Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнат кодексининг билимдонлари аниқланди

19.01.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан 2023 йил декабр ва 2024 йил январь ойларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия Қўмитасининг 2022 йил 9 ноябрдаги 7-5-сонли “2022 йил 28 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тўғрисида”ги Қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда янги қабул қилинган Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини касаба уюшмалари фаолларига самарали етказиш ҳамда билимларини ошириш мақсадида “Меҳнат кодексини биласизми?” танлови ташкил этилди.

Танловда тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашларининг вилоят, туман ва шаҳарлардаги масъул раҳбарлари, вилоят Кенгаши аппарати ходимлари ҳамда ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирок этдилар.

Ташкилий қўмита томонидан “Меҳнат кодекси”нинг ҳар 25 та моддасидан тайёрланган 15 тадан тест саволлари махсус гуруҳда 23 кун давомида бериб борилди. Иштирокчилардан тест саволларига 15 дақиқа ичида тезкорлик билан тўғри жавоб бериш талаб этилди. Танлов жараёнида жами 375 та тест саволлари базаси яратилди. Танловда 18 нафар иштирокчи ғолиб деб топилди, – дейди танлов ташкилотчиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши бўлим мудири Аброр Отабоев.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, танлов доирасида иштирокчилар меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳиятини янада теранроқ англаб етдилар.

Шунингдек, ғолиблар иштирокида супер финал ташкил этилди. Унда барча саволларга тўғри жавоб берган Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Фаридахон Мирзааҳмедова Меҳнат кодексининг энг билимдони деб топилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгашида Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари А.Аҳмедов ва Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Исроиловлар иштирокида ғолибларни тантанали равишда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танлов ғолибларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Шоҳсултон Тўхтаматов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслахатчиси.