Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнат мажбурийликдан ҳоли бўлиши керак

31.07.2019. Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бўлганидек, таълим соҳасида ҳам катта кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳа ходимларининг келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом фикрлайдиган ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаши учун зарур шароитлар яратиб бериш мақсадида ўқитувчи ва мураббийларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, педагогларни ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган қўшимча ишлар билан банд қилиш ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилмоқда.

Аммо, айрим иш берувчилар ва раҳбарларнинг мазкур йўналишлардаги ишларга масъулиятсизлик билан қараши натижасида ҳозирги вақтда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётгани ачинарлидир.

Маълкумки, миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларимизда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда, ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши таъкидланган.

Касаба уюшмалари томонидан ҳам жамоа шартномаси ва меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш борасида корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг масъулияти кучайтирилди. Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан жойларда мажбурий меҳнат аломатлари аниқланганда тезкор хабар бериш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда  Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг “Ишонч телефонлари” қайд этилган 17 минг дона тарқатма материаллар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари орқали таълим, фан, маданият ва спорт муассасаларида барча учун кўринарли бўлган жойларга ўрнатилди.

Касаба уюшмалари Халқаро учинчи томон мониторинги лойиҳаси билан ҳамкорликни изчил давом эттирган ҳолда лойиҳа томонидан ташкил этилаётган тадбир ва тренингларга асосан касаба уюшмалари, хусусан, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тренерлари жалб қилинмоқда.

Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида касаба уюшма фаолларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 2018 йил давомида ва 2019 йилнинг бугунги кунига қадар 100 нафарга яқин Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг туман ва шаҳар кенгашлари раислари, 25 та йирик ташкилотдаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилиб, уларда мажбурий меҳнат элементлари, унга йўл қўймаслик борасида амал қилиниши лозим бўлган миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича билим ва кўникмалари оширилди. Худди шундай ўқувлар жорий йилнинг 2-ярмида ҳам давом эттирилиб, 200 нафардан ортиқ тармоқ касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларининг малакаси оширилади.

Охирги пайтларда дуч келинаётган мажбурий меҳнат ҳолатларининг аксариятига умумтаълим мактаблари ўқитувчилари жалб қилинаётгани сабабли иш берувчиларнинг миллий ва халқаро меҳнат стандартларидан хабардорлик даражасини ошириш мақсадида Авлоний номидаги Халк таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти​да малака оширадиган иш берувчилар – умумтаълим мактаблари директорлари учун режа асосида доимий ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Мазкур ўқув машғулотларида Халқаро ва миллий меҳнат стандартлари, бандлик, меҳнат муносабатларининг мазмун-моҳияти билан биргаликда мажбурий меҳнатни батамом бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар берилмоқда.

Бундан ташқари, барча туман, шаҳар кенгашлари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилиб, жойларда мажбурий меҳнат ва унинг элементлари, унга йўл қўймаслик, бу борада бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ва иш берувчиларнинг масъулияти юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳар ойнинг иккинчи сешанба куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Бошланғич ташкилотлар куни” сифатида белгиланган бўлиб, ушбу тадбир доирасида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги ходимлар бугунги кунгача 1600 дан ортиқ ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларида бўлдилар. Мазкур ташрифлар давомида меҳнат жамоаларида меҳнат муносабатларининг тўғри ташкил этилганлиги, мажбурий меҳнатга барҳам берилганлиги юзасидан меҳнаткашлар билан учрашувлар ташкил этилиб, очиқ мулоқотлар ўтказилди. Очиқ мулоқотлар давомида ходимлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшма ташкилотлари томонидан жойларда иш берувчиларга меҳнат жамоасида ноқонуний меҳнат муносабатлари ва мажбурий меҳнатга йўл қўймасликлари тўғрисида тақдимномалар киритилди.

Республикамизда меҳнат соҳасида халқаро ва миллий қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши юзасидан қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлсада, жойларда айрим раҳбарлар томонидан ходимларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларга, шу жумладан қурилиш ва ободонлаштириш ишларига жалб этиш ҳолатлари ҳали ҳам кузатилаётгани бу борада барчамизнинг масъулиятимизни оширишни талаб этади.

Шу ўринда иш берувчиларга, айниқса, мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган айрим раҳбарларга ходимларни ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган қўшимча ишлар билан банд қилиш уларни руҳий ва жисмоний толиқтириши ҳамда меҳнат унумдорлигига жиддий салбий таъсир қилишини унутмасликларини сўраб мурожаат қилмоқчимиз. Зеро мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бундай салбий иллатларга йўл қўймаслик бўйича барчадан бирдек масъулият талаб этади.

Шу ўринда айни кунда таълим соҳаси ходимларининг меҳнат таътилида бўлишига қарамай, ҳақ тўланмайдиган ишларга жалб этилаётганлиги ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка маълум бўлмоқда. Биргина мисол, жорий йилнинг 19 июль куни Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг Чуст туманидаги             9-умумтаълим мактаби ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатини ўрганди.

Ўрганиш жараёнида, Чуст тумани ХТБ мудири Шавкат Юлдашев ҳамда           9-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ педагоглари билан суҳбат ўтказилиб,            9-умумтаълим мактабида жорий йилнинг май ойидан бошланиб июль ойигача давом этиб келаётган қурилиш, ободонлаштириш ишларига навбатма навбат          50 фоизга яқин ўқитувчиларнинг жалб қилинганлиги аниқланди. Хусусан, барча педагоглар учун жорий йилнинг 11 ва 21 июнидан меҳнат таътили берилган бўлса-да, педагоглар таътил пайтида мактаб ҳудудини тозалаш, ғишт ва қум ташишга мажбур бўлишган.

Очиқ мулоқотлар давомида мазкур таълим муассасаси педагоглари томонидан мактабда ижтимоий-маънавий муҳитнинг яхши эмаслиги ва директор томонидан қонунбузилиш ҳолатларига тез-тез йўл қўйилиши, бундар уларнинг қаттиқ норози эканликлари билдирилди. Бунга қўшимча равишда тегишли видео ва  аудио фактлар ҳам тақдим этилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ўрганиш жараёнида айрим педагоглар ўз ҳохиши билан тозалаш ишларига келганликларини ҳам таъкидлаб ўтдилар. Албатта, уларга ўқитувчилар ўз ҳохиши билан ҳам меҳнат шартномасида белгиланган вазифалардан ташқари ишларни бажаришлари мумкин эмаслиги, чунки қурилишда бахтсиз ходиса рўй бериш эҳтимоли юқори бўлиб, айниқса, аёллар учун юк кўтариш талаблари қўпол равишда бузилишиги сабаб бўлиши мумкинлиги алоҳида уқтириб ўтилди. Шу билан бирга мактабдаги ободонлаштириш, қурилиш ва тозалаш ишларига жалб қилиш бўйича ходимларнинг ёзма розилиги ҳам мавжуд эмаслиги тушунтирилди.

Маълумки, ходим учун белгиланган кундалик иш муддатидан ташқари ишлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 124-моддасига асосан иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишларга албатта  ходимнинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг      130- ва 132-моддаларига кўра ходимларни дам олиш кунларида ишлатиш таъқиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

Меҳнат кодексининг 157-моддасига асосан эса, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки баробар миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёҳуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Меҳнат кодексининг 177-моддасига кўра, иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Ишчи гуруҳи томонидан туман ХТБга  тақдимнома киритилди. Тақдимномадан Чуст тумани 9-умумтаълим мактабида дам олиш кунлари ва меҳнат таътили даврида ободонлаштириш ишларига жалб қилинган ўқитувчилар рўйхатини тузган ҳолда уларга:

Меҳнат кодексининг 130-, 131-, 132-, 157-моддаларига асосан отгул бериш ёки икки ҳисса иш ҳақи тўлаш бўйича буйруқ чиқариш;

тумандаги барча мактабларда меҳна қилаётган педагогларнинг таътил олиши ҳолатини қатъий мониторинг қилиш ва келгусида меҳнат қонунчилиги талабларига ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишига қатъий риоя қилиш;

ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи бўйича саводхонлигини ошириш борасида август ойининг охирида семинар ташкил этиш масалалари ўрин олди.

Ушбу тақдимнома талабларини бажариш мақсадида 2019 йил 19 августида ХТБнинг 63-сонли буйруғи чиқарилиб, ижрога йўналтирилди.

Тумандаги 9-умумтаълим мактабида ХТБ буйруғи ижроси ва келгусида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши борасида Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан қатъий жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Республикамизда қонун устуворлигини, хусусан, педагогларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини қатъий таъминлаш мақсадида Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши иш берувчилар, қуйи бўғин тармоқ касаба уюшма ташкилотларини ва кенг жамоатчиликни қуйидаги масалаларда огоҳликка ва ҳамкорликка чақиради:

юртимизда бошланадиган пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат шаклларининг олдини олиш бўйича бошланғич касаба уюшма ташкилотлари билан биргаликда фаоллик кўрсатиш;

жойларда мажбурий меҳнатни олдини олишда ташаббус кўрсатган ҳолда иш берувчилар билан мазкур масалада доимий ижтимоий мулоқот ташкил этиш ва соҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва касаба уюшмаларининг 1092, 71-256-70-32 рақамли Ишонч телефонлари орқали хабар бериш.

Иш берувчилар эса ўз ходимларининг барча соҳадаги, хусусан, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, ҳар бир муассасада ходимларнинг меҳнат шартномаси асосида аниқ белгиланган хизмат вазифалари ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгилаб қўйилганлигини эслатган ҳолда, улардан ушбу йўналишдаги ҳуқуқий маданиятларини янада ошириш ва миллий ҳамда халқаро меҳнат стандартларига қатъий амал қилишни ёддан чиқармасликлари зарур.

Касаба уюшмалари меҳнат соҳасидаги мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ўз вазифаларига кўра, давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга қаратилган фаолиятини изчиллик билан давом эттиради.

Равшан Бедилов

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси