[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.07.2023. Қува тумани тиббиёт бирлашмаси ҳисобчиси Шоҳсултон Зокиров навбатдаги меҳнат таътилига чиқади. Бироқ у ишга қайтганида тиббиёт бирлашмасига янги раҳбар тайинланган эди.

Меҳнат таътилини тугатиб, ўз иш жойига қайтган Ш.Зокировни негадир янги раҳбар унчалик хушламади. Орқаваротдан энди бошқа ишга келмаслигини, бу ерда унга иш йўқлигини айтади.

– Ҳеч қандай буйруқ чиқарилмасдан ишдан ҳайдалганини эшитган Ш.Зокиров тиббиёт бирлашмаси раҳбари Н.Мирзаматов билан учрашиб, масалага аниқлик киритмоқчи бўлади, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Зафаржон Қурбонов. – Аммо раҳбар уни тинглаб ҳам ўтирмайди ва унга бу ерда иш йўқлигини, ишдан бўшатилганини билдиради.

Шундан сўнг ноҳақ ишдан бўшатилган ходим адолат қарор топиши ва меҳнатга оид қонуний ҳуқуқлари тикланиши бўйича амалий ёрдам кўрсатишни сўраб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилади.

Унинг мурожаати касаба уюшма мутахассислари томонидан чуқур ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида мурожаатчи Ш.Зокиров Қува тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Н.Мирзаматов томонидан қонунга зид равишда ишга қўйилмагани маълум бўлди.

Касаба уюшмалари меҳнат ҳуқуқи поймол этилган ходимнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоялаб, суднинг қарори билан Қува тумани тиббиёт бирлашмаси ҳисобчиси Шоҳсултон Зокиров фойдасига мажбурий прогул кунлари учун 26 млн. 628 минг сўм, маънавий зарар учун 5 млн. 305 минг сўм маблағ ундириш белгиланишига эришди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати