Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Спорт мусобақалари авиация ходимларини бир майдонга жамлади

01.08.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, меҳнат жамоаларида турли спорт тадбирларини ўтказиш, бу орқали спортнинг оммавийлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Худди шу мақсадларда Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ташаббуси билан тармоқ тизимидаги барча корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида стол тенниси бўйича Республика мусобақалари ўтказилди.

Мусобақаларда Республикамизнинг деярли барча вилоятлари ва Тошкент шаҳридан жами 21 та жамоа иштирок этди.

Стол тенниси мусобақалари эркаклар ва аёллар ўртасида ҳамда умумжамоа миқёсида ўтказилди.

Мазкур спорт мусобақалари нафақат спортнинг оммавийлигини  оширишга, балки авиаходимлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тажрибали ходимлар билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга ҳам имкон яратди, – деди Авиаходимлар касаба уюшмаси Республика кенгашининг маънавий-марифий ва спорт ишлари бўйича етакчи мутахассиси Шуҳрат Мамиров. – Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган дўстона беллашувлар давомида авиация ходимлари спорт соҳасида бор маҳоратларини кўрсатиб, қизиқарли ўйинларни намойиш этдилар.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда ярим финал босқичига етиб борган “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-2 жамоаси таркибидаги иштирокчи Б.Ахунджанов 3-ўринни қўлга киритди.

Финалдаги рақибига сўнгги партияда мағлуб бўлган “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-1 жамоаси иштирокчиси С.Хамроқулов 2-ўринга сазовор бўлди.

Мутлоқ ғолибликни “Мусобақанинг энг яхши теннисчиси” деб топилган “Ўзаэронавигация” маркази ДУК жамоаси вакили С.Шукуров қўлга киритди.

Аёллар ўртасидага баҳслар ҳам қизиқарли ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Хусусан соҳада меҳнат қилаётган хотин-қизлар стол тенниси мусобақаларида спорт усталари каби маҳоратларини намоён этдилар.

Аёллар ўртасида ёш бўлишига қарамай қўшиб берилган сўнгги сонияларгача матонат билан курашган “Ўзаэронавигация” маркази ДУК жамоаси вакили Н.Сим 3-ўринга муносиб деб топилди.

Сўнгги қўшимча партияда имкониятни бой берган “Урганч ҳалқаро аэропорти” МЧЖ жамоаси вакили Ю.Досчанова 2-ўринни эгаллади.

Бирорта рақибига имкон қолдирмаган “Қарши ҳалқаро аэропорти” МЧЖ жамоаси вакили Д.Хусанова мутлоқ чемпионликни қўлга киритди.

Жамолар ўртасида бўлиб ўтган муросасиз баҳсларга бой мусобақалар нафақат томошабинлар, балки, Ўзбекистон стол тенниси Федерацияси мураббийлари ва спорт усталарининг ҳам эътирофига сазовор бўлди.

Ярим финалда “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-1 ва “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-2 ҳамда “Ўзаэронавигация” маркази ДУК жамолари ўзаро куч синашдилар.

Узоқ давом этган партиялар натижаларига кўра “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-2 жамоаси 3-ўринни, “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-1 жамоаси 2-ўринни ва мусобақамизнинг мутлоқ ғолиби деб топилган “Ўзаэронавигация” маркази ДУК жамоаси 1-ўринни эгалладилар.

Барча ғолиблар тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан муносиб рағбатлантирилди. Уларга махсус диплом ва совғалар топширилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати