Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Офтобжон” болажонлар қалбига қувонч улашди

07.08.2023. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Навоийазот” АЖ корхонаси тасарруфидаги “Офтобжон” болаларни соғломлаштириш оромгоҳи Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудининг баҳаво масканида жойлашган бўлиб, ҳар йили юзлаб болажонларни бағрига чорлайди.

Жорий йилда ҳам масъуллар катта тайёргарлик ва мамнуният билан навбатдаги мавсумга оромгоҳ фаолиятини бошладилар ва ёз бўйи кўтаринки кайфиятда болажонлар учун хизмат кўрсатдилар.

Ёзги мавсум давомида оромгоҳга ота-оналар талабига кўра 1297 нафар болажонлар қабул қилиниб, уларни соғломлаштириш ва вақтларини мазмунли ўтишига бутун жамоа масъулият билан иш олиб бордилар.

Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан спорт жиҳозлари ва канцелярия моллари харид қилинди. Мавсум давомида ўтказиладиган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари режаси ишлаб чиқилиб тасдиқланди, оромгоҳ етакчи ва тарбиячиларининг иш режаси ишлаб чиқилди.

Ёз мавсумида дам олувчи болалар ва ходимларни хавфсизлигини таъминлаш учун Миллий гвардия, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги бошқармасидан ҳамда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўлимидан мутахассислар бириктирилди.

Дам олувчи болалар саломатлигини назорат қилиш учун Навоий шаҳар болалар марказий касалхонасидан 4 нафар тиббиёт ходимлари жалб этилди ва тез ёрдам тиббий автомашинаси бириктирилди.

Оромгоҳда санитария талабларига риоя этиш учун Навоий шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан ходимлар бириктирилиб назорати йўлга қўйилди. Оромгоҳга сифатли озиқ-овқат маҳсулотларни етказилиши таъминлаб борилди.

Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ва корхона касаба уюшмаси  қўмитаси томонидан дам олувчи болажонлар учун ҳар мавсумда қўғирчоқ театри томошалари, “Мир чудес” цирки, Навоий вилояти музейи ва “Лазер шоу” томошалари намойиши ташкил этилди.

Мавсум давомида 10 дан ортиқ  танловлар ўтказилди. Жумладан, “Эртаклар оламига саёхат”, “Энг яхши етакчи”, “Бугун мен супер юлдузман”, “Дунё рақслари” танлови, “Ўз қўлим билан таёрладим”, “Оромгоҳ маликаси”,  “Слайд шоу”, “Супер етакчи”,  “Супер тарбиячи”, “Қорақалпоқ сулуви” каби тадбирлар ўтказилди.

“Оромгоҳимда 5 та муҳим ташаббус” лойиҳасини ташкил этиш юзасидан мавсум давомида болажонлар рақс, расм чизиш, моҳир қўллар, инглиз тили, компьютер саводхонлиги каби тўгараклар фаолият олиб бориб, тўқишни, тикишни, юмшоқ ўйинчоқлар ясашни бисер тикишни, расм чизишни ва компьютерда ишлашни ўргандилар. Қизиқишлари устун болажонлар икки ва уч йўналишдаги тўгаракларда иштирок этдилар. Натижада тўгараклар орқали жами 1479 нафар иштирокчи болажонларни қамраб олишга эришилди.

Республика “Камалак” болалар ташкилоти билан ҳамкорликда “Ёз ўтмоқда соз” шиори остида “Иншолар” кўрик-танлови, “Қувноқ эстафета”, “Давлат рамзларини чизамиз” расмлар танлови, “Заковат” интеллектуал ўйини каби маданий-маърифий танловлар ташкил этилди. Навоий вилояти Ёшлар иттифоқи ташкилоти билан ҳамкорликда “Соғлом турмуш тарзи”, “Бирлашиб биз катта кучмиз” мавзуларида турли  лойиҳа  ва акциялар ўтказилди. Оромгоҳда ёз мавсумида “Жонажон Ўзбекистоним мангу бўл омон”, “Ватан-болалар нигоҳида”,“Ўзбекистон байроғи”, “Гиёҳвандлик аср вабоси”, “Сезгирлик барчанинг бурчидир”, “Биз бир элмиз, бир халқмиз ‒ Янги Ўзбекистонмиз”, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”, “Биз ўз ҳуқуқимизни биламиз”, “Ёш шоирлар”, “Ёш китобхон” мавзуларида вилоят маданият тарғибот маркази мутахассислари, ёзувчи ва шоирлардан иборат ишчи гуруҳи ҳамда  корхона касаба уюшмаси қўмитаси мутахассислари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди.

Спорт турларидан шахмат ва шашка бўйича оромгоҳ спартакиадаси, футбол бўйича оромгоҳ биринчилиги, стол тенниси, гуруҳлараро  мусобақалар, “Қувноқ стартлар” мусобақаси, югуриш бўйича эстафета, волейбол  бўйича оромгоҳ биринчилиги каби кўплаб мусобақалар ҳар бир болажонга олам-олам завқ улашди.

Вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси ҳамда корхона фавқулотда вазиятлар бўлими билан ҳамкорликда “Ёш қутқарувчи” танлови ўтказилди ва фаол иштирок этган болаларга эсдалик совғалари тарқатилди.

Оромгоҳда мавсум давомида тадбирларда фаол иштирок этган 730 нафар дам олувчи болалар совғалар, диплом, медаллар ҳамда болалар адабиётига мансуб эртак ва бадиий китоблар билан рағбатлантирилди ва оромгоҳда ёз мавсумида яхши иш олиб борган 40 нафар фаол тарбиячи ва етакчилар касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси