Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Махтаарал аҳолисига Ўзбекистондан «Дўстлик карвони» юборилди

17.06.2020. Жорий йилнинг 17 июнь куни Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти, Махтаарал туманига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациялари вакиллари ташриф буюриб, Сардоба сув омборидаги техноген фалокат оқибатида сув тошқинидан зарар кўрган ҳудуд аҳолисига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатдилар.

Ўзбекистондан юбрилган «Дўстлик карвони»ни олиб борган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакили, Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси, Сенатор Нусратилла Пардаев қардошлик ва яқин қўшничилик алоқалари ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги дўстликнинг асоси эканлигини, бу алоқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан янги босқичга кўтарилганлигини алоҳида таъкидлади.

Махтаарал аҳолисига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан инсонпарварлик ёрдами, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари, ширинликлар, кўрпа-тўшак жиҳозлари, мактаб ўқувчилари учун парталар, интерактив доскалар ва санитар-гигиеник воситалари топширилди.

– Юртдошларим номидан Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмаларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – деди қозоғистонлик жамоат арбоби, сатирик Копен Амирбеков. – Махтаарал тумани аҳолиси Ўзбекистондан юборилган ушбу инсонпарварлик ёрдамидан жуда мамнун бўлдилар. Мазкур ёрдам туман аҳолисининг турмуш шароитларини тиклашда салмоқли кўмак бўлди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганларидек, юз берган техноген фалокат икки қардош халқни янада жипслаштирди.

– Халқимизда “Бирлиги бор элнинг белин ҳеч ким синдира олмас” деган нақл бор, – деди Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатыбалды Даулеталин. – Мана шундай шароитда жабр кўрганларни қардош ўзбек халқи ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмалари вакиллари сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудда олиб борилаётган тиклаш ишлари, аҳоли учун уй-жойлар қурилиши жараёнларининг бориши билан танишдилар. Шунингдек, маҳаллий аҳоли ва умумтаълим мактаблари раҳбарлари билан учрашиб, суҳбатлашдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати