Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Миллий мониторингга оид семинар-тренинг ўтказилди

27.09.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ўзбекистонда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини бажаришга кўмаклашиш” лойиҳаси билан ҳамкорликда Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳлари раҳбарлари ва Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ҳудудлар бўйича масъул ташкилотчилари учун “2019 йил пахта-йиғим терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт ва ташкилий-техник шароитлар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Ўқув-семинарда Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерацияси Кенгаши бўлим мудирлари, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ўзбекистонда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини бажаришга кўмаклашиш” лойиҳаси раҳбари в.б. А.Дубова, масъул ходими Д.Урунова, “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси раҳбари Й.Аструп ҳамда ХМТнинг Ўзбекистондаги миллий координатори А.Ханходжаевлар иштирок этишди.

Семинар-тренинг аввалида иштирокчилар унинг мақсади ва иш тартиби билан таништирилди. Шундан сўнг “Пахтачиликда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ХМТ ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳамкорлиги: ҳолат ва истиқболлар” тўғрисида Й.Аструп сўзга чиқиб, ХМТ билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида яхши ҳамкорлик йўлга қўйилгани, мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича биргаликда самарали ишлар олиб борилаётгани, айниқса, охирги икки йил ичида терим пулларининг сезиларли даражада оширилгани ижобий натижалар бераётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек жорий йилда Миллий мониторингда иштирок этиш чет эл касаба уюшмалари ташкилотлари вакилларининг таклиф қилинганлиги ва Федерация тизимидаги “Қайта алоқа механизми” фаолиятининг тизимли йўлга қўйилганини ижобий баҳолади. Хусусан, Йонас Аструпнинг фикрига кўра, ўтган йили ўтказилган Учинчи томон мониторингида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланиш ҳолатлари учрамаган.

Тадбир давомида касаба уюшмалари Федерацияси тизимида қайта алоқа механизми пахта йиғим-терими мавсуми давомида кечаю кундуз фаолият кўрсатиши, мажбурий меҳнат ҳолатлари рўй берса Федерациянинг 1092 қисқа рақамли “Ишонч телефони” ва телеграмдаги kasaba_bot каналига хабар бериш лозимлиги, мурожаатларни зудлик билан ўрганиб, юзага келган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилиши тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Семинар-тренингда таъкидланганидек, жорий йилги мавсум давомида миллий мобил алоқа операторлари орқали мажбурий меҳнат ҳолатлари бўлганда “Қайта алоқа механизми”га мурожаат қилишлари мумкинлиги тўғрисида барча абонентларга ўзбек ва рус тилларида хабарлар ҳар ҳафта жўнатиш тизими йўлга қўйилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари томонидан тадбир иштирокчиларига “2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиш тартиби ва услубиёти” ҳамда уни амалиётда қўллаш бўйича тақдимот ўтказилди.  Тақдимотда 2019 йилги Миллий мониторинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан ташкил этилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси билан ҳамкорликда ўтказилиши, ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби, уларнинг вазифалари, ҳаракат тартиби, саволномалардан фойдаланиш ва ҳисобот шаклларини қандай тўлдириш лозимлиги тўғрисида бтафсил маълумотлар берилди. “2019 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича “Вақтинчалик тартиб”да белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилиши, мавсум давомида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилиши борасида касаба уюшмалари томонидан олиб бориладиган жамоатчилик назорати тўғрисида тушунтириб берилди.

“Меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик асослари” тўғрисидаги тақдимотда меҳнат соҳасини тартибга солувчи ҳужжатлар турлари, жамоа шартномаси, жамоа келишувлари, уларни тузиш ва бажарилишини назорат қилиш, шунингдек, отрядларда вақтинчалик тузиладиган касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан жамоа музокаралари олиб бориш баёни намунаси ҳақида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек семинар-тренингда иштирокчиларни икки гуруҳга бўлган ҳолда гуруҳларда ишлаш бўйича амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди.

Хусусан, 1-гуруҳда ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарлари учун “Планшетларнинг дастурий таъминоти билан ишлаш бўйича амалий машғулот” ўтказилиб, уларга Миллий мониторинг жараёнида фойдаланиш учун планшетлар тарқатилди ҳамда улардан фойдаланиш амалда кўрсатиб берилди. 2-гуруҳда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ташкилотчилари учун “Отрядларда касаба уюшмаси ташкилотини тузиш ва жамоа музокараларини ўтказиш бўйича амалий машғулот” ўтказилиб, отрядларда касаба уюшмаси ташкилотларларини тузиш тартиби ва касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан фикрлар билдирилди.

Семинар-тренингда иштирокчиларга мавзуга оид 11 турдаги ҳужжатлар тўплами ва Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳлари раҳбарлари ҳамда аъзолари учун бейджиклар тарқатилди.

Иштирокчиларнинг фаоллиги билан жонли тарзда ўтган семинар-тренингда мавзуга оид барча саволларга жавоб берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати