Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмаси ва кимёгар ёшлар учрашуви

24.05.2024. Юртимизда ҳар йили май ойининг охирги якшанбасида нишонланадиган  “Кимёгарлар куни” кимё саноати ва фани ходимларининг касб байрами ҳисобланади. Мазкур сана олдидан Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Тошкент кимё технология институтида талаба ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент Кимё-технология институти Ёшлар масалалари, маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Б.Боборажабов, институт касаба уюшма қўмитаси раиси А.Абдураҳмонов, олийгоҳнинг ўқитувчи, профессорлари, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Н.Музаппарова, ташкилий ишлар бўйича бош мутахассис Ш.Очилова ва етакчи мутахассис Ш.Жўраева иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.

Учрашув давомида ёшларга тармоқ касаба уюшмаси томонидан тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар, шу жумладан ёш мутахассислар, талаба ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда менат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатини муҳофазалаш, саломатликларини мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш, маънавиятни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, мулоқот давомида спорт машғулотлари, ёшлар ўртасида саводхонлик масаласи, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, малака ошириш ва сиртқи бўлимларда олий маълумот олиш масалалари ҳусусида ҳам сўз борди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ёшларнинг фаоллигини ошириш, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг “2024 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури” ҳамда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, тармоқ тизимидаги Олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг илмий фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, “Устоз-шогирд” анъанасини муносиб давом эттириш ҳамда касаба уюшмалари кадрлар захирасини шакллантириб бориш мақсадида ўтказилган “Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши стипендияси учун” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Унда энг юқори балл тўплаган ва ғолиб деб топилган Тошкент Кимё-технология институти “Кимёвий моддалар технологияси” факультети талабаси Моҳина Муҳаммаджонова ҳамда “Менежмент ва профессионал таълим” факультети талабаси Давронбек Насриддинов Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши сертификати ва стипендияси, шунингдек эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари