Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Муаммони жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда

04.12.2020. Касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла вазирлиги ва тегишли ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари таркибида тузилган Республика Комиссияси томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги туман ва шаҳарларда хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, шу асосда “Аёллар дафтари”ни жорий этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад жойларда аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдир.

Мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар кўлами ва сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Фарғона вилоятига масъул бўлган Ишчи гуруҳ раҳбари Қ.Қирғизалиев ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Э.Нуралиев Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ташкил этилган штаблар фаолиятига амалий кўмак кўрсатдилар. Хусусан, вилоятнинг Ўзбекистон, Данғара, Фурқат ва Бағдод  туманларида Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозоров, вилоят прокурори У.Қосимов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Д.Ташходжаев, Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Нисбатхонов, шунингдек, шаҳар ва туманлардаги 4 сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишларда “Аёллар дафтари”ни жорий этишбўйича зарур тушунтиришлар берилди.

“Аёллар дафтари”ни шакллантириш жараёнида Бешариқ туманининг “Дўстлик” МФЙда яшовчи Маҳлиё Маматқулованинг оғир ижтимоий шароитда яшаб келаётгани аён бўлди. У билан суҳбатлашилганда шу кунгача “Тоза ҳудуд” ДУКга қарашли чиқинди саралаш биносида яшаб келаётганини маълум бўлди. Бешариқлик яна бир аёл – Жумагул Нурматова оиласи билан “Туркистон” фермер хўжалигига тегишли дала шийпонида яшаётгани аниқланди.

Мазкур иккала ҳолат ишчи гуруҳ томонидан дархол ўрганилиб, ушбу оилалар мушкулини осон қилиш, кўмак кўрсатиш, қолаверса, уларни уй-жой билан таъминлаш чоралари кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда Бешариқ тумани ва Марғилон шаҳарларидан ташқари 17 та ҳудудда 712 минг 992 нафар 30 ёшдан ошган аёллар истиқомат қилишади. Хонадонма-хонадон юриш орқали бугунгача уларнинг 671 минг 367 нафари билан хатлов ўтказилиб, турмуш шароитлари ўрганиб чиқилди.

Айни пайтда ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати