Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Викторина давом этмоқда

02.02.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Юридик клиникаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг йигирма йиллиги муносабати билан эълон қилинган онлайн викторина давом этмоқда.

«Меҳнат кодексини биласизми?» деб номланган мазкур викторина www.viktorina.yk.uz веб-сайти орқали ўтказилмоқда.

Маълумки,Меҳнат кодекси 1995 йил 21 декабрда қабул қилиниб, 1996 йилнинг 1 апрелидан кучга кирган. Аввал хабар қилинганидек, онлайн викторина рамзий маънода ушбу тарихий саналар оралиғида, яъни 2015 йил 21 декабрдан 2016 йил 1 апрел кунига қадар давом эттирилади. Викторина 10 турдан иборат бўлиб, ҳар бир турда иштирокчиларга 8 та тест саволи (тўртта жавоб вариантлари билан) ҳамда 2 та муаммоли савол (казус) тақдим қилинади.

Юридик клиника ташаббуси билан ташкил қилинган викторина аҳолининг турли қатламлари ўртасида катта қизиқиш билан қарши олинди. Зеро меҳнат муносабатлари, бу борадаги қонунчилик нормаларидан хабардор бўлиш ҳар бир фуқаро учун муҳим ҳисобланади. Иштирокчилар ва сайт меҳмонларининг асосий қисмини ёшлар – касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари ташкил қилаётгани айниқса қувонарлидир.

Шу кунгача Викторина сайтига 5 минг нафардан кўпроқ киши ташриф буюрди. 819 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтиб, савол- жавобларда фаол қатнашиб бормоқда. Ҳозирда викторинанинг 4 тури ортда қолиб, айни пайтда 5-турга старт берилди.

Шунингдек, викторинада ҳуқуқшунослар, адвокатлар, юридик таълим муассасалари талабалари билан бир қаторда профессор ўқитувчилар, турли вазирлик ва идоралар ходимлари ҳамда аҳолининг бошқа тоифалари иштирок этмоқда.

Қатор электрон ОАВда танловнинг бориши тўғрисида хабар ва мақолалар чоп этиб борилаётгани ҳам мазкур тадбирга аҳоли томонидан қизиқиш катта бўлаётганидан дарак бермоқда. Жумладан,  Daryo.uz, Kun.uz, Norma.uz, Sharh.uz ва бошқа электрон нашрлар таҳририятлари викторина сайтини доимий кузатиб бормоқда.