фақат ва фақат илмда эканлиги, гарчи техника асрида яшаётган бўлсак ҳам, ҳаётимизда китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслигини қайд этилди.

Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, адабиёт, бадиий асарлар комиллик сари бошловчи маънавий сарчашмадир. Китоб ўқиб улғаяётган ҳар бир ёш авлод, албатта, замонавий технологиялардан ҳам унумли фойдаланиб, ўз билимини мустаҳкамлаб борса, фойдадан холи бўлмайди.

— Касаба уюшмалари томонидан совға қилинган китоблар кутубхонамиз фондини янада бойитди. Бу – барча китобхонларимизни севинтирди, — дейди Данғара ахборот-кутубхона маркази директори Сайёрахон Тўйчиева.

Тадбир доирасида ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 3 нафар эҳтиёжманд аёлга касаба уюшмалари томонидан тикув машиналари топширилди.

Шу куни ишчи гуруҳ туманда “Аёллар дафтари” бўйича ташкил этилган штаб фаолияти билан танишди. Иш кўлами ва сифатини ошириш, ишларни самарали ташкил этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.