Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида янги Талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди

13.09.2023. 2023 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида Федерация томонидан янги қуриб битказилган Талабалар турар жойи биносининг тантанали очилиш тадбири бўлиб ўтди.

Унда юртимизнинг таниқли фан арбоблари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Академия жойлашган ҳудуддаги маҳалла фаоллари, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган фахрийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 августдаги
Қарорига мувофиқ 2022 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур Академия Марказий Осиёда ягона бўлиб, замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологияларни, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида талаб юқори бўлган касблар, йўналишлар ҳамда мутахассисликлар бўйича малакали кадрларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Бугунги кунда Академияда:

– меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги;

– ҳаёт фаолияти хавфсизлиги;

– ижтимоий иш;

– инсон ресурсларини бошқариш;

– психология;

– юриспруденция;

– менежмент йўналишларида 300 нафардан ортиқ талаба кундузги, 500 нафардан ортиқ талаба эса сиртқи йўналишда таълим олмоқда.

Ўқув жараёнларини ташкил этиш учун 46 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 3 нафар профессор, 10 нафар доцент, 2 нафар фалсафа доктори ва 13 нафар катта ўқитувчи жалб этилган.

Профессор-ўқитувчилар томонидан барча йўналишлар бўйича ишлаб чиқилиб, тасдиқланган ўқув режа ва ишчи ўқув режалар, шу жумладан, барча фан дастурлари ва ишчи фан дастурлари амалиётга татбиқ этилмоқда. Шу билан бир қаторда, таълим жараёнининг автоматлаштирилган “Платформа” мажмуаси жорий этилган.

Академияда таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида йўлга қўйилган бўлиб, талабаларнинг ўзлаштиришини баҳолаш замонавий педагогик усул ва технологиялар асосида амалга ошириб келинмоқда.

Бундан ташқари Академияда талабаларнинг мукаммал билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, айни кунда интеллектуал доскалар билан жиҳозланган ҳамда интернет тармоғига уланган 33 та ўқув аудиторияси, шу жумладан, 3 та маърузалар зали фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 15 ўринга мўлжалланган 6 та компьютер хонаси, 50 ўринга мўлжалланган электрон кутубхона, очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, 200 ўринли ошхона талабаларга хизмат кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллик байрами нишонланаётган шукуҳли кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида талабалар турар жойи барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Академияга Республикамизнинг турли ҳудудларидан келиб таълим олаётган талабалар учун янада қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилган ушбу эзгу ташаббус талабалар ва устозлар кўнглини бирдек шод этди.

Таъкидлаш жоизки, 328 ўринли янги Талабалар турар жойи замонавий талаблар асосида бунёд этилган бўлиб, унда яратилган шарт-шароитлар, хоналарнинг жиҳозланиши замонавий уч юлдузли меҳмонхоналар учун ўрнатилган талабларга мос равишда амалга оширилган.

Хусусан, Талабалар турар жойида мунтазам равишда бепул интернет алоқаси – “wi-fi” ўрнатилган. Бундан ташқари, талабалар учун махсус IT-парк фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу IT-парк талабаларнинг замонавий ахборот технологияларини мукаммал ўзлаштириши ва уларни келажакда ўз фаолиятида узлуксиз қўллай олиши учун имконият яратишга хизмат қилади.

Талабалар турар жойида йигит-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Махсус кутубхона, “Маънавият ва маърифат” хонаси талабаларнинг дарсдан бўш вақтларида ўз устида мунтазам равишда ишлаши учун қулайлик яратади.

Академиянинг янги талабалар турар жойи очилишига бағишланган тантанали тадбирда сўзга чиққан устозлар, меҳнат фахрийлари ва талабалар Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ёш авлоднинг чуқур билим олиши, ҳар томонлама камол топиши учун улкан имкониятлар яратилаётганини алоҳида эътироф этдилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар ушбу Академияси ҳам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган бўлиб, айни кунда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳаси учун етук кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис Академияда меҳнат муносабатлари бўйича мутахассислар тайёрлаш истагини нафақат Марказий Осий мамлакатлари, балки узоқ ҳорижий мамлакатлар ҳам билдирмоқдалар.

Тантанали тадбирга йиғилганлар янги Талабалар турар жойида ёшларга яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Академия талабалари эса Президентимиз ташаббуслари билан ёшларнинг замонавий билимларга эга бўлишлари ва илмий изланишлари учун яратиб берилаётган бу каби шарт-шароит ва имкониятларга жавобан ўзлари танлаган соҳанинг етук мутахассислари бўлиш мақсадидан изланишдан тўхтамасликларини билдирдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари