Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ёшлар учун Хивага йўлланма

25.04.2019. Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан 2003 йилдан буён 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонлаб келиняпти. Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилаётган тадбир  Фарғона вилоятида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусни қамраб олган “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” мавзусида ўтказилган тадбирлар нафақат ишчи-ходимларда, балки ёшларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

“Меҳнат хавфсизлиги куни” ҳафталиги доирасида йирик меҳнат жамоаларида иш жойида жароҳатланиш, касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилди. Шу жумладан, вилоятдаги йирик корхона, ташкилот ва ўқув муассасаларида ҳамда аҳоли гавжум жойларда соғлом ва хавфсиз меҳнатни тарғиб этувчи буклет ва флаерлар тарқатиш орқали Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни кенг тарғиб қилинди. Шу билан бирга, ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда интернет тармоғида #Xavfsizmehnat_baxtlioilagarovi хештеги оммалаштирилди.

Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган “Меҳнат хавфсизлиги куни” тадбирлари доирасида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Унда Фарғона давлат университетининг “Эверест”, Фарғона политехника институтининг “Интеллект”, Қўқон давлат педагогика институтининг “Истеъдод”, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Ёш адолатчи”, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалининг “Истиқбол” жамоалари беллашиб, меҳнат муҳофазаси йўналиши ва ҳуқуқий йўналиш бўйича билимларини синовдан ўтказдилар.

Жамоаларни баҳолаб борган ҳакамлар хайъатининг якуний натижасига кўра, “Эверест” жамоаси —“Энг аҳил жамоа”, “Интеллект” жамоаси — “Энг уюшқоқ жамоа”, “Истеъдод” жамоаси — “Энг билимдон сардор”, “Истиқбол” жамоаси — “Энг кучли жамоа” сифатида эътироф этилган бўлса, барча саволларга тўғри жавоб берган Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Ёш адолатчи” жамоаси “Заковат” интеллектуал ўйинининг мутлақ ғолиби бўлди. Бу жамоага вилоят касаба уюшмалари томонидан энг сара китоблар тўплами ҳамда қадимий шаҳар Хивани саёҳат қилиш учун йўлланма ҳам тақдим этилди.

Шунингдек, ҳафталик доирасида “Спорт — соғлом турмуш гарови” шиори остида эрталабки бадантарбия машқлари ва югуриш марафони ўтказилди. Ушбу спорт мусобақаси катта байрам тадбирига айланиб кетди. Унда мингдан ортиқ касаба уюшма аъзолари ва спортга ошно ёшу-кексалар фаол иштирок этди.

Хилола Мамазияева

Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси