Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўқув семинар меҳнат муҳофазаси масаласига бағишланди

12.07.2017. Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги меҳнаткашларга яратиб бераётган шароитлар ва ҳуқуқлар ҳамда уларни назорат қилиш жиҳатидан дунёда илғор ҳисобланади. Ушбу қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда касаба уюшмалари ҳам фаол қатнашиб келмоқдалар.

Ушбу фикрлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Меҳнат жароҳати ва касб касаллиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш йўллари” мавзусида ўтказилган ўқув-семинарда алоҳида қайд этилди. Унда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг меҳнат муҳофазаси ҳамда ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассислари, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика тиббий ижтимоий экспертиза инспекцияси, Санитария-эпидемиология назорати маркази мутасаддилари ўз маъруза ва тақдимот материаллари билан иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларининг касб касалликларига чалинмасликларини таъминлаш мақсадида уларга тегишли тартибда даволаш-профилактика озиқ-овқат маҳсулотлари, хавфсизликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш мақсадида меҳнат қонунчилигига асосан шахсий ҳимоя воситалари иш берувчи хисобидан бепул берилади. Ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш ҳам иш берувчи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Газниқоб, кўзойнаклар, диэлектрик калиш, пояндоз, кийимлар, қўлқоплар ана шундай химоя воситаларига мисол бўла олади.

Ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, касб касалликлари ва меҳнатжа жароҳатланиш ҳолатларининг олдини олиш,  ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалардир.

“Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда касаба уюшмалари, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакилларга меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ўрганиш, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш хуқуқи берилган. Умуман олганда, касаба уюшмалари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 39 та норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва таклифлар берилди. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунини тарғиб қилиш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаларининг ташаббуси билан 220 дан зиёд ўқув-семинар ўтказилди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар фаолиятининг самарали ташкил этилиши иш берувчи томонидан ходимларга қулай меҳнат шароитлари яратилишида муҳим ўрин тутмоқда. Вакилларниг корхоналарда маъмурий-жамоатчилик назоратидаги иштироки меҳнат муҳофазаси соҳасида мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўрилишига имкон яратмоқда.

Шунингдек, семинарда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурларининг амалга оширилишига кўмаклашиш – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Турли соҳа ходимлари меҳнати, ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси борасида мунтазам равишда жамоатчилик назорати амалга оширилаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларга меҳнат жароҳати ва касб касаллиги билан боғлиқ тўловларни ўз вақтида тўланиши, шунингдек, ҳудудий тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан белгиланган ногиронлик гуруҳи ва фоизларининг нотўғри ҳисобланиши натижасида вужудга келган маблағларни қайта ҳисоблаш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида тўхталинди. Бундан ташқари, меҳнат шароитлари, уларга таъсир этувчи омиллар, иш жойларида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ходисаларнинг олдини олиш, зарар ва товон пулларини тўлаш тартиби каби масалалар муҳокама этилди.

Семинар баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати