Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўқитувчилар касаба уюшмалари томонидан рағбатлантирилмоқда

30.09.2023. Ижтимоий тармоқларда “Қўрғонтепа тумани касаба уюшмаси ҳеч кимни рағбатлантирмайди, Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби касаба уюшмаси 1 октябрь – Устоз ва муаббийлар куни муносабати билан тадбир ташкил этиб, ходимларни мукофотлагани” тўғрисида чоп этилган постда айнан қайси тармоқ ёки ташкилот касаба уюшмаси тўғрисида гап кетаётгани мавҳум, яъни аниқ кўрсатилмаган. Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби касаба уюшмасининг иши ижобий мисол тариқасида келтирилганидан келиб чиққан ҳолда мазкур пост юзасидан таълим тармоғи, яъни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан шу куннинг ўзида ўрганиш ишлари амалга оширилди.

Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўрғонтепа туман бўлинма кенгаши томонидан касаба уюшма аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, касаба уюшма маблағлари ҳисобидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида 69 нафар касаба уюшма аъзоси ва уларнинг оила аъзолари санаторийларда дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун имтиёзли йўлланмалар билан таъминланган. Шунингдек, ёзги таътилда 72 нафар касаба уюшма аъзоси фарзандларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олдириш учун 30 миллион 450 минг сўмлик йўлланмалар олиб берилган. 2023 йил 24 август куни Қўрғонтепа туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида “Сифатли таълим – кучли жамият” шиори остида ўтказилган ўқитувчиларнинг Миллий форумида иштирок этган 116 нафар касаба уюшма аъзоси касаба уюшмалари совғалари билан тақдирланган.

Бундан ташқари жорий йилнинг 30 сентябрь куни “Ўқитувчи ва мурабиийлар куни” муносабати билан “Ўзбекистон” тўйхонасида катта байрам тадбири уюштирилиб, касаба уюшма аъзоси бўлган 300 нафар педагог ходим учун байрам дастурхони ташкил этилган ва иштирокчиларнинг барчасига Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўрғонтепа туман бўлинма кенгаши томонидан  байрам совғалари топширилган.

Шунингдек, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўрғонтепа туман бўлинма кенгаши томонидан эркак ва аёл ўқитувчилар ўртасида спортнинг волейбол, арқон тортиш, шахмат-шашка ва стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, уларда иштирок этган ўқитувчилар совғалар билан тақдирланган.

Шу билан бирга тумандаги 5-,11-, 13-, 29-, 15-, 17-, 31-, 43-, 45-, 49-, 50- сонли мактаблар ва 2-, 10-, 11-, 15-, 19-сонли мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига талабномаларга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. “Халқ таълими аълочиси” ва “Таълим фидойиси” мукофотларини олган Муқаддам Нуралиева, Раҳима Алимбоева ва Нигора Ибрагимова ҳам байрам муносабати билан рағбатлантирилган.