Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Конвенция талаблари бажарилмоқда

12.10.2018. Мамлакатимиздаги иқтисодий жиҳатдан салоҳияти ҳамда нуфузига кўра етакчи корхоналардан бири ҳисобланмиш «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятида «Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳаси истиқболларига оид юз йиллик ташаббусини амалга оширишда касаба уюшмаларининг вазифалари» мавзуида минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Унда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясидан экспертлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ҳамда Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларидан вакиллар ва ­оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Минтақавий семинарни Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Нусратулла Пардаев кириш сўзи билан очиб, ишчи-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб иш шароитлари яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида маълумот берди.

Халқаро меҳнат ташкилоти бош директорининг махсус маслаҳатчиси Кари Тапиола ўз чиқишида ХМТнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенция­лари меъёр ва талаблари, корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларида иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат қонунчилиги ижросини таъминлаш, бу жараёнда касаба уюшмаларининг фаоллигини янада кучайтириш, ХМТнинг меҳнат соҳаси истиқболларига оид юз йиллик ташаббуси тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Бундан ташқари, тадбирда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Бутуневропа минтақавий кенгаши маслаҳатчиси Года Невераускайте, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюроси бош мутахассиси Гоча Александрия Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг навбатдаги конгрессида муҳокамага қўйиладиган масалалар, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) конвенциялари, хусусан, Ўзбекистон Рес­публикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялар, фуқароларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш хусусида сўз юритишди.
– Анжуманда касаба уюшмалари, иш берувчилар ва ишчи-ходимларнинг ўзаро муносабат-мулоқотини кучайтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси каби долзарб масалаларга тўхталиб ўтдик. Сўнг­­ги йилларда Ўзбекистонда халқаро конвенцияларга амал қилиш борасида катта ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бугунги семинарда ҳам ана шу ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини самарали таъминлаш, касаба уюшмаларининг жамият ҳаётидаги ролини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси бош мутахассиси Гоча Александрия.
– Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотига дунёнинг 187 та давлати аъзо. Бир қатор конвенциялар қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон уларнинг 14 тасини ратификация қилган. Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан ҳамкорликда бир қатор ҳудудларда ана шу конвенциялар ижроси билан танишдик. Кузатув давомида жойларда конвенция талаблари бажарилаётганига гувоҳ бўлдик. Бугунги семинарда Халқаро меҳнат ташкилотининг етакчи мутахассислари иштирокида ишчиларга муносиб меҳнат шарт-шароитларини яратиш, ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, болалар ва ўсмирларни мажбурий меҳнатга жалб этишнинг олдини олиш каби масалалар бўйича жаҳон тажрибаси ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ўйлайманки, ушбу тадбир мамлакатимизда меҳнат қонунчилигининг сифатли ижро этилишига хизмат қилади, – дейди «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Илҳом Ўринов.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши аппарати масъул ходимлари Федерация томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, чора-тадбирлар ҳақида сўз юритишди.
«Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамияти Бош директори Талъат Усмонов ҳамда корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Улуғбек Ўрозбоевнинг ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар, касаба уюшмасининг фаолияти ҳақидаги маълумоти ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар корхонанинг ижтимоий объектлари ва ишлаб чиқариш участкалари билан яқиндан танишди.