Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Муносиб меҳнат шароитларини яратиш – иш берувчиларнинг бурчи

06.07.2022. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг “Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича семинар тренингларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ 2022 йилнинг 6 июль куни Андижон вилоятида қўшма семинар ташкил этилди.

“Муносиб меҳнат шароитларини яратиш – иш берувчиларнинг бурчи” мавзусида ташкил этилган мазкур семинарда уч томонлама ижтимоий шериклар –  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси мутасаддилари сўзга чиқиб, ўз фаолиятлари  йўналишлари бўйича тўқимачилик саноати тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда муносиб меҳнат шароитларининг яратилиши борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди. Шунингдек, мазкур йўналишда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг ҳамкорлиги хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

– Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар айнан инсон омилини кучайтиришга, унинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда, – дея таъкидлади ўз сўзида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр махмадалиев. – Ходимлар учн муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби йўналишларда давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг ажралмас қисмидир.

Ходимларнинг меҳнати, ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси масаласи касаба уюшмалари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2020-2022 йиллар учун мўлжалланган Бош келишув турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, меҳнат ҳуқуқлари билан биргаликда уларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш ва хавфсиз иш ўринларини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан жамоат назоратини ўрнатиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Йил сайин жамоа шартномаларига киритилаётган меҳнат муҳофазасига оид меъёрларнинг салмоғи ортиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 1-ярмида жамоа шартномаларига меҳнат муҳофазаси бўйича киритилган чора-тадбирлар сони 2016 йилнинг 1-ярим йиллигидагига нисбатан қарийб 45 фоизга ортди. 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида жамоа шартномаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битимларида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун сарфланган маблағ миқдори эса 2016 йилга нисбатан 1,5 баробарга ортди. Шунингдек, бугунги кунга келиб, 2022 йил учун режалаштирилган тадбирларнинг 56,5 фоизи бажарилишига эришилди.

Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнат муҳофазасига доир 40 дан ортиқ норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди, таклифлар берилди ҳамда янгиларини ишлаб чиқишда иштирок этилди.

Ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш доирасида 240 корхона, ташкилот ва муассасалар ўрганилди.

Таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик, меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар бугун ўз ижобий натижасини бермоқда.

Семинарда “Муносиб меҳнат шароитларини яратиш – иш берувчиларнинг бурчи”, “Енгил саноат корхоналарида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасидаги ижтимоий шериклик”, “Ижтимоий-меҳнат муносабатларида иш берувчилар манфаати” мавзуларида уч томонлама ижтимоий шериклар вакилларининг маърузалари ҳам тингланди. Шунингдек, “Khantex Group” ва  “Dinar Group” Масъулияти чекланган жамиятлари Кластерлари вакиллари тўқимачилик корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими ҳолати хусусидаги фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Савол-жавоблар ва қизғин мунозараларга бой бўлган семинар якунида ходимлар учун зарур муносиб меҳнат шароитларини яратган 3 та тўқимачилик корхонасига Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг ташаккурномалари топширилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари