Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ҳисобот-сайловда муносиб номзод сайланди

04.03.2020. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятида касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов Конференцияси ўтказилди. Унда 2015 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда жамоа шартномаси орқали амалга оширилган ишлар бажарилиши бўйича ҳисобот берилди.

Ҳисобот-сайлов Конференциясида “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятининг бошқарув раиси Сайдаҳмедов Ҳотам Анварович, Тармоқ Республика кенгаши раиси Халилова Мавжуда Ҳамдавмона, 550 нафар делегат ва 50 нафар таклиф этилганлар иштирок этди.

Айтиш керакки, бугунги кунда “Maxam-Chirchiq” АЖ корхонасида 8359 нафар касаба уюшмаси аъзоси фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан, 2265 нафарини хотин-қизлар ва 1667 нафарини ёш ишчи-ходимлар ташкил этади. “Maxam-Chirchiq” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси ва иш берувчи ўртасида меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тузилган жамоа шартномаси том маънода корхонада меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солиб турувчи ҳужжатга айланган. Хусусан, корхонада сўнгги йилларда ёш ишчи-ходимларни турмуш шароитини яхшилаш ва иш фаолияти давомида қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоа шартномаси орқали берилаётган имтиёз ва кафолатлар миқёси ортиб борган ва бу амалда бажариб келинган. Қолаверса жамоа шартномасида белгиланган ҳар бир банднинг бажарилишига жиддий аҳамият берилган. Музокара давомида сўзга чиққанлар шамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан аъзолар олдида ҳисобот бердилар. Хусусан, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.Абдуллаев ўз маърузасида сўнгги йилларда ишчи ва хизматчиларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий йўналишларда олиб борилаётган ишлар мазмунан ва шаклан такомиллаштирилганлигини ва бу  жараён давом этаётганлигини, меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар, ёшлар, болаларни манзилли қўллаб-қувватлаш таъминланганлигини, шу билан бирга, меҳнакашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш, туризмни йўлга қўйиш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини айтиб ўтди.

Тармоқ Республика кенгаши раиси М.Халилова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни ҳақида ва давлатимиз томонидан хотин-қизлар ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тармоқ Республика кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусида амалга ошириш лозим бўлган вазифалар ҳақида нутқ сўзлади.

Йиғилиш сўнггида асосий масалалардан бири бўлган корхона касаба уюшмаси раислигига қўйилган номзодлар орасидан делагатларнинг овоз бериш ҳуқуқи орқали сайлов ўтказиш бўлди. Сайлов натижаларига кўра кўпчилик овоз билан Б.Абдуллаев номзоди муносиб деб топилди ва келгуси беш йилга сайланди.

Ҳисобот-сайловда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича  раис маслаҳатчиси.