Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Меҳнатимизга яраша ҳақ оляпмиз, аммо…»

07.10.2022. Ҳар қандай муаммога ўзаро мулоқот, мунозара ва келишув орқали ечим топиш мумкин. Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси мутасаддилари буни теран тушунишади ва шу асосда иш юритиш пайида бўлишади. Хусусан, улар яқинда самарқанд вилоятининг бешта туманида амалий тадбир ўтказишди.

– Тизимдаги 7925 та ташкилотда ўн беш мингга яқин ходим меҳнат қилади, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Сайитмурод Ҳасанов. – Бироқ бу ташкилотларда касаба уюшмалари ва ходимларнинг вакиллик органлари фаолияти йўлга қўйилмаган. Шу боис «Меҳнаткашлар манфаатлари қандай ҳимоя қилинаяпти?» деган саволга жавоб топиш мушкул. Айниқса, фермер хўжаликларида ишловчилар ва мавсумий ишчилар талай имтиёзлардан бебаҳра қолишмоқда.

Касаба уюшма вакиллари Пайариқ туманидаги «Дунётепа» фермер хўжалиги даласида пахта тераётганлар билан юзма-юз мулоқотда бўлдилар. Учрашув самимий суҳбат ва ўзаро фикр алмашувлар руҳида ўтди. Бир гуруҳ илғор теримчилар уюшма томонидан рағбатлантирилди. Сўнгра уларнинг мулоҳазалари эшитилди.

– Мавсумий ишчиларнинг бирон-бир мақоми йўқ, шу боис меҳнати кўзга кўринмайди, – дея сўз бошлади Гулбаҳор исмли жувон. – Мана, ўзимдан қиёс. Мен, 15 йилдирки, эрта кўкламдан то қишга қадар ёлланиб ишлайман. Пахтани парваришлашда, чунончи, ягона ва чопиқ қилишда фермерларга кўмаклашаман. Кузда белимга этак боғлаб, ҳосилни йиғиб-териб олишда қатнашаман. Тўғри, меҳнатимга яраша ҳақ оламан, аммо инсонга моддий рағбатнинг ўзи кифоя қилмайди. Ахир, мен ҳам, менга ўхшаш бошқа кишилар ҳам сиҳатгоҳларда дам олгиси, ходимлар учун белгиланган имтиёзлардан фойдалангиси келади. Бунга эришиш учун эса ҳудуддаги фермерлар мавсумий ишчиларни ҳам ўз жамоаси таркибига киритиб, уларга доимий ишчи мақомини беришлари керак.

Бу таклиф кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Туман ҳокимлиги ва тармоқ ходимлари касаба уюшмасининг туман кенгаши масъуллари ҳудуддаги 447 та фермер хўжалигини тарғибот-ташвиқот орқали касаба уюшмалари сафига жалб этиш юзасидан келишиб олишди.

Эндиликда ижтимоий шериклик асосида Самарқанд туманидаги 575 та, Тойлоқ туманидаги 446 та, Нарпай туманидаги 216 та қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган ташкилотда касаба уюшмаси сафига бирлашиш бўйича илк қадамлар ташланди. Шунингдек, Каттақўрғон туманидаги 467 та агротизим корхонасида ҳам бошланғич касаба уюшма ташкилотини шакллантиришга киришилмоқда. Бундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг илк самараси ўлароқ, «Каттақўрғон ғалла кластер» ҳамда «Каттақўрғон уруғлик кластер» масъулияти чекланган жамиятларининг умумий йиғилиши қарори билан улар тармоқ касаба уюшмалари таркибига аъзоликка олинди.

Бинобарин, бугунги кунда меҳнатга муносиб шароит яратиш ва уни рағбатлантириш ишлари агросаноат тармоғида ҳам талаб даражасида олиб борилмоқда.

Нурилла Шамсиев