Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Коронавирус пандемияси даврида ходимлар ва иш берувчилар томонидан энг кўп берилаётган савол-жавоблар

30.04.2020. Пенсионер вафот этган тақдирда пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга икки ойлик пенсия миқдорида миқдорда дафн этиш нафақаси тўланади деб эшитгандим. Шу тўғрими?

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 63-моддаси 4-қисмини 2015 йил 1 январгача амалда бўлган таҳририда, пенсионер вафот этган тақдирда унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга икки ойлик пенсия миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробаридан оз бўлмаган миқдорда дафн этиш нафақаси тўланиши белгилаб қўйилган эди.

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 2014 йил4 декабрдаги ЎРҚ-379 сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига бир қатор ўзгартиришлар киритилган.

Шу жумладан мазкур Қонуннинг юқорида қайд этилган 63-моддасининг 4-қисми ҳам янги таҳрирда берилиб, унда – пенсионер вафот этган тақдирда унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида дафн этиш нафақаси тўланиши белгилаб қўйилди.

Мен Бир корхонада 10 йилдан зиёд ишладим. Охириги 4 йилда меҳнат таътилига чиқмаганман. Хозир ишдан бўшамоқчима. Фойдаланилмаган таътилларим “куйди” дейишапти. Шу тўғрими?

Йўқ тўғри эмас.

Амалиётда одамлар орасида фойдаланилмагн таътиллар тўғрисида турли гапларни эштамиз. Кимлардур – таътилдан икки йил фойдаланилмаса таътил “куяди” дейишса, кимлардир – “уч йилдан кейин таътил куяди” дейдилар.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-сон Пленум Қарори 48-бандида ҳам шунга эътибор қаратилган.

Демак, Сиз билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида (бунда меҳнат шартномаси қайси асосга кўра бекор қилиниши масалани моҳиятини ўзгартирмайди), сизга фойдалнилмаган барча асосий ва, агар бўлса, қўшимча таътиллар учун тегишли миқдорда пуллик компенсация тўланиша лозим.

Менга 2018 йил август ойида 127 000 сўм ортиқча иш ҳақи тўланган экан. 2019 йил июль ойи иш ҳақимдан шу пуллар мени огохлантирмасдан ушлаб қолинибди. Бухгалтериянинг харакатлари тўғрими? 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда – МК деб юритилади) 164-моддасида қайд этилишича, умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, – суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади:

1) Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;

2) суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;

3) иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун. Бундай ҳолларда иш берувчи авансни қайтариш ёки қарзни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёхуд ҳақ тўлаш нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан аванс ёки қарзни ушлаб қолиш ҳақида фармойиш беришга ҳақлидир. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёхуд бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган аванснинг ушлаб қолинишини асоссиз ёки миқдорини нотўғри деб ҳисобласа, у ҳолда қарз суд тартибида ундирилади;

4) ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, – таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун. Ана шу кунлар учун ҳақ меҳнат шартномаси МКнинг 89-моддаси тўртинчи қисмида (ходим янги иш шароитларида ишлашни рад этганлиги сабабли), 100-моддаси иккинчи қисмининг 1 ва 2-бандларида (технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги ва ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши), 106-моддасининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган (ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда ва шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда) асосларга кўра, шунингдек ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги муносабати билан бекор қилинганда ушлаб қолинмайди;

5) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса;

6) МКнинг 181-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун.

Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим.

Юқоридагилардан келиб чиққан холда айтиш керакки, агар Сизга ортиқча тўланган иш ҳақи, ҳисоблаб чиқариш натижасида эмас, балки қайсидур қонуний ҳужжатни ёки иш берувчининг буйруғини, ёхуд бошқа бир меъорни қўллаш натижасида юзага келган бўлса, бу ортиқча тўлов фақатгина Сизнинг розилигингиз билан қайтариб олиниши мумкин. Агар ортиқча тўлов айнан арифметик ҳисоб натижасида юзага келган бўлса, иш берувчи уни қайтариб олиш ҳақида тўлов амалга оширилгандан кейин бир ой ичида фармойиш беришга ҳақли эди. Саволдаги санадан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунда бу муддат ўтиб кетганлиги сабабли, қайтариб олиш масаласи фақатгина суд орқали ҳал қилиниши мумкин.

Тайёрлади Х. Премқулов 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлим мудири