Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ёш ходимлар касаба уюшмаларининг диққат-эътиборида

18.08.2023. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш ва тармоқ тизимидаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Алимджанова Нигора Адхамовна Андижон ва Фарғона вилоятларида жойлашган корхоналарда амалий ташриф билан бўлди.

Ташриф давомида “Фарғонаазот” АЖ корхонаси ёш ходимлари билан “Раҳбар ва ёш ходимлар” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Н. Алимджанова Ўзбекистон Республикасида баркамол авлодни тарбиялаш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида гапириб, бу борада Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўналиши алоҳида ўрин олганлигини, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб тармоқ тизимида қатор амалий ишлар олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

Учрашув давомида ёшлар билан ишлаш комиссияси раиси Илхомжон Умаров ва комиссия фаоллари томонидан ёш ходимлар учун корхона миқёсида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар хусусида маълумот берилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда “Фарғонаазот” АЖ корхонасида жами 1559 нафар ёш ходимлар қизғин меҳнат қилиб келмоқдалар. Улардан 905 нафарини эркаклар ва 654 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Республика кенгашининг “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури” ижроси юзасидан ва корхона жамоа шартномасига асосан қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ёш ходимларни қўллаб-қувватлаш ва улар билан бевосита ишлаш мақсадида касаба  уюшмаси қўмитаси қошида ёшлар билан ишлаш комиссияси фаолият олиб бормоқда.

Корхона жамоа шартномасига асосан ёшлар учун кўплаб имтиёз ва кафолатлар амалда қўллаб келинмоқда. Жумладан, биринчи бор турмуш қураётган ёш оилаларга моддий ёрдам ва ёш ходимларга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилмоқда, ёш ходимларни соғломлаштириш мақсадида санаторийларга имтиёзли йўлланмалар ажратиб келинмоқда.

Биргина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида корхона жамоа шартномасига кўра бола парвариши таътилида бўлган 182 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида 196 млн. 800 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 123 нафар ёш ходимларга яқин қариндоши вафот этганлиги, соғлигини тиклаш учун дори-дармон сотиб олиш, жарроҳлик амалиёти ўтказиш ва оилавий шароитига кўра моддий ёрдам бериш мақсадида 106 млн. 300 минг сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Ёш ходимларни маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида ёшлар туризмини ривожлантириш “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ёшлар учун туристик саёҳатлар, мини-футбол, югуриш марафони, шунингдек, заковат интеллектуал ўйини, театрларга ташрифлар ҳамда фаол ёшларни тақдирлаш тадбирлари ва “Спартакиада ўйинлари” ташкиллаштирилиб келинмоқда.

Учрашув давомида Н.Алимджанова ёшлар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билан танишди. Жумладан, ёшларни касаба уюшмаси фаолиятидан кенгроқ хабардор этиш, улар орасида шу йўналишда фаол тарғибот олиб бориш мақсадида касаба уюшмаси “Заковат” ўйинларини республика-тармоқ даражасида ташкил этиш, ишлаб чиқариш цехи мутахассиси бўлган ёшларни тармоқ корхоналарида тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарларига юбориш амалиётини жорий қилиш, республика-тармоқ даражасида касаба уюшмаси томонидан ёш ходимлар учун амалга оширилаётган ишлардан ёшларнинг тўлақонли хабардор бўлишлари учун “Касаба уюшмаси ёшлар билан” телеграм канали ташкил этиш каби кўплаб таклифлар билдирилди.

Н.Алимджанова учрашув якунида ёш ходимларни соғломаштириш, маънан ва моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш касаба уюшмаларининг асосий   вазифаларидан бири бўлиб келганлигини таъкидлаб, шу маънода ёшларнинг ҳар бир таклифлари кўриб чиқилиши ва амалга оширилиши бўйича иш олиб борилишини билдирди.