Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси Президентимиз эътиборида

31.01.2018. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси сифатини ошириш ва фаровонлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши даражасига кўтарилди.  Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Қорақақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минглаб эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг  ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитлари яхшиланмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар республика бўйича 22 минг 155 та оила кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1087 нафар бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун қарийб 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 1800 га яқин оилага уй-жойини таъмирлаш учун эса 13,5 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволини ўрганиб, том маънода моддий ва маънавий кўмакка муҳтож оилаларни аниқладилар. Ўрганиш натижаларига кўра бугунги кунда эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар уй-жойларини таъмирлаш, маиший шароитларини яхшилаш, саломатликларини тиклаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимизнинг Миробод тумани, Фитрат маҳалласининг Эски Сарикўл кўчасида истиқомат қилувчи Дурдона Амонқулова ҳам тақдир тақазоси билан турмушда кўп қийинчиликларга дуч келди. 2 нафар фарзандини ёлғиз шзи тарбиялаш зиммасига тушди. Бунинг устига юрак қон-томир ва асаб касалликлари сабаб саломатлигида жиддий муаммолар юзага келди. Давлатимиз раҳбари томонидан оддий одамларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар Дурдона Амонқулова хонадонига ҳам етиб келди. Бугуни кунда у 1-сон Республика клиник шифохонасига жойлаштирилиб, барча зарур тиббий-диагностик ёрдам кўрсатилиб, тиббий муолажалар амалга оширилмоқда.

– Кўрсатилган малакали тиббий-ташхислаш ёрдами ва самарали муолажалар натижасида бугун ўзимни анча яхши ҳис қилмоқдаман. Соғлиғимда яхши томонга ўзгаришларни кўриб фарзандларим, онажоним кўзларига ёш олдилар, – дейди Д.Амонқулова. – Бизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар учун Президентимизга чин юракдан миннатдорчилик билдираман.

Чилонзор туманининг 20-мавзесида истиқомат қилаётган Воҳиджон Куданов болаликдан ногирон бўлиб, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлардан биридир. Ижтимоий кўмакка муҳтож бу йигит ҳам бугун юртимизда эҳтиёжманд  инсонларга кўрстилаётган эътибор ва амалий ёрдамдан баҳраманд бўлмоқда. Хусусан, унга саломатлигини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча дори-дармон воситалари топширилди. Унинг ҳол-аҳволини сўраб, амалга оширилаётган ташрифлар эса Воҳиджоннинг кўнглини тоғдек кўтармоқда.

– Шахсан Президентимизнинг ўзлари биз каби инсонларга алоҳида эътибор қаратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқдалар, – дейди В.Куданов. – Бундан бошимиз осмонга етмоқда. Ҳар куни қўлларимиз дуода. Амалга ошираётган барча эзгу ишлари минглаб одамларнинг турмуши яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.  1221 нафар кам таъминланган оила вакиллари эса маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилмоқда.

Бундай хайрли ишлар натижасида жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити мустаҳкамланиб бормоқда, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси Президентимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати