Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Қувноқова кимдан хафа?

14.02.2022. Жиззах вилоятида тиббиёт ходимларининг ҳуқуқларини таъминлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Зарбдор тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамширалари Умида Қорабоева ҳамда Дилрабо Қувноқова Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Жиззах вилояти кенгашига арз қилишди.

Мурожаатда Умида Қорабоева кеч соат 18:00 дан 22:00гача иш вақти учун қўшимча 1,25 баравар миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган бўлса-да, иш берувчи томонидан унга қўшимча маблағ тўлаб берилмаганини, Дилрабо Қувноқова эса иш берувчи томонидан вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, мажбурий тиббий кўрик учун тўловларни ўз ҳисобидан тўлаб келганини баён этган.

Ҳар икки мурожаат Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Жиззах вилояти бўйича меҳнат инспекторлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва қайд этилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Жиззах вилояти кенгаши томонидан сўнг мазкур ҳолатлар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

2022 йилнинг 27 январидаги суднинг ҳал қилув қарорига кўра, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари тикланди.

Умуман олганда, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича меҳнат инспекторлари томонидан 2021 йил мобайнида тизимдаги 31 та тиббий муассасада ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари юзасидан мониторинг ўрганишлар олиб борилди. Уларнинг натижаси бўйича 509 нафар ходимнинг меҳнат қонунчилигига оид ҳуқуқлари тикланди, 128 нафар тиббиёт ходимига 138,1 миллион сўм миқдорида иш ҳақига тенглаштирилган қўшимча тўловлар тўлаб берилди. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг тиббий кўрик учун ўз ҳисобидан чиқимдор бўлишига йўл қўйилган 9 та тиббиёт муассасасидан 33,7 миллион сўм маблағ ходимлар ҳисобига ундирилди.

Мелитожи Якубов

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Жиззах вилояти кенгаши раиси