Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Коронавирус пандемияси даврида ходимлар ва иш берувчилар томонидан энг кўп берилаётган савол-жавоблар

21.04.2020. Меҳнат кодексида иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши шартлиги белгиланган.
Иш берувчи Коронавирус пандемияси даврида ишлаётган ходимларга қандай шароит яратиши керак?

– 22 мартдан бошлаб жамоат транспорти (автобус, метро ҳамда йўналишли такси) қатновлари вақтинча тўхтатилганлиги муносабати билан иш берувчи ходимларни иш жойларига келтириш ва уйига қайтариш бўйича дезинфекцияланган транспорт воситаси билан таъминлаш керак.
– ходимларга хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиши керак. Бунда, меҳнат шароитларига қўйилган талаблар билан бирга, қўллар учун антисептик воситалар билан таъминлаш, ходимларни инфекциядан ҳимояловчи воситалар (маска) билан таъминлаш, шунингдек, дезинфекция чораларини амалга ошириш.
– иш жойида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун шароит яратиш, иш жойида иситмаси бўлган ходимларни ишдан четлатилишини таъминлаш.
– тушлик вақтида иссиқ овқат билан тушлик қилишини таъминлаш.
– ходимлар ўртасида масофа имкон қадар сақлаш шароитини яратиш.
– иш ҳақини ўз вақтида тўланишини таъминлаш.
– ходимларни белгиланган иш вақтидан ортиқча ишлатиб толиқишларига йўл қўймаслик, чунки толиқиш инсонда иммунитет пасайишига олиб келади ва инфекция осон юқишига сабаб бўлади.

Мен давлат ишида (автомобил заводида) ишлайман. Эртадан 15 кунлик (иш жойимдан чиқмаган ҳолатда ишлаб, ўша жойда ётиб қолиб) ишлашимни айтишди. Муаммо шундаки уйда кекса онам ва мен (фақат иккимиз) яшаймиз. Агар мен 15 кунга ишга кетсам уйда онамни ёлғиз қолдириб кетишимга тўғри келади. Шунинг учун иш жойимдан меҳнат таътилини олишимга қонуний хуқуқим борми? Қандай йўл тутсам бўлади?
Бу ҳолат Меҳнат кодекси бўйича “меҳнат шартларини ўзгартириш” деб баҳоланади.
Иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.
Иш берувчи айрим тоифадаги ходимлар учун меҳнат шартларини ўзгартириш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик органлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олаши керак.
Иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин, бунда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.
Демак Сиз янги иш режимига юқоридаги қоидаларга амалқилингандан кейингина жалб этилишингиз мумкин.
Таътил эса иш берувчи томонидан касаба уюшмаси билан келишган ҳолда тасдиқланган меҳнат таътилларини бериш жадвалига биноан берилади.
Жадвалдан ташқари вақтда иш берувчи билан келишган холда таътил олишингиз мумкин бўлади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди