Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Uzbekistan GTL»: Миллат қадди ва қадрига дахлдор гигант мажмуа

02.02.2022. «Бугун бафуржа ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Ўзбекистон энергетика соҳасидаги улкан ютуғимиз бўлмиш «Uzbekistan GTL» корхонаси ҳам мамлакат энергетика тармоғида ташкил этиладиган кластер тизимининг қалдирғочларидан бири бўлади.
Бироқ, шундай деймизу, бу муваффақиятга қандай эришганимиз, нималарнинг, қандай меҳнату жасоратнинг эвазига ушбу завод бунёд бўлганини кўпам ўйлайвермаймиз. Ҳаммаси оддий, шундай бўлиши керакдай туюлади, кўпчилигимизга.
Аслида ундай эмас. Чўлнинг қоқ марказида қад ростлаган ва бугун халқимизнинг фахрига, иқтисодиётимизнинг таянчига айланиши кутилаётган «Uzbekistan GTL»нинг дунёга келишини, ҳеч шубҳасиз, юксак ва метин сиёсий ирода маҳсули, дейиш мумкин.»

Шу йил январь ойининг бошида «Интерфакс» агентлиги Ўзбекистон Россияга газ экспортини тўхтатгани ҳақида хабар берди. Ўзбекистон ­Республикаси Энергетика вазирлиги ҳам тасдиқлаган маълумотдан англашиладики, 2022 йилда Ўзбекистон Россияга табиий газ етказиб беришни режалаштирмаётир.
«Интерфакс» хабарига кўра, 2018 йилда Ўзбекистон «Газпром»га 3,8 миллиард куб/метр газ етказиб берган, 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 миллиард кубга оширган, 2020 йилда эса экспорт тўхтатилган. Айнан шу йили «Газпром» туркман газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаган.
«Газпром экспорт» бош директори Елена Бурмистрова вазиятни «Марказий Осиё давлатлари ҳозир жуда жадал ривожланмоқда. Бу, биринчи навбатда, Ўзбекистонга тегишли. Биз бу мамлакатда истеъмолнинг катта ўсишини кузатяпмиз. Шу боис, табиийки, аҳолига газ етказиб бериш кенгаяди, чунки давлат газни ўз эҳтиёжлари учун йўналтиради», дея изоҳлаган.
Битта шу кичик ахборот атрофидаги тафсилотлар айни дамда Ўзбекистон тараққиётнинг қайси босқичига кўтарилаётганини аниқ-равшан кўрсатиб бера олади, назаримда.
Ҳа, иқтисодий сиёсат ўзгаряпти. Иқтисодиётни диверсификациялаш, тармоқларни модернизация қилишга ривожланишнинг асосий драйвери сифатида қаралаётир.
Шу ўринда миллий давлат учун мустаҳкам пойдевор бўла оладиган яна бир жиҳатни айтмоқчиман; мамлакат қанчалик табиий бойлик­ларга эга бўлмасин, иқтисодиётининг хомашё экспортига қарамлиги кўпам фойда келтирадиган, гуллатиб-яшнатадиган йўл эмас. Айниқса, экспортдаги имкониятлар чекланган бўлса, бу жиҳат иқтисодий ва ҳатто сиёсий босимларда ­ричаг вазифасини ҳам ўташи мумкин.
Сир эмас, минтақамиз энергия ресурслари сотуви жиҳатидан «тор доира» ичида қолган. Биқинимизда жойлашган икки «буюк» қўшни – Россия ва Хитой бугунгача минтақанинг асосий экспортёрлари сифатида қолаётир. Кўпчилик экспертларнинг иддаоларича, уларнинг минтақавий ва глобал қарашлари нуқтаи назаридан, Марказий Осиё бошқариладиган майдонлигича қолмоқда.
Буни таҳлилчилар шундай изоҳлашади: Россия­нинг қарашича, Хитой бу ерда таянчга эга бўлди; Хитойнинг қарашича, Россия бу ерда ўз меросини сақлаб қолмоқда.
Глазго университети тадқиқотчиси Марчин Качмарскининг «The Asian Forum» интернет нашрида «Нега Россия билан Хитой Марказий Осиёда рақобатлашмаяпти?» сарлавҳали мақоласида шу икки актор давлатнинг айнан минтақа энергетика бозорида тутган ўрнига баҳо берилади: «2000 йилларнинг бошидан бери Россия билан Хитой ўртасидаги минтақавий кучлар мувозанатида жиддий силжиш кузатилмоқда. Ўша пайтлари Хитой Россиянинг минтақадан табиий ресурслар, жумладан, нефть хомашёси ва табиий газни транзит қилиш монополиясини бекор қилишга уриниб келди. 2008-2009 йилларда рўй берган глобал иқтисодий бўҳрондан сўнг Пекин Марказий Осиё мамлакатларининг энг йирик иқтисодий шеригига айланди. 1990 ва 2000 йилларда Россиянинг Марказий Осиё энергетика сиёсатидаги асосий мақсади Европа Иттифоқига минтақанинг нефть ва газ ресурсларидан фойдаланишга халал беришдан иборат бўлди. Туркманистон газини транзит қилиш монополияси алоҳида аҳамият касб этди, бу «Газпром»га Марказий Осиёнинг арзон газини Европа бозорида қайта сотишдан анча-мунча фойда кўришига имкон берар, Европанинг эса собиқ совет маконидан газ олиши учун муқобил манбалар йўқ эди. 2007 йилда Россия, Қозоғистон, ва Туркманистон ушбу икки республиканинг газ конларини Россиянинг газ тармоғи билан боғлайдиган газ қувури тортиш ҳақида келишиб олди, бу Россиянинг минтақа устидан назоратини мустаҳкамлаши керак эди. Аммо лойиҳа амалга ошмай қолиб кетди, чунки бу соҳага Хитой қизиқиш билдира бошлади, Россия истамаса-да, буни қабул қилишга мажбур бўлди.
Хитой компаниялари Туркманистон ва Қозоғистон билан янги қувурлар тортиш ҳамда газ ва нефть етказиб бериш бўйича битимлар имзолади. Нефть билан газнинг нархи глобал миқёсда тушиб кетгандан сўнг 2009 йил апрелида Россия Туркманистондан газ импортини тўхтатди ва мавжуд шартномани қайта кўриб чиқишга уриниб кўрди, сабаби туркман газининг баҳоси «Газпром»га жуда қимматлик қилаётган эди… Туркманистондан Хитойга газ қувури тортишнинг якунланиши кейинги қадам бўлди ва у 2009 йилнинг декабрида фойдаланишга топширилди. «Газуруши» Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий рақобатининг муҳим кўриниши бўлди, аммо Россия оқибатда бозорни Хитойга бўшатиб берди…».
Ушбу мулоҳазалардан кўринадики, ­иқ­т­исодиёт, ­жумладан, энергетика соҳаси ҳам сиёсий-мафкуравий салмоққа эга. Ҳеч бўлмаганда, у босим ўтказиш ёки турли манёврларни амалга ошириш учун зарур пайтда «плацдарм» вазифасини ўташи мумкин. Бунинг глобал исботи сифатида айни қиш-қировли кунларда Россиядан Европага узалган «Шимолий оқим-2» газ йўлаги атрофида юз бераётган турли мунозараларни келтиришнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман.
Сир эмас, Хитой минтақамиздан энергетика ресурслари харид қиладиган энг йирик давлат. Маълумотларга кўра, Осмоности мамлакати 2019 йилда учта асосий газ етказиб берувчи мамлакат: Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан 50 миллиард куб метр табиий газ импорт қилди. Ўша йили Хитой газ импортининг умумий ҳажми 9,6 фоиз ошди ва «China National Petroleum Corp (CNPC)» корпорацияси «Covid-19» вируси кенг тарқалиб кетишидан олдин 2020 йилда табиий газга бўлган талаб 8,6 фоиз ўсишини башорат қилган эди. Бироқ бировнинг қўлига, шароитига қарамликнинг шундай нозик жиҳатлари борки, кутилмаганда у одамни фавқулодда эсанкиратиб қўйиши мумкин. 2020 йил шундай ҳолат кузатилди. Коронавирус сабаб Хитойнинг газга бўлган эҳтиёжи пасайиб кетди. Расмий Пекин келишувларни шартномаларда кўрсатилган форс-мажор ҳолатларни баҳона қилиб, вақтинча тўхтатиб қўйди…
Ташқи сиёсий тадқиқотлар институти (АҚШ, Фладельфия) қошидаги Евроосиё дастури таҳлилчиси Максимилиан Гесс 2020 йилда «Central Asian Analytical Network» (CAAN) сайтида эълон қилинган «Covid-19» вируси кенг тарқалишининг Хитой табиий газ импортига таъсири. Марказий Осиё форс-мажорни ўз фойдасига ишлата оладими?» деб номланган тадқиқотида айни шу жиҳатга эътибор қаратади ва минтақа давлатларининг газ экспортига қарамлигини қиёсий таҳлил этади.
Унинг фикрича, Туркманистон шу масалада ҳаммадан кўра Хитойга кўпроқ қарам бўлиб қолаётган минтақа давлати ҳисобланади. «…Айни пайтда туркман гази фақат Хитойга экспорт қилинмоқда. Бу газни, асосан, «Туркмангаз» «Багтиярлик» лойиҳаси доирасида етказиб бермоқда. Лойиҳа юритувчиси Хитойга тегишли «CNPC» бўлиб, у Туркманистондаги конлардан газ қазиб олувчи ягона чет эл компаниясидир. Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг илк тармоғи ишга туширилган 10 йил олдин Ашхобод йилига 50 миллиард куб метр – деярли барча газини Россияга экспорт қилаётган эди. 2010 йили икки мамлакат ўртасида газ экспорти масаласида можаро келиб чиқди. Ашхобод 2019 йилга келибгина Россияга 4 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартномага эга бўлди.
Бу борада Ўзбекистон билан боғлиқ вазият бундан фарқ қилади. Мамлакат Хитойга, 2019 йил маълумотларига қараганда, Туркманистон табиий гази ҳажмининг 1/3 қисмига тенг, яъни 10 миллиард куб метр етказиб бермоқда. Яқин келажакда Ўзбекистон газ етказиб беришни кўпайтириш эҳтимоли кам. Юқорида номи зикр этилган Марказий Осиё – Хитой газ қувури 2018 йил охиридан бери тўла қувват билан ишламоқда. Шу билан бирга, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-сотиқ қурилиш, технология, энергетика, шунингдек, нефть ва кимё саноати сингари соҳаларда кенгайиб бормоқда. Бунинг маъноси шуки, Ўзбекистоннинг Пекин билан иқтисодий муносабатлари, Туркманистонники билан солиштирганда, анча диверсификацияланган, шу сабабли Хитойда газга бўлган талабнинг пасайиши билан боғлиқ тарзда юзага келадиган потенциал шокнинг таъсири унга кам бўлиши шубҳасиз».
Мен юқорида гапни бекорга хорижий ОАВ ва халқаро экспертларнинг мамлакатимизнинг айни дамдаги энергетика сиёсатини маълум маънода таснифлаб берувчи мулоҳазалари ва хабарларидан бошламадим. Зотан, мавжуд масала ёки муаммони кенгроқ таҳлил қилиш ҳар доим уни яхшироқ англаб олишга ёрдам беради.
Энергетика соҳасида минтақамизда, жумладан, бизда ҳам муаммолар борлигидан ҳеч ким кўз юмолмайди. Афсуски, бу муаммоларнинг энг каттаси, албатта, сиёсий сабабларга бориб тақалади. Минтақадаги 90-йилларда мустақилликни қўлга киритган собиқ совет республикаларининг хомашё базаси «категория»сидан чиқолмагани, таассуфки, ушбу миллий давлатларни ­неоколаниал хавфларга рўбарў қилди.
Бироқ кўпчилик халқаро мутахассислар ­эътироф этишаётганидек, бу жараён қўшниларда турлича кечаётир. Кимдир узоқ йиллардан буён монолит шаклида қотиб турган вазиятни ўзгартиришга – миллий маҳсулотини ўзини қониқтирадиган нархда сотишга ёки саноатини диверсификациялашга, экспортдаги монополия тўридан сирғалиб чиқишга уринаётир, кимдир эса мудом эски йўлда турибди.
Айни зикр этилаётган масалада бугунга келиб Ўзбекистоннинг тутган йўли, юртимизда бошланган ўзгаришлар кўпчиликни қизиқтираётгани, ҳавасини келтираётгани бежиз эмас. Жумладан, яқингинада ён қўшнимиз Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев:
«Биз нефть-газ соҳасидаги мавжуд заводларни ремонт қилиш билан оворамиз. Қўшнимиз Ўзбекистон эса аллақачон 2-3 та янги заводни қуришнинг уддасидан чиқди. Бир қарашда одамнинг ҳаваси келади», дея мувафаққиятларимизни тан олиб, бизни ўз ҳукуматига ўрнак қилиб кўрсатиши, албатта, кайфиятни чоғ қилади.
Холисанилло айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатлари, маъжозий маънода айтганда, илҳом сарчашмалари бор.
Давлат сиёсатининг «самимий»лашуви, масалан, узоқ йиллик протекционизмдан воз кечилиши Ўзбекистон бозорини кенгроқ доирадаги шериклар учун очиб берди, Тошкентнинг асосий чет эллик сармоядорларга қарамлигини камайтирди.

Ўз ўрнида бу қадам мамлакат сиёсий иқлимига зарур илиқликни олиб кирди. Ва худди ташқи сиёсатимиз каби иқтисодиётимизни ҳам кенг векторли форматга олиб чиқди. Жумладан, энергетика бозоримизга янги шериклар – хориж компаниялари ва инвесторларининг кириб келиши мавжуд иқтисодий манзара қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Ўзбекистон халқаро инвесторлар ва молия институтлари диққат марказидан жой олди.
Эътибор қилинг, ўтган беш йил давомида нафақат Форс кўрфази атрофида, балки дунёда юксак нуфузга эга бўлган йирик Араб давлатлари компаниялари биз билан шериклик қилишни мақбул йўл, деб танлади. Масалан, сўнгги йиллар давомида биргина БААнинг «Masdar» ва «Mubadala Development» компаниялари Ўзбекистон ҳукумати билан 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш тўғрисида шартнома, Саудия Арабис­тонининг «ACWA Power» компанияси Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан умумий қиймати 2,5 миллиард АҚШ долларига тенг учта келишув имзолади.
Мамлакатимизда ушбу соҳани тубдан модернизация қилиш, фаолият ва форматни ўзгартириш, пировардда, тармоққа қайта тикланувчи ресурслар ва технологияларни жорий этишга ҳам истиқболнинг асосий шарти сифатида қаралаётир. Қолаверса, ушбу қадамни Ўзбекистоннинг бугун замонавий дунёда легитим қадрият ўлароқ қабул қилинаётган «яшил иқтисодиёт» сари ташланган дадил қадами сифатида қабул қилиш ўринли бўлади.
Энергетика вазирлиги тарқатган хабарга кўра, шу йилнинг 14 январида Президентимиз респуб­ликанинг 4 та вилоятида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича қарорлар имзолади. Ушбу ҳужжатга асосан, 2023 йил якунига қадар умумий қуввати 1 096,6 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади. Ушбу ­лойиҳа самараси ўлароқ, юртимизнинг чет ва тоғли туманлари бўлган Шеробод, Каттақўрғон, Ғаллаорол, Нуротада кўрсатилган муддат ичида умумий қуввати, ҳали айтганимиздай, 1096,6 МВт.га тенг қуёш фотоэлектр станциялари иш бош­лайди. Мазкур лойиҳаларга БААнинг «Masdar», Нидерландиянинг «Phanes Energy Holding III B.V.» компаниялари жалб этилган.
Айтаётган гапларимиз, келтираётган фактларимиз шуни дастаклайдики, мамлакатимизда иқтисодий, жумладан, энергетика экспортига бўлган қарамликка батамом барҳам бериш сиёсатимизнинг етакчи омилига айланган. Ҳатто, мен шундай ўйлайманки, Президент Шавкат ­Мирзиёев жафокаш халқимизнинг пешона тери билан топилаётган, етиштирилаётган неъматларни энди ўша ўйинчи (актор) савдо кампанияларига сув текинга бериб қўймоқчи эмас. У саноатни ҳам, қишлоқ хўжалигини ҳам янгилаб, дунё давлатлари билан ўртадаги муносабатни тенглаштирмоқчи. Кимнингдир бизга тепадан қараши, нима десам кўнаверади, деган хаёлда бўлишига узил-кесил нуқта қўймоқчи. Миллатнинг қадрини, давлатнинг салоҳиятини юқорига кўтармоқчи…
Гап миллий иқтисодиётнинг экспортга қарамлиги, хомашёдан тушадиган арзимас даромадга «ўтириб» қолиши ҳақида кетар экан, Ўзбекистонда бошланган иқтисодни диверсификациялаш жараёнлари, аввало, аграр соҳа – пахтачиликда бошланганини айтиш ўринли бўлади. Бугунга келиб, мамлакатимиз бир сиқим ҳам тола экспорт қилмаяпти. Етиштирилган ҳосил тўлиғича ўзимизда қайта ишланаётир.
Айни жараённи амалга ошириш учун иқтисодиётимиз ва ижтимоий ҳаётимизда мутлақо янги – пахта-тўқимачилик кластерлари тизими жорий этилди. Унинг самарасини биз аллақачон пайқаб бўлдик.
Энди ушбу усул энергетика соҳасида ҳам йўлга қўйилаётган экан, бу кечаётган жараёнлар, ўйлайманки, юқорида айтган, кўнглимда кечган фикрларни тасдиқлашга асос бўла олади.
Демак, Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда постсовет даврининг турли йилларида шаклланиб улгурган неоколаниал (янги мустамлакачилик) кайфият, иқтисодиётимиз ва тараққиётимизга тушов бўлиб турган занжирларни узиб улоқтирмоқчи.
Бугун бафуржа ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Ўзбекистон энергетика соҳасидаги улкан ютуғимиз бўлмиш «Uzbekistan GTL» корхонаси ҳам мамлакат энергетика тармоғида ташкил этиладиган кластер тизимининг қалдирғочларидан бири бўлади.
Бироқ, шундай деймизу, бу муваффақиятга қандай эришганимиз, нималарнинг, қандай меҳнату жасоратнинг эвазига ушбу завод бунёд бўлганини кўпам ўйлайвермаймиз. Ҳаммаси оддий, шундай бўлиши керакдай туюлади, кўпчилигимизга.
Аслида ундай эмас. Чўлнинг қоқ марказида қад ростлаган ва бугун халқимизнинг фахрига, иқтисодиётимизнинг таянчига айланиши кутилаётган «Uzbekistan GTL»нинг дунёга келишини, ҳеч шубҳасиз, юксак ва метин сиёсий ирода маҳсули, дейиш мумкин.

Якунланган 2021 йил моҳиятан иккита муҳим «босқич»ни ниҳоялаб берди.
Биринчидан, тўрт хонали «солнома»даги сўнгги рақам алмашган бўлса, иккинчидан, биз учун мазмунан хийла чуқур бўлган тафсилот – мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим босқич, тарихга «Янги Ўзбекистон ғоясига тамал тоши қўйилган давр» номи билан кириши мумкин бўлган дастлабки беш йиллик муддатга ҳам якун ясади.
Хўш, ўтган йилларда ҳаётимизда, турмушимизда нималар ўзгарди, ислоҳотлар миллий тафаккуримизда қандай эврилишлар ҳосил қилди? Биз яшаб ўтганимиз – беш йилни ижтимоий-сиёсий, фалсафий назарияларга чоғиштирмасдан яхлит, аниқ ва содда қилиб аташнинг имкони борми?
Албатта, мураккаб ва одамни ўйлантирадиган саволлар булар. Яна бир томони, ортда қолган йиллар ҳақида ҳамманинг ўз қараши, хулосаси ва тушунчаси бор. Аммо ушбу мулоҳазалар устида турувчи бир чизиқ борки, унга аҳамият бермаслик ёки кўздан қочириш одамни тўғри қарордан чалғитиши мумкин.
Кўпчилик таҳлилчилар, сиёсатчилар таъкид­лашаётганидек, Шавкат Мирзиёевнинг давлат тепасига келиши Ўзбекистондаги постсовет ўтиш даврини якунлаб берди.
Бу фикр билан тортишиб бўлмайди. Чунки у икки карра икки – тўрт, дегандай аниқ факт. Мантиқан қараганда, бир ҳаракатнинг оёқлаши ва иккинчисининг бошланиши доим амалдаги «силсила»да ўзгариш ясаши керак. Шундай ҳам бўлди: ўтмишда қолган 2017 йилнинг мамлакатни ривож­лантиришнинг беш муҳим йўналишини бағрида жамлаган «ҳаракатлар стратегияси» умумконцепцияси билан бошланишининг ўзи замон ҳам, сиёсат ҳам ўзгараётганининг далолати эди.
Қолаверса, ушбу ижтимоий-сиёсий ва феълан иқтисодий янгиланишларни нишонга олган режа, амалда давлат бошқарувидаги консерватив ва постколониал ақидалардан воз кечиб, нафақат жамият, балки ҳукмрон сиёсий элита тафаккурида, ахлоқида деконструкция – бугунгача амалда бўлган ва ҳатто миллий бошқарув инстутутларида қадриятга айланиб кетган тушунчалар, стереотип­ларни бузиш, дунёга янгича нигоҳ билан қараш ва ишлаш кўникмасини ҳам шакллантирди.
Мен жуда кўп қайтарилаётган ўзгаришлару бунёдкорликлардан кўра, маъжоз тили билан айт­ганда, унинг «руҳияти» ҳақида гапиришни маъқул кўраман. Чунки суръатдан кўра сийрат моҳиятни тўғри англашингизда кўпроқ ёрдам бериши мумкин, сизга. Шу маънода, чуқурроқ ўйласангиз, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга теранроқ назар солсангиз кўзингиз кўриб турган, ҳис этаётганингиз манзара қаердан озиқланаётганини англайсиз. Яъниким, ҳаётимизда юз берган ва бераётган янгиликлар ўз-ўзидан эмас, балки пухта ўйланган модель таъсирида юзага чиқаётганини, бу ўзгаришлар ўзига хос асосга эга эканлигини тушуниб етасиз.
Гап шундаки, барча жабҳаларда янгиланиш­ларнинг бир вақтнинг ўзида бошланиши бизда узоқ йиллар амалда бўлган «аввал иқтисод, ­кейин сиёсат» тамойилини четга суриб чиқарди. Бу ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан мамлакатда сиё­сатнинг ўзгараётганига, давлатнинг ёпиқ қаср ичидан чиқиб, халққа «кўриниш» бераётганига ишора эди. Қолаверса, янги бошқарувдаги либерал кайфият ва қарашлар замонавий дунёдаги легитим қадриятларга тўла мослашишга тайёрлигини кўрсатаётган эди.
Албатта, ўтмишни қоралаб ёки ундан кир қидириб ҳеч ким барака топган эмас. Инсофли одам бундай қилмайди ҳам. Бироқ хатолар доим бўлган ва бўлади. Унинг сабабини ўрганиш, таҳлил қилиш эса умуман бошқа масала. Аслида давлатни шакллантириш, жамиятни бунёд этиш ҳам фанга, илмга таянади. Шундай экан, масалага илмий-назарий жиҳатдан ёндашиш ҳеч қачон зарар қилмайди, менимча.
Мавзудан четлашмай гапирганда, кўпчилик назариётчиларимиз узоқ йиллар бизга жамиятдаги хийла тектоник соҳа – иқтисодиётда «ўтиш» даври кечаётганда ижтимоий-сиёсий йўналиш­ларни «босиб», жиловлаб туриш кераклигини уқтириб келишди. Шундай бўлди ҳам. Оқибатларини ҳам кўрдик. Хулоса шундай бўлдики, жамият худди табиатдек очиқ ҳолатда гуллаб-яшнар экан. Ёпиш, беркитиш, унинг фаолиятига ортиқча аралашиш уни сўлдирар экан.
Бугунга келиб ўша кўп гапирадиган ва биз доим ҳадиксираб келганимиз ялпи ислоҳотлар барча жабҳада бақамти олиб борилаётир. Қизиғи, «бизнинг жамиятда бу ижтимоий лойиҳаларни баравар қўллаб бўлмайди» деб келган ва биз хавфли санаган, одамларни ҳам шунга кўниктирган «важ» бугун аслида муваффақиятлар асоси ва драйвери бўлиб хизмат қилаётир.
Шу ўринда фикримизни дастаклаш учун кичик бир фактни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади, менимча. Инсоф билан айтганда, ижтимоий муаммолар керагидан ортиқ йиғилган ҳамда турли минтақавий ва глобал хатарлар бор, дея ишонилган бир пайтда мамлакатда деярли 25 йилдан буён оғзи беркитилиб келаётган матбуотни очиш, одамларга ўз фикрини айтиш учун минбар бериш… Бу жуда катта таваккалчилик эди. Буни Президент билмасмиди? Биларди, албатта!
Мана шу ўринда Шавкат Мирзиёев фаолиятидаги асосий қудрат манбаи – сиёсий ирода кўзга яққолроқ кўрина бошлади. У яна шуни яхши анг­лаб етган эдики, бу йўл мўлжалга олинган марра сари элтадиган энг тўғри ва самарали йўл эди: одамларни эшитиш, уларнинг дардига қулоқ тутиш, бошланаётган ишларни эл-улус билан ҳамжиҳатликда амалга ошириш, миллатни илҳомлантириш, ўз ортидан эргаштириш, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш… Зикр этилаётган шу жиҳатлар, айтиш мумкин бўлса, Шавкат ­Мирзиёев муваффақиятларининг ўзаги эди.
Мамлакатнинг «очилиши» ҳамда ташқи ва ички сиёсатдаги самимият тез муддатда қўшниларнинг, қолаверса, ташқи дунёнинг бизга нисбатан қарашларини қайта кўриб чиқишга ундади. Албатта, умумий тарзда ва лўнда айтилган ушбу мулоҳаза жамият ҳаёти ва сиёсатдаги кенг кўламли ислоҳотларни тўла очиб бера олмаслиги мумкин. Бироқ ушбу жиҳатлар замонавий Ўзбекистоннинг дунё харитасида қайта балқиб чиқишидаги асосий ҳаракатлантирувчи куч, айтиш ўринли бўлса, унинг руҳи сифатида тилга олиниши шубҳасиз. Ҳақиқат шундаки, эндиликда мамлакат қиёфаси «чизилаётган»да қора ранглардан фойдаланиш деярли йўқолди.
Кўпчилик минтақавий ва халқаро экспертлар бугунги Ўзбекистон ҳақида гапирар экан, глобал ислоҳотларга самимий муносабат билдириб келаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бироқ бўлаётган ўзгаришлар ҳақида писанда қилувчилар, дейлик, «Янги Ўзбекистон» атамасига қитмирона мийиғида кулиб қўяётган «оғайни»ларимиз ҳам йўқ эмас.
Аммо ҳаёт шундай ҳикматларга тўлаки, баъзан у сен инкор қилаётган ҳақиқатларни дастак­лаб сенинг ўзингни рад қилиши ҳам мумкин. Бутун бошли бир давлат ва жамиятнинг йўлини тусловчи ушбу ижтимоий-сиёсий эпитет – «Янги Ўзбекистон» атамаси бугун мана, янги даврни сифатловчи бир истилоҳ ўлароқ қўшни давлатлар ҳукуматлари, давлат раҳбарлари томонидан ҳам нафақат тан олина, балки ўзлаштирила бошланди. Жумладан, Қозоғистондаги охирги воқеалардан сўнг, Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг «Биз биргаликда янги Қозоғистонни қурамиз», деган чақириқларини бугун дунё ОАВлари, ижтимоий тармоқлар кунда-кунора бериб турибди. Ундан сал олдин Қирғиз сиёсий платформасида ҳам айни шу форматдаги гап-сўзлар бўлгани ҳақида ахборот манбаларидан яхши хабардормиз.
Очиғи, мен Президентимиз бундан анча илгари «биз эргашувчи эмас, эргаштирувчи миллат бўлишимиз керак», деган гапларига шунчаки бир орзу ёки сиёсий риторика сифатида қараган эканман. Бироқ вақт олий ҳакам, дейдилар. У ёлғонни ҳам, ростни ҳам, адолату ҳақиқатни ҳам, ­туҳмату хиёнатни ҳам юзага чиқариб кетаверади. Бу ҳикматни англаган одам англайди, тушунмагани ҳуштагини чалиб ўтиб кетаверади…
Беш йил ортда қолди. Эришилган муваффақиятлар кўп. Кейинги йилларга режа қилиниб тамал тоши қўйилганлари улардан ҳам кўп. Йил тугаётган маҳаллар Президентнинг кун тартиби бироз тиғизлашганини ҳаммамиз сездик. Ҳали у вилоят, ҳали бу корхона ёки лойиҳа, хуллас, ўзининг ҳам атрофдаги масъулларнинг ҳам қўли-қўлига тегмай қолди. Бу бесабаб эмас эди, назаримда. Нимага десангиз, бу пайтга келиб, юқорида айтганимиздек, нафақат йил якунланаётган, балки у президентлик муддатининг дастлабки даврини якунлаган ва адолатли ўтган сайловда ғолиб чиқиб, янги марраларни кўзлаб олдинга интилаётган, ўтган беш йиллик муддатда жонажон халқи олдидаги муқаддас фарзандлик бурчи – бажарган ишларини сарҳисоб қилаётган эди.
Тўғри, бу ҳақда айнан шу тарзда на Юртбошимизнинг ўзи, на матбуот расман эълон қилди. Бироқ воқеалар ривожидан буни тусмоллаш қийин эмас эди. Мана, Президентнинг биргина декабрнинг сўнгги кунларида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида суюлтирилган синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган «Uzbekistan GTL» заводи очилиш маросимида сўзлаган нутқидан бир иқтибос келтираман: «…Сизларга яхши маълумки, якунланаётган 2021 йилнинг ўзида мамлакатимизда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, «Навоийазот»да – аммиак, карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқарадиган мажмуалар, Навоий кон-металлургия комбинатида – бешинчи ва еттинчи гидрометаллургия заводлари, Карманада – биринчи қуёш электр станцияси ишга туширилди…».
Булардан ташқари, Президент айни ўша давр­да Ўзбекистон иқтисодиёти учун улкан аҳамиятга эга бўлган яна бир гигант саноат мажмуаси – «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш бўйича амалга оширилаётган 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа ижросини кўздан кечирди. Албатта, бу гаплар гапирганда оғизнинг бир учидан учиб чиқиб кетиши мумкин. Аммо бундай ютуқларга эришишнинг ўзи ўта мураккаб иш. Президентнинг мазкур мажмуага сафари фонида ОАВда, ижтимоий тармоқларда бир-биридан қизиқарли шарҳлар, таҳлиллар берилди. Улардан бирида ёш иқтисодчиларимиздан бири ўз ­телеграм каналида шундай ёзади: «Кеча кўп ёзилган «Ёшлик-1» конида 5000 тонналик олтин, 45 миллион тонналик мис захиралари аниқланган. Ўзингизга тасаввур қилиш учун кондаги олтин захираларининг қиймати бугунги котировкада 289 миллиард доллар, мисники эса 432 миллиард доллар, жами 721 миллиард доллар бўлади. Бу ҳозирги Ўзбекистоннинг 12 йиллик ЯИМи, ёки жон бошига 20600 доллардан дегани…»
Табиийки, бундай хабарлар барчамизни қувонтиради, эртамизга ишончни мустаҳкамлайди. Гап Олмалиқда бошланган «Ёшлик-1» кони ва умуман, мис ишлаб чиқариш ҳақида кетар экан, ушбу ноёб металлнинг яқин келажакда дунё иқтисодиётида, жумладан, энергетика соҳасида энг ноёб унсурга айланиши ҳақидаги глобал таҳлилларни ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Масалан, яқинда Жаҳон Иқтисодий Форуми сайтида USM асосчиси Алишер Усмоновнинг яқин келажакда дунё энергетика «иқлими»га оид таҳлилий мақоласи эълон қилинди. Унда тадбиркор айнан мис келажак энергияси тақдирини ҳал этишда асосий ўринга кўтарилишини келтириб ўтади.

«2040 йилга бориб мисга бўлган талаб 2,7 баробар ошади, бу металл қайта тикланадиган энергия технологиялари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Мис глобал энергетика тизимида муҳим роль ўйнайди. Мис кўпинча «янги олтин», «янги нефть» ёки ҳатто «келажак металли» деб номланади, чунки у паст углеродли иқтисодиётлар ва юқори технологияли саноатда ажралмас роль ўйнайди. Ушбу металл қайта тикланадиган энергия технологиялари учун ҳам муҳим бўлади», деб ёзади Усмонов.

Ўйлайманки, келтирилган ушбу мухтасар иқтибослар Олмалиқда бунёд этилаётган мажмуанинг аҳамиятини ҳам, Шавкат Мирзиёев айни дамда неча йиллар наридаги келажак учун бош қотираётганини, куйиб-пишаётганини ҳам очиб беришга яхши мисол бўла олади.

Аммо бу ишлар хамирдан қил суғургандек силлиққина битмаётгани, унинг ортида катта меҳнат, жасорат борлигини ҳам унутмаслигимиз керак бўлади.
Биргина юқорида айтганимиз ва ушбу мақола ёзилишига асосий сабаблардан бири бўлган гигант, шу билан бирга дунёда муқобили кам бўлган улкан саноат мажмуаси – «Uzbekistan GTL»нинг «дунёга келиш» тарихи ҳам жуда қизиқ тафсилотларга тўла. Жумладан, 2000 йилнинг сўнггида бошланган ушбу лойиҳа бир оз муддат ўтиб «музлатиб» қўйилганди. Бунинг сабаблари эса кўп эди.
Ушбу мақола айнан шу заводнинг дунёга келиш тарихи ҳамда миллий иқтисодимиздаги аҳамияти ҳақида экан, бу тўғрида сал кейинроқ муфассал маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Ҳозир эса унинг «ташлаб» қўйилишига оид асл сабабларни келтиришимиз мумкин: биринчидан, ўша маҳаллар дунё нефть бозорида нарх беқарор эди, деб изоҳ беришади таҳлилчилар. Қолаверса, ўша даврда бунинг ипидан игнасигача ўрганиб, ҳисоб-китоб қилиб чиқадиган, истиқболини исботлаб берадиган мутахассис ҳам, бу ишга юраги ёниб ҳаракат қиладиган иштиёқманд ҳам йўқ эди, қўшимча қилишади улар.
Ҳақиқатан ҳам, у пайтлар шубҳаланишга, иккиланишга етарлича сабаблар бор эди. Қолаверса, юқорида тилга олганимиздек, протекционизм нафақат иқтисодиётда, балки ички ва ташқи сиёсатда ҳам асосий принцип мақомини эгаллаган, очиқки, бу чет инвесторларининг хавотирини ошираётганди…
Майли, бу алоҳида мавзу. Хуллас, мажмуа «тақдири»нинг аро йўлда қолишининг иккинчи сабаби ва масаланинг энг муҳим жиҳати, назаримда, пул билан боғлиқ эди. Аввало, бунча катта (тўрт миллиард долларга яқин) маблағни биргина лойиҳа учун йўналтириш иқтисодиётни чўккалатиб қўйиши мумкин эди. Шунинг учун лойиҳа бош­ланишида шерикчилик йўли тўғри йўл, деб танланди. Жараёнга инвестор сифатида – Жанубий Африканинг «Sasol» компанияси таклиф этилди. Бошланган лойиҳанинг келишув шартига кўра, корхонанинг 33 фоизлик улуши бизга, қолган 64 фоизи эса чет эл корхонасига тегишли, деб белгиланди.
Бундан кўринадики, гарчи ушбу мажмуа бизнинг заминда қад ростлаётган ва ўзимизнинг табиий бойлик ҳисобига ишлаётган бўлса-да, унга асосий эгалик қилиш ҳуқуқи хорижий ширкатда бўлган. Демак, у кимни ишга олиш, нима ва қанча ишлаб чиқариш ҳамда кимга неча пулдан сотишни ўзи ҳал қилиш ҳуқуқини қўлга киритган… (сал аввал айтганимиз янги мустамлакачилик).
Бироқ шунча устунлик ҳам инвесторларни мамлакатимизда қолишга ва лойиҳани амалга оширишга илҳомлантира олмаган. Сабаб эса ўша даврлардаги сиёсатимиз билан боғлиқ эди. Албатта, биз бу ўринда ўзимизни турли йўллар билан овунтиришни биламиз. Масалан, юқорида айтганимиздек, нефть нархининг беқарорлиги, маблағ муаммоси… Тўғри, бу сабаблар биз учун чиндан ҳам ҳисоблашадиган муаммо бўлиши, ҳатто буни арзирли важ, деб қабул қилишимиз ҳам мумкин. Аммо дунё нефть-газ бозорида гигант бўлган йирик компаниялар учун бундай «тўсиқ»лар ниҳоятда майда ҳисобланиши турган гап.
Хуллас, ушбу йирик чет эл ширкати турли сабабларни рўкач қилиб мамлакатдан чиқиб кетгандан кейин лойиҳа тақдири янада мавҳумлашди. Одамлар, ҳатто мутахассисларнинг ҳам унинг бунёд бўлишига ишончи сўна бош­лади.
Бироқ, 2017 йил ушбу лойиҳа билан танишишга ва уни қайта оёққа қўйишга Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди ва унинг бош­ланишига старт берди. Бугун шу улкан лойиҳа ишга тушди. Уч миллиард тўрт юз миллион долларлик гигант газ-кимё мажмуаси нафақат минтақада, балки МДҲда ягона. Жаҳондаги беш шундай турдош корхонанинг сўнггиси, замонавийси ва улар ичида ҳам энг йиригидир.
Энг муҳими, ушбу заводнинг юз фоиз эгалик ҳуқуқи ўзимизнинг қўлимизда. Уни қандай ишлатиш, кимларни ишлатишни ўзимиз ҳал қиламиз. Кимдир бизга шу мажмуани восита қилиб сиёсий ёки иқтисодий босим қилишга ёки йўриғига солишга уриниб кўришига асло йўл йўқ энди.
Ўрни келганда бир гапни айтмоқчиман. Ҳали мазкур йирик лойиҳанинг Ўзбекистонда амалга оширилишига ҳеч кимнинг кўзи етмагани ва бунинг сабаблари ҳақида гапирдик. Модомики, гап шу тўғрида кетар экан, бу борадаги мулоҳазаларимни охирига етказиб қўйсам ўринли бўлади.
Мен шахсан ўзим шу заводнинг очилиш маросимида иштирок этдим. Мажмуанинг салобати, у ерда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлдим. Ишчи-хизматчилар, мутахассислар, чет эллик соҳа вакиллари ҳамда мутасаддилар билан суҳбатлашдим. Очиғи, шу йирик иншоотни қурган одамлар, қурилиш бошида турган мутасаддиларнинг ўзлари қаршисидаги улкан заводнинг рўё эмас, ҳақиқат эканига ишонгилари келмаётганини айтишади.
Чиндан ҳам минглаб чироқлар ёғдусида қўр тўкиб турган салобатли бу мажмуа­ни атиги тўрт йил илгари битказилиб ишга туширилади, деса ҳеч ким ишонмасди. Эсингизда бўлса, ўша 2017 йиллар кўпчилигимизнинг кўнг­лимизда гарчи яширин бўлса-да, бир иштибоҳ бор эди. «Энди нима бўлади, бу ёғига мамлакатнинг аҳволи қандай кечади» деган гизли эҳтиросларни хорижий аналитикларнинг «…Мирзиёевга оғир иқтисодий-сиёсий мерос қолди» деган илмий хулосалари илҳомлантириб турган бўлиши ҳам эҳтимолдан кўп йироқ эмас.
Аммо кўзимиз билан кўриб турган факт шуки, ўн йиллаб чорасизликдан ташлаб қўйилган гигант корхона ишга туширилди. Мен унинг очилиш маросимида сўз олиб, ўз туйғуларини ҳаяжон ичида ифодалаган оддий одамлар, мутахассислар, фаолларни кўриб, ажабланмадим. Нимага десангиз, бу табиий эди. Очиғи, менинг ичимда ҳам ўша ҳайрат, ҳаяжон бор эди.
Гап шундаки, мен ҳам узоқ йиллар Жиззахдаги аккумулятор корхонасига раҳбарлик қилганман. Ушбу мажмуани кўриб, ўзим ишлаган жойни замонавий завод, деб юрган эканман деган хаёлга бордим.
Дунёнинг энг сўнгги техникалари, коммуникация ускуналари ва инновацион ечимлар асосига қурилган фаолияти ушбу мажмуани мўъжиза, дейишимизга тўла асос­ли эди. Ушбу корхонанинг мени яна бир ҳайратга солган томони шу бўлдики, дунёнинг мана-ман деган турдош корхоналари ҳавас билан қараётган, техник ва ишлаб чиқариш ечими энг сўнгги турдаги замонавий форматга қурилган, дейилаётган мураккаб иш жараёнларининг барчасини ўзимизнинг болаларимиз – маҳаллий ёшлар уддалаша­­ё­тир.
Гапнинг ўзанини бу ёққа бурганимнинг ҳам, бу жиҳатга хурсанд бўлганимнинг ҳам сабаби бор. Биласизми, собиқ тузум ва ундан кейинги замонларда ҳам одамнинг нафсониятига тегадиган бир тушунча бор эди. Кадр­лар, миллий мутахассислар масаласини айтаман. Кўпни кўрган, дунёқараши кенг одамлар биз сиёсий мустақилликни қўлга киритганимиздан кейин ҳам анча вақтлар мустабидлик таъсирларидан тўла чиқиб кета олмаганимизни жуда яхши тушунишади. Айниқса, бу таълим, миллий кадрлар сиёсати масаласида аниқ кўзга ташланиб турарди. Яшириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, маҳаллий кадрларга қараш хийла бошқача эди. Ишонч йўқ эди. Айниқса, замонавий, мураккаб муҳандислик «пульт»­ларини ишониб топшириш жуда камёб ҳодиса саналарди. Дейлик, ўша маҳаллар мамлакатнинг энг гигант саноат корхоналари, масалан, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқдаги шу турдаги завод, бир замонлар юз минглаб одам ишлаган, халқ тилида «ТАПОИЧ» деб номланган авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси юқори контингентида маҳаллий кадрларни учратиш жуда қийин эди.
Гўёки норасмий, темир қоидага айланган бир мезон бор эди. Унга кўра, маҳаллий кадрлар, яъни ўзбек ёшлари саноатлашган, юксак интеллектуаллик талаб этиладиган юмушларга нолойиқдек кўрсатилар, бошқарувга деярли яқин йўлатилмас ҳам эди.
Бу кўзга ярқ этиб ташланмайдиган сиёсат шу даражада устакор эдики, ҳатто бунга охир оқибат ўзимиз ҳам ишониб қолдик: ҳа энди бизнинг болалар техниканинг тилини тушунмайди-да, тилни билмайди-да, шунинг учун чилангарликми, бошқа оддий ишни танлагани маъқул, дея уларни техника, илмий жабҳалар билан боғлиқ соҳалардан нарироқ олдик. Болаларимизни қурилиш, дала ишлари, бозор-ўчар, маиший касбларга кўпроқ йўналтирдик. Мен аниқ айтишим мумкинки, мустақилликнинг 2003 йилларигача шундай сиёсат ҳукмронлик қилиб келди. Шавкат Мирзиёев Бош вазир этиб тайинлангач, вазият ўзгарди. Миллий кадрлар масаласи гарчанд оммавий тарзда бўлмаса-да, умумсиёсат сатҳига қалқиб чиққандай бўлди.
Айни ўша йиллари Навоийдаги гигант корхонанинг асосий инженерлик ва раҳбар ходимлари орасида маҳаллий кадрлар бармоқ билан санарли бўлганини бугун навоийликлар, қолаверса, соҳадан хабардор одамлар жуда яхши билишади. Бу жуда узоқдан келаётган, ўзбек ёшлари бу ишни эплай олмайди, улар техниканинг тилини тушунмайди, деган бизга юқоридан қараш сиёсати маҳсули эди.
Мен Шавкат Мирзиёев билан айни шу масалада жуда кўп гаплашганман. Жиззахда, Самарқандда ишлаган вақтларида ҳам у киши бир нарсани кўп ва куйиниб гапирарди. «Бизнинг болаларимиз нега бундай ғамгин, елкаси қисиқ. Юқоридаги кадрлар секторида ўтирган раҳбарчаларимиз-чи?!. Ўзимизнинг йигитларни оддий бир заводга бошлиқ қилайлик, деб номзодини кўрсатсанг, марказдаги валломатлар ўтказмайди, сабаб, техникани, инженерлик сир-синоатларини тушунмайди, деб важ-карсон кўрсатади. Соҳани ўқиган, қўлида дипломи бор одамларга паст назар билан қарашади. Шундай бўлгандан кейин, албатта, ишдан ҳам, қалбидаги орзу-армонидан ҳам кўнгли совийди-да, ёшларнинг. Ундай дегандан кўра, ёшларимизнинг ўқишига, илм олишига ­эътиборимизни қаратишимиз керак эмасми, ким бизга бу ишларни қилиб бериши керак? Бу қатъиятсизлигимиз билан нима, биз болаларимизни фақат қўй боқиш, ер чопиш, сомсаю ош пишириб сотишга ихтисослаштирамизми? Миллатнинг келажаги нима бўлади, маиший масалаларга ўралашиб қолиб кетамизми, дунёга бизнинг айтадиган гапимиз, кўрсатадиган ишимиз, илмимиз йўқми? Нега биз шу масалага ҳатто мустақил бўлгандан кейин ҳам эътибор қаратмадик? Бир пайтлар дунёга йўл-йўриқ кўрсатган, зулматни ўз ақл машъали билан ёритган, тарих ғилдирагини тўғри йўлга солган буюк боболарнинг авлодларига нисбатан бундай ишончсизлик нега?».
Мен Президентнинг бугунга келиб хийла ­оммалашиб кетган «Ўзимизнинг қора кўзлар» деган гапининг тагида нималар ётганини ўшанда англаб етганман. Бу беписандлик, менсимаслик нуқтаи назари билан қаралган миллатнинг қадрини кўтариш, унинг шаънини улуғлашга чоғланган бир қатъият эди, назаримда.
Шу маънода, мен бугун Президентнинг мактаб ва олий таълимга нега кўп эътибор бераётганини, Учинчи Ренессанс ғоясини ўртага ташлаганидан асосий мақсади нима бўлганини жуда яхши англайман. Ва яна шуни ишонч билан айтишим мумкинки, илмга бўлган иштиёқ нуқтаи назаридан фарзандларимиз дунё ёшларидан устун бўлса, устунки, ҳеч кимдан кам эмас.
Буни бугунги гигант завод мисолида ҳам кўряпмиз. «Завод тўлиқ ишга тушгач, бу ерда 1300 нафар ходим ишлайди, – деди бир суҳбатда «Uzbekiston GTL» МЧЖ бош директори Фахритдин Абдурасулов. – Фаолиятимизнинг чет ­эл корхоналари, мутахассислари билан боғлиқ жиҳатлари кўп, қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнлари ва техникаларимиз «тили» ҳам асосан инглиз тилини билишни талаб этади. Бизда эса, ишонсангиз, таржимонлик штатининг ўзи йўқ. Нимага десангиз, ходимларимизнинг барчаси инглиз ва бошқа қўшимча тилларни мукаммал даражада билади. Заводда ишлаётган юз фоиз кадрлар ўзимизнинг болалар. Мени қувонтирадиган жиҳат шуки, ёшларимизда потенциаллик, фаоллик жуда юқори. Тез ўзлаштириш, ўз устида ишлаш, масаланинг моҳиятини теран идрок этиш жуда кучли. Кадрлар салоҳияти бўйича Ўзбекистон билан бошқа жойни солиштириб бўлмайди. Бизда Кореянинг «Hyundai Engeneering» компанияси лойиҳалар бўйича директори ишлади. У бундан олдин ҳам бошқа жойларда шунга ўхшаш лойиҳаларда иштирок этганини, бироқ бизнинг мутахассисларни бошқа давлатлардагилар билан солиштириб бўлмаслигини, бу ерда ишлаш унга анча осон кечаётганини айтганди. У яна айтгандики, бизнинг кадрлар шу жараёнларда 1 йил ичида эгаллаган кўникмаларини, масалан, ўз юртидаги амалиётчиларга тўлиқ ўргатиши учун камида 5 йил керак бўлар экан. У бизнинг одамларнинг иқтидорига, салоҳиятига ана шундай юксак баҳо берганди. Худди шу гапни мен «УзКорГаз»да ишлаб юрган пайтимда ҳам эшитган эдим. У ерда ҳам Кореядан вакиллар бўларди, уларнинг маҳаллий кадрларнинг тез илғаш ва уни амалиётга тўғри жорий эта олиш қобилияти ҳақида мутаассир бўлиб гапирганига кўп гувоҳ бўлганман».
Мана кўряпсизми, бизнинг ёшлар қандай? Шавкат Мирзиёев ишонган ёш авлод қандай куч?

Корхонанинг очилиш маросимида сўз олган хорижлик ҳамкорлардан бири Россиянинг «Газпромбанк» бошқаруви раиси ўринбосари жаноб Алексей Матвеев қизиқ бир фактни келтирди. Фактки, табиатига кўра, ижтимоий-иқтисодий характерга эга.
«…Завод ишга тушиши натижасида авиакеросин нархи сезиларли арзонлаши кутилмоқда. Бир сафар узоқроқ парвозни амалга ошираётгандик. Ўртада ёқилғи қуйиш учун тўхташимиз керак бўлди. Чимкентга қўндик. Нега Тошкентга эмас, Чимкентга қўндик, деб сўрасам, жавоб шундай бўлган: Тошкентда авиакеросин қиммат», деди Алексей Матвеев. Жаноб Матвеев бу билан Ўзбекистон айни масалада чуқур муаммо гирдобида эканлигига ишора қилаётган ва ўзи очилишида иштирок этаётган гигант корхона фаолияти туфайли бу оғир муаммолар энди ечилганини ҳаётий мисол билан тушунтираётган эди.
Очиғи, етарли қазилма бойликларига эга, қолаверса, минтақа метрополияси ҳисобланадиган Ўзбекистон учун бу муаммо жуда уятли бўлиши билан бирга, айни дамда таассуфли ҳам эди.
Албатта, биз бу ўринда ушбу корхона фақат авиакеросин ишлаб чиқариши билангина аҳамиятли ёки саноатимиз ва иқтисодиётимизда янгилик яратди, демоқчи эмасмиз. Аксинча, унинг мамлакат газ-кимё, энергетика соҳасида ясаётган «инқилоби» чиндан шов-шув кўтаришга арзирли.
Қаранг, мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Ушбу маҳсулотлар ҳисобидан йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва бюджетга 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари тушиши таъминланади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, корхонада 300 миллион долларлик газ қайта ишланиб, уни қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларга айлантирилади. Бунинг учун эса тўла асос бор. Чунки бу ерда ишлаб чиқарилган авиакеросин бошқа заводлар маҳсулотига нисбатан жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб юқори ҳисобланади.

Заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида «Евро-6» стандартларига жавоб берадиган бўлиб, халқаро экспертлар фикрича минтақамизда бундай тоза маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона умуман мавжуд эмас. Бу эса, ўз навбатида, ушбу маҳсулотлар ҳисобидан респуб­ликада авиация хабларини ташкил этиш ҳамда юк ташишда хизмат қиладиган йирик логистика компанияларини ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, заводни электр энергияси билан таъминлашда ҳам инновацион ечимлар қўлланилган. Яъни, технологик жараёнларда ҳосил бўладиган буғ ҳисобидан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, завод ўзини ўзи энергия билан таъминлайди.
Завод ҳудудини айланиб, мутахассислар ва бу ерда энди иш бошлаган ёшлар билан суҳбатлашиб амин бўлдимки, бу ерда ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Технология­ларни бошқариш, мониторинг ва хавфсизликни таъминлаш каби муҳим жараёнларга инсон омилининг таъсири жуда кам даражада.
Мажмуанинг ноёблигига яна бир сабаб шуки, бугун GTL технологиясига бутун дунёда талаб кун сайин ортиб бораётган экан. Таҳлилчиларнинг ­фикрича, АҚШ, Канада, Норвегия ва бошқа қатор давлатларнинг етакчи компаниялари ҳам ана шундай лойиҳаларни амалга оширишга киришмоқда.
Мен Президентимиз иштирок этган йиғилиш­лар, учрашувларнинг деярли ҳаммасида қатнашганман. Аммо Ғузордаги маросим, сўзланган нутқ барчасидан бошқача бўлди. Ўша куни давлатимиз раҳбари ўзгача кайфиятда эди. У мамлакат саноатига мўъжиза бўлиб қўшилаётган йирик корхонани очиш билан бирга қалбини узоқ вақтлардан буён ўртаб юрган бир ўтинч, бир адолатли ҳақиқатни исботлаган, «маҳаллий кадрлар эплаёлмайди, уларнинг қўлидан келмайди» деганга ўхшаш маломатларни йўққа чиқарган, ўзбек болаларининг нималарга қодирлигини дунёга намойиш қилаётганидан ҳам бахтиёр эди, гўё.
Фикрларим асосли бўлиши учун Юртбошимизнинг ўша кунги тарихий нутқидан кичик иқтибос келтираман: «…Uzbekistan GTL» заводи маҳсулотларидан хомашё сифатида фойдаланган ҳолда, янада юқори қўшилган қийматли янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича ҳам режаларимиз бор. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилади. Ўз навбатида, бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.
Яна бир муҳим жиҳат – заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар жаҳондаги энг юқори экологик талаблар, норма ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Ана шу заводни ишга тушириш орқали биз «яшил иқтисодиёт» сари яна бир жиддий қадам қўймоқдамиз.
«Uzbekistan GTL» заводида фойдаланиладиган ёқилғи бошқа анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан йилига 13,5 минг тонна – шунга эътибор беринг – 13,5 минг тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмайди.
Биз учун яна бир ўта муҳим томони шундаки, завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 нафар мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади.
Заводнинг қурилиши маҳаллий қурувчи ва муҳандисларнинг янги авлодини тайёрлашга замин яратиб, уларга энг илғор технология­ларни ўзлаштириш имконини бергани ҳам ғоят аҳамиятлидир. Ана шу тажриба келгусида мамлакатимизда янги саноат объектларини ўз кучимиз билан барпо этишда албатта жуда керак бўлади.
Мени қувонтирадиган яна бир жиҳат – завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи ўзимизнинг маҳаллий кадрлар, хусусан, янгича ишлашга чанқоқ, азму шижоатли ёшларимиздир.
Бу ёшлар – Янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда «олтин фонд»имизга айланади, деб ишонаман».
Ҳар кимнинг ҳам қалбида ўзига яраша ғурур туйғуси бўлади. Кимдандир кам бўлмаслик, боши эгик бўлмаслик, оиласи шаънини асраш, буларнинг бир учи ғурур деган тушунчага бориб тақалади. Аммо тарихда ўз миллати, ватани шаъни учун курашадиган, уларнинг ори, номуси, шавкати учун ор талашадиган, эгилган бошларни жон кечиб бўлса-да, кўтаришга чоғланадиган, синган қалбларга матонати, сўнгсиз жасорати билан малҳам бўла оладиган ёвқур фарзандлар унча кўп бўлмаган.
Мен шундай ўйлайманки, кўп ғалабаларнинг негизи айнан шу миллий ғурурда. Алқисса, халқимизнинг буюк фарзандлари Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Темурларни ҳам тарих саҳнасига олиб чиққан куч айнан шу – Ватанга ва Миллатга бўлган сўнгсиз муҳаббат ва садоқат эди…

Қашқадарё, деганда кўпчиликнинг тасаввурида дашту далалар, қиру адирлар, тоғу тошлар гавдаланади. Бир қарашда шундай. Лекин ҳаммаси бу эмас, масалан, бу ерда жойлашган биргина Шўртан газ-кимё мажмуасининг довруғини Ўзбекистондан ташқарида ҳам яхши билишади.
Шўртан газ конденсати кони негизида барпо этилган мажмуа оз эмас, кўп эмас, 150 гектар майдонни эгаллаган. Мажмуа қуввати йилига 4 млрд. метр куб табиий газни қайта ишлаш орқали 3,5 млрд. метр куб товар гази, 125 минг тонна полиэтилен грануласи, 100 минг тонна суюлтирилган газ, 100 минг тонна газ конденсати, 1,5 минг тонна олтингугурт грануласи ишлаб чиқаради.
Ўтган йил корхонада жами 3,1 трлн. сўмлик саноат маҳсулоти, жумладан, 4,2 млрд. метр куб газ қайта ишланиб, ундан 3,5 млрд. метр куб товар гази, 117,6 минг тонна суюлтирилган газ, 103,6 минг тонна газ конденсати, 135,1 минг тонна полиэтилен грануласи, 1,1 минг тонна олтингугурт грануласи ишлаб чиқарилди. Корхона жамоаси 3 минг 800 нафар кишидан зиёд.
Ушбу газ-кимё корхонани мавзуга аралаштираётганимизнинг сабаби бор, албатта. Зотан, «Uzbekistan GTL» фаолияти ушбу корхона фаолияти билан бевосита боғлиқ. Уларнинг жойлашувидаги масофа ҳам кўп узоқ эмас. Ғузор туманида суюлтирилган синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган заводнинг ишга туширилиши кейинги йилларда мамлакатимизда саноат ривожини сифат жиҳатидан янада юқори янги босқичга олиб чиқиш бўйи­ча амалга ошираётган ишларнинг яққол самараси бўлди. Бинобарин, ушбу завод мамлакатимизда ва умуман, минтақамизда нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхона ҳисобланади.
Юқорида айтганимдек, мазкур саноат объектига бежиз камёб ҳодиса сифатида нисбат бераётганим йўқ. Зотан, у нафақат юртимиз иқтисодиётида, саноатида бурилиш ясайди, балки жаҳон саноатида ҳам ўзига хос ўрин тутади.
Гарчанд кўп такрорланган бўлса-да, айтишни ўринли деб биламанки, бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлат – Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда мавжуд эди. Энди улар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилди. Мажмуа қурилишида бир вақтнинг ўзида 13 минг нафардан ортиқ муҳандис ва ишчи-қурувчилар қатнашгани унинг барпо этилиш муддатини қисқартириб, ишларни кенг кўламли бўлишини таъминлади. Энг муҳими ва эътиборлиси, қурилишда оғир давр – пандемия маҳали ҳам иш суръати сақлаб қолинди. Бу, албатта, таҳсинга сазовор кўрсаткич.
Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилди.
Ишлаб чиқаришга доир технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқ­аро лицензия ва патентлар олинди. Уларнинг аксарияти дунёда ягона ва ноёб.
Корхонанинг ягоналигига яна бир далил шундаки, юқорида эслатганимдек, энди биз четга фақат хомашё – газ сотмаймиз. Балки уни қайта ишлаб, қўшимча қиймат яратамиз. Демак, даромадимизни кўпайтирамиз, иқтисодиётимизни янада бақувват қиламиз, ҳаётимизни янада яхшилаймиз. Чунки унда 300 миллион долларлик газ қайта ишланиб, қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларга айлантирилади.
Гапнинг мавриди келганда яна шуни ҳам айтиш ўринлики, биз «тўртинчи саноат инқилоби» даврига қадам қўйдик. Шундай экан, илм-фан, ишлаб чиқаришда инновацион технологияларга кўпроқ эътибор қаратиш фойдадан холи бўлмаслигини яхши англаб турибмиз.
Ушбу сиз билан суҳбатимизга асосий мавзу қилиб олган янги мажмуа ҳам аслида бу борада ташланган дастлабки ва дадил қадамлардан бири, десам адашмаган бўламан.
«Ҳозирги кунда табиий газни шундайлигича ёқишнинг ўзи, қўпол қилиб айтадиган бўлсак, исрофгарчилик, – деганди «Uzbekistаn GTL» МЧЖ бош директори Фахритдин Абдурасулов суҳбатимиз давомида. – Биз GTL базасининг ўзидан 6 та лойиҳани Президентимизга таклиф қилдик. Албатта, бу ўринда бизга GTLнинг ишга тушиши асос беряпти. Ҳозирда биз истеъмолга ишлатаётган ҳар бир буюмнинг таркибида, ҳаттоки, пайпоқда ҳам синтетика мавжуд. Булар эса газдан ҳосил бўлади. Дейлик, биз 1 АҚШ долларига газни сотадиган бўлсак, у бизга 10 АҚШ доллари бўлиб қайтяпти. Маҳсулотларнинг нархи ўз ичида сақланади ва бундан катта даромад ва фойда бор. Биз яна бир нарсани аниқладик: керосиннинг таркибини ўргандик. Ундан алкилбензол олса бўлар экан. Алкилбензол дегани, масалан, шампуннинг асосини ташкил этадиган, жайдаричасига айтганда, шампунни шампунь қиладиган нарса. Энди биз четдан экспорт қилинадиган ушбу маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариб ҳам валютамизни тежашимиз мумкин. Шампунни ҳозирда ўзимизда чиқарса бемалол бўлади. Бу жуда оддий усул: масалан, алкилбензолга ароматизатор, ранг ва ҳоказолар қўшади ва сизга сотади. Унинг ҳозир ўртачасини 10 минг сўм нархда деб олсак, сифатлиси 40 ё 50 минг сўм туради. Масалага ижодкорона ёндашсак, 600 долларлик қийматга эга авиакеросинни ундан шампун ишлаб чиқариб, 3 минг АҚШ долларига сотишимиз мумкин бўлади. Яъни, бу 5 баробар қиммат, дегани. Агар, шампунни машҳур фирмалар маркаси остида ишлаб чиқарсак, қиймати янада ортади. Мана, ушбу заводнинг очилишидан халқимизга, давлатимизга тегадиган нафнинг оддийгина изоҳи, жўн арифметикаси. Бизда шу соҳада кластер тизимининг жорий этилаётгани, ўйлайманки, саноатимизни жаҳон стандартларига тенглаштириш йўлида дадил қадам бўлди. Ўзим Хитойга Марказий Осиё – Хитой газ қувурини қуриш лойиҳаси юзасидан борганимизда ўша ерда 18 та завод қурилаётганининг гувоҳи бўлганман. Бу заводларнинг барчаси минтақамиздан олинаётган газни қайта ишлаш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисос­лаштирилган. Яъни, газ-кимё кластерлари. Масалан, Хитой ҳозирда ҳам Туркманистондан олаётган газни чойга, овқатга, уйни иситишга ишлатаётгани йўқ. Оддий қилиб айтганда, хитойлик саноатчилар биздан газни, дейлик, бир долларга олиб, хўжалик ёки бошқа турдаги маҳсулот сифатида 10 долларга қайта сотмоқда…».
Албатта, ёш ва ғайратли, кўзларида ўт чақнаб турган Фахритдиндай бугун дунёда кечаётган ­тамойилларни теран англай оладиган, халқимиз ва давлатимизнинг манфаати учун куйиб-пишадиган ёшлар синфи пайдо бўлаётгани барча ватандошларимизнинг кўнг­лини кўтаради, эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайди.
Зотан, юқорида айтганимдай, миллий ғурур уйғонса, фарзандларимиз қалбида ва кўзида ғайрат ва шижоат алангаланса, бизни тутиб қолиш қийин бўлади.
Мен ифтихор этаманки, Президент Шавкат Мирзиёев миллат қаддини кўтара олди, кўзлардаги сўниб бораётган ўтни алангалата олди. Қақроқ чўлнинг қоқ ўртасида ёрқин нур таратиб турган гигант корхона – «Uzbekistаn GTL» кўзлардаги шу оловнинг ҳосиласи, десак ҳечам адашмаган бўламиз.

Қудратилла Рафиқов

сиёсатшунос