Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Президентимиз эътиборидан кўнглимиз тоғдек юксалди

18.03.2021. Президентимиз ташаббуслари билан йўлга қўйилган янги тизим – “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишлар бугун кенг қулоч ёймоқда.

Мазкур тизим асосида эҳтиёжманд, оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, улар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйишларида кўмаклашиш, томорқасидан фойдаланишлари учун имкониятлар яратиб бериш, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда улар учун Республикамизнинг турли ҳудудларига саёҳатлар ҳам ташкил этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун тизимли равишда саёҳатлар ташкил этилмоқда. Саёҳатлар давомида уларни тарихий масканлар, қадимий обидалар билан таништириш билан бирга маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.

Куни кеча Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган ва “Аёллар дафтари”га киритилган 50 нафар аёл учун Хоразм вилоятига бепул саёҳат ташкил этилди.

Жиззах вилоятининг узоқ қишлоқларидан келган, умрида биринчи бор саёҳатга чиққан аёлларда Хива ва Урганч шаҳарларининг тарихий обидалари, бетакрор архитектура ансамбллари, уста ҳунармандларнинг ижодига мансуб ҳунармандчилик намуналари бениҳоят катта таассурот қолдирди.

Таъкидлаш ўринлики бу тоифадаги хотин-қизлар учун ташкил этилган мазкур саёҳат биринчиси эмас. Бугунги кунгача вилоят бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган яна 178 нафар хотин-қиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кўҳна Хива ва ҳамиша навқирон Урганч шаҳарларига саёҳатларга олиб борилган эди.

Бу галги саёҳат давомида ҳам хотин-қизларнинг қувончлари юзу кўзларида ўз аксини топди. Шу вақтгача уй-рўзғор ишларидан ортиб уйидан узоққа чиқолмаган аёллар дил изҳорларини шундай баён этдилар:

– Эл-юртимиз равнақи учун жон куйдираётган, кам таъминланган оилалар ва биз каби эҳтиёжманд аёлларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Саёҳат давомида кўнглимиз тоғдек кўтарилиб, қалбимиз қувончга тўлди. Юртимизнинг мана шундай гўзалликларга бой гўшаларини кўриб завқ олдик. Албатта бу таассуротларимизни оила аъзоларимиз, фарзандларимиз билан бўлишамиз. Халқимиз фаровонлиги йўлида қайғуриб, улкан ишларни амалга ошираётган Давлатимиз раҳбарининг бошлари доимо омон бўлсин!

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати