Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Республика ишчи гуруҳи Фарғонада: орзуларга йўл очилмоқда

30.04.2020. Президентимиз топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов раҳбарлигида ташкил этилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида хотин-қизлар муаммоларни ўрганмоқда.

Айни вақтда Фарғона вилоятида истиқомат қилаётган 3 млн. 700 минг аҳолининг 51 фоизини аёллар ташкил этади. Уларнинг 1052 нафари оғир турмуш шароитларида яшаб келмоқда.

Мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш ишчи гуруҳ фаолиятининг диққат марказида бўлди. Аввало, уларни доимий иш билан таъминлаш бўйича пухта режалар ишлаб чиқилди.

Тошлоқ тумани ҳокимлиги биносида ишсиз, доимий даромадга эга бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳ тавсияси билан истиқболли лойиҳалар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2,5 млрд. сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Тошлоқ туманида фаолият олиб бораётган «Тошлоқ саховат сервис» ва «Шахзодахон саховат инвест» хусусий корхонасида шу пайтгача 130 нафар хотин-қиз меҳнат қилиб келар эди. Хусусий корхона раҳбари Аъзимхон Саидхўжаев ўз лойиҳасини тақдим этгач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан иш кўламини янада кенгайтириш ва иш ўрнини кўпайтириш учун 1 млрд. сўм маблағ ажратилди.

— Қишлоғимиздаги ишсиз ўтирган аёлларни кўриб, корхонамиз фаолияти кенгайтиришни ва уларни иш билан таъминлашни дилимга тугиб юргандим. Лекин маблағсиз бу ишларни амалга ошириш қийин эди. “Яхши ният, ярим мол”, деганларидек республика ишчи гуруҳининг туманимизга ташрифи ниятимга, орзуларим ушалишига сабаб бўлди. Уларга корхонамиз фаолияти ва режалари ҳақда сўзлаб бердим. Лойиҳам маъқул бўлди ва корхонамиз фаолиятини кенгайтиришга зарур бўлган маблағни ўтказиб беришга қарор қилишди. Лойиҳанинг амалга ошиши натижасида туманимиздаги 250 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади, — дейди корхона раҳбари Азамхон Саидхўжаев.      

Қалъача Тошлоқ туманининг энг олисдаги қишлоғи. Ҳудуд аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Ишчи гуруҳ қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзини ўрганиб, кўп йиллардан бери фойдаланилмай турган 9 гектар ер майдони ишсиз, уйда ўтирган 35 нафар хотин-қизга (ҳар бирига 25 сотихдан) ажратиб берилди. Аҳамиятли жиҳати улар ерни ҳайдашда умуман қийналмайдиган бўлишди. Сабаби Федерация маблағлари ҳисобидан ҳайдов трактори олиб бериладиган бўлди. Шунингдек, экинларни суғориш учун қудуқ қазиб, сув ҳам чиқарилиб бериладиган бўлди.

Республика ишчи гуруҳнинг Фарғона вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.