Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича «сезиларли тараққиёт»нинг энг яхши тоифасига кирди

29.09.2023. Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, 26 сентябрь куни АҚШ Меҳнат вазирлиги болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича ҳисоботини («TDA Report») эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда давлатимиз томонидан болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини бартараф этиш қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил «сезиларли тараққиёт»нинг энг яхши тоифасига кирди.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Ўзбекистон «давлат томонидан болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича ҳеч қандай мазмунли саъй-ҳаракатларни амалга оширмагани» учун 4-тоифага киритилган эди. 2018 йилда АҚШ Меҳнат департаменти қарори билан Ўзбекистон дарҳол «ўртача» тараққиёт билан 2-тоифага, 2022 йилда эса «сезиларли тараққиёт» тоифасига ўтказилди.

Охирги ҳисоботга кўра, бу йил 131 давлат ичида Ўзбекистон Аргентина, Колумбия ва Кот-д’Ивуар билан биргаликда «сезиларли тараққиёт» мақомига сазовор бўлган атиги 4 давлат қаторидан жой олди. Таъкидлаш жоизки, баҳолашда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқловчи қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар, мурожаатларни кўриб чиқиш ва бундай ҳуқуқбузарликларни текширишнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда институционал механизмлари, болаларнинг меҳнатга жалб этилишининг олдини олишга қаратилган ижтимоий дастурларнинг амалга оширилиши, шунингдек, болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари ва бу борадаги давлат сиёсатининг самарадорлиги ҳисобга олинган.

«Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам қисқа вақт ичида таъсирчан тараққиётга эриша олган намунали давлатга айланиб бормоқда, – деди АҚШ меҳнат вазилигининг Болалар меҳнати, мажбурий меҳнат ва одам савдоси офиси (ILAB) вакили Сара Соломон.

 Маърузада 2022 йилда Ўзбекистонда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини бартарф этиш борасида сезиларли ютуқларга эришилгани ва ўтган йилнинг октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев янги Меҳнат кодексини имзолагани, бунда болалар меҳнати билан шуғулланишига қўшимча чекловлар қўйилгани қайд этилган. Шунингдек, АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда ноқонуний меҳнатни қисқартириш бўйича фармон қабул қилинганини ва мамлакат Ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти билан қурилиш соҳасида меҳнат шароитларини ҳар томонлама ўрганиш учун ҳамкорлик қилганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, ҳисоботда қайд этилишича, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши Миллий комиссия АҚШ ҳукуматининг болалар меҳнати ва одам савдоси бўйича тавсияларини амалга ошириш бўйича ҳаракат режаларини қабул қилган.