Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасидаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада эътроф этилди

02.03.2022. Жорий йилнинг 1 март куни Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2021 йилда пахта йиғим-терими мавсумида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа форматида ўтказилган мазкур тадбирда мутасадди вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари Федерацияси, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда 30 дан зиёд халқаро ташкилотларнинг, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки мутасаддилари ҳамда АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди.

Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер тадбирни очар экан, мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистон сезиларли ютуққа эришганини таъкидлади ва бундай салбий ҳолатга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Брифингда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган туб ислоҳотлар инсон хуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг маъсулиятини ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилган изчил чора-тадбирлар натижасида тарихан қисқа давр ичида мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Брифингда халқаро экспертлар болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этиш бўйича Ўзбекистон эришган ютуқларни алоҳида таъкидлар эканлар, мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибаси бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиши ва уни оммалаштириш жоизлигини эътироф этдилар. Шунингдек, мазкур йўналишлардаги ишларни амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этиб, ўз муносиб ҳиссасини қўшгани ҳорижий экспертлар томонидан қайд этилди. Хусусан, бир неча йиллар давомида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича миллий мониторинг ўтказилгани, халқаро ва миллий меҳнат стандартларини кенг оммага етказиш ва тарғиб этиш, меҳнат ҳуқуқлари бўйича хабардорликни ошириш мақсадида ахборот-тушунтириш кампанияси амалга оширилгани, аҳоли мурожаатларини зудлик билан ҳал этиш мақсадида касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси қошида қайта алоқа меҳанизми фаолият юритаётгани таъкидланди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар, хусусан соҳага бозор иқтисодиёти тамойилларининг кенг татбиқ этилиши, механизациялаштириш, меҳнат шароитларининг яхшиланиши, иш ҳақининг оширилиши мажбурий меҳнатнинг олдини олишга хизмат қилганлиги, асосийси, кучли сиёсий ирода ва ислоҳотларга комплекс ёндашув, яъни иқтисодий ислоҳотлар қатори ижтимоий масалаларга эътибор қаратилгани Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнатнинг бутунлай бартараф қилинишига хизмат қилганлиги алоҳида қайд этилди. Мажбурий меҳнатга қарши курашиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, соҳага оид миллий қонунчилик асосларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилгани, шунингдек, мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг фаол иштирок этаётганлиги, уларнинг фикрлари ҳамда тавсиялари давлат органлари томонидан доимо инобатга олинаётганлиги ва бу аниқланган муаммоларни тизимли бартараф этишда муҳим ўрин тутаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Брифингда ХМТ томонидан 2020 йилда пахта-йиғим терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижалари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Халқаро экспертлар ва хорижий давлатларнинг элчилари мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада тан олинаётганини, меҳнат муносабатларида халқаро стандартларнинг қўлланилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалар Федерацияси Матбуот хизмати