Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнаткашлар манфаатини ўйлаб

02.02.2022. Аён бир ҳақиқат шундан иборатки, мамлакатимизда касаба уюшмалари обрў-эътибори йилдан-йилга ортиб, юксалиб бормоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари кўп. Биринчидан, тизим олдига катта вазифалар қўйилган ва жойларда буни чуқур ҳис қилган ҳолда иш олиб борилаётир. Иккинчидан, тизимга нисбатан халқнинг умид ва ишончи сезиларли даражада ортди. Фуқаролар бирон-бир муаммога дуч келсалар, бевосита касаба уюшмаларига мурожаат қилиш кўникмасини ҳосил қилдилар. Мана шу икки омил халқни касаба уюшмаларига, касаба уюшмаларини халққа яқинлаштирди.

Фаолият кўлами кенгайса, таъсирчанлик ҳам ўз-ўзидан ортиб бориши амалда тасдиқланмоқда. Республика касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлимига келаётган турли мазмундаги мурожаатлар кескин кўпайгани ҳам бежиз эмас. Бу одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниётганидан, ҳуқуқий маданияти юксалаётганидан дарак беради.

2021 йилнинг дастлабки уч ойи да бўлим мутасаддилари иштирокида тармоқ касаба уюшмалари таркибидаги 3503 та юридик ташкилотда бир неча бор  конференциялар, умумий йиғилишлар ва ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ мавзуларда қизиқарли учрашувлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда мавжуд қонунчилигимизда қайд этилган меҳнат муносабатларига оид кўникмалар, янгилик ва ўзгаришлар тўғрисида фикр­мулоҳазалар  билдириш билан бирга,  жамоа шартномаларининг фойдали жиҳатлари ҳақида ҳам етарлича маълумот берилди. Айни паллада Навоий вилоятида юридик мақомга эга бўлган корхона, ташкилот, муассасаларнинг 99,5 фоизида жамоа шартномалари тузилгани ҳам ишлар янада яхшиланишини таъминламоқда.

Бўлим ходимлари ўтган бир йил давомида биргина «Навоий электрокимё заводи» акциядорлик жамиятининг ўз ишчи-ходимларига вақтида тўланмаган ойлик иш ҳақлари қарздорлиги масаласида ҳокимиятларга 5 марта, прокуратура органларига 2 марта, меҳнат-ҳуқуқ инспекциясига 1 марта, иш берувчига 2 марта тақдимнома киритди. Бунинг натижаси ўлароқ, меҳнаткашларнинг 157,2 млн. сўм миқдоридаги меҳнат ҳақлари ундириб берилди. Ўтган 12 ой давомида вилоятдаги 450 та корхона ва ташкилотда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган миқдорлари ҳақида тушунтириш ва жамоатчилик назорати ишлари олиб борилди. Шу жумладан, иш берувчилар ҳам, ишчи-ходимлар ҳам  2021 йилнинг сентябридан бошлаб  меҳнат ҳақи базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда, ойига 822 минг сўмдан кам бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ҳар бир корхона ва ташкилотда ишчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, керакли асбоб-анжомлар, турли ҳимоя воситалари билан таъминлаш масаласида ҳам бир талай тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилдики, бундан ушбу тадбирларда қатнаш ган барча ишчи-ходимлар, касаба уюшмалари вакиллари тегишли тушунчаларга эга бўлгани шубҳасиз.

Олимхон Бобомуродов

Республика касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи