Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ютуқларимиз бардавом, турмушимиз фаровон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

30.08.2023. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари томонидан тизимли тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Янги хаёт учун – Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ижтимоий лойиҳа амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилот ва муассасаларда, шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси тизимида кўп йил меҳнат қилган ҳамда фаолиятлари давомида соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлаш ишларига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ташкил этилиб, улар холидан хабар олинди.

Бой ҳаётий тажрибага эга бу каби инсонлар билан учрашувлар давомида уларнинг эл-юрт равнақи, Ватан тараққиёти, аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида амалга оширган ишлари, аҳоли соғлиғини сақлаш борасидаги кўп йиллик беминнат хизматлари алоҳида қайд этилди. Ўз ҳамкасблари ўртасида чуқур ҳурматга сазовор бўлган ва ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрийлар Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш йўлида Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва уларнинг самарасини, сўнгги йилларда юртимизда ёши улуғ инсонларни қадрлаш масаласига юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида эътироф этдилар. Шунингдек, бугунги доруломон кунлар учун шукроналар айтиб, мамлакатимизда турли соҳаларда эришилаётган ютуқларимиз бардавом, турмушимиз фаровон, Мустақиллигимиз абадий бўлишини тиладилар.

Ижтимоий лойиҳа доирасида тармоқ тизимида меҳнат қилган фахрийлар касаба уюшмалари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати