[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]
35 yil

11.11.2026. Пойтахтимиздаги «Чинобод плаза» санаторийсидаги Мажлислар залида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан касаба уюшмалари тизимида ўтказилган турли ижтимоий лойиҳалар ва танловлар ғолибларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар мутасаддилари, республикамиз ҳудудларидан ташриф буюрган касаба уюшма фаоллари, Федерация томонидан ўтказилган қатор танловлар ғолиблари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси иштирокчиларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда кенг нишонлаб келинаётган 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан қутлаб, бугун халқимизнинг ўз кучи, имконияти, тарихи ва буюк келажагига бўлган ишончи, қолаверса, инсон қадрини улуғлаш йўлидаги халқпарвар сиёсатни бутун дунё кўриб ва тан олиб турганини алоҳида таъкидлади.

Айни вақтда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар замирида одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун муносиб шароит яратиш мақсади мужассам эканлигини, бу эзгу ният, айниқса, меҳнат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда яққол намоён бўлаётганини қайд этди. Зеро, инсон қадрини улуғлаш, унинг меҳнат ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва даромад топишига кўмаклашиш – Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг муҳим йўналишларидан бири эканлигига алоҳида урғу берди.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 8 миллиондан ортиқ аъзони ўз сафларида бирлаштирган. Бу катта имконият бўлиши билан бирга соҳа мутасаддилари зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди.

Тантанали тадбирда таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз ўтган йили 17 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашувда «Кучли касаба уюшмалари – кучли жамият асосидир!» деган фикрни билдирган эдилар. Шу маънода, кучли касаба уюшмалари аввало энг қуйи бўғиндан – ҳар бир ҳудудий ва тармоқ кенгашидан, ҳар бир бошланғич касаба уюшмаси ташкилотидан бошланади. Чунки бошланғич ташкилот – бутун касаба уюшмалари ҳаракатининг энг муҳим таянчи ҳисобланади. У бевосита меҳнат жамоаси билан бирга яшайди, ходимнинг дардини эшитади, муаммосини билади, эҳтиёжини ҳис этади.

Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, мамлакатимизда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Бундан самарали фойдаланган ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда юртимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, бугун Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот тамойиллари асосида меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Сирасини айтганда, юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларда Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимлари манфаатларини ҳимоялаб келмоқда. Бунга охирги 10 йил давомида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида трипартизм шаклидаги ижтимоий шерикликнинг юқори босқичга кўтарилгани ҳам ёрқин далилдир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 3 мингга яқин ходимнинг меҳнат ҳуқуқи ҳимоя қилинди. Улар фойдасига қарийб 9 млрд сўм миқдорида маблағ ундириб берилди. 1 минг 70 нафар ходим ўз иш жойига қайта тикланди. Меҳнат муҳофазаси бўйича 3 мингдан ортиқ камчиликлар бартараф этилди. Шу билан бирга, мингга яқин жамоатчилик назорати ҳамда 10 та вазирликда гендерга оид аудит тадбирлари ўтказилди. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 60 минг нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари имтиёзли соғломлаштирилди. 105 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийсининг саломатлиги тикланди. 331 минг нафардан зиёд бола стационар ва кундузги оромгоҳларда дам олдирилди. Бундан ташқари, 303 минг 702 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари, 5 мингга яқин кекса авлод вакилининг республикамиздаги диққатга сазовор масканларга саёҳатлари ташкил этилди.

Айниқса, «Аёллар дафтари» билан ишлаш доирасида ўтган даврда мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 1 млн 26 минг 122 нафар хотин-қиз билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг ҳаётий муаммолари, дард-у ташвишлари ва эҳтиёжлари ўрганилди. Энг муҳими, ушбу ўрганишлар натижасида 1 млн 25 мингдан зиёд хотин-қизларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга эришилди. Бунда касаба уюшмалари давлатимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, давлат идоралари билан аҳоли ўртасидаги ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлди.

Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 32 та санаторий, 84 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи, 4 та ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият юритмоқда. Ушбу объектлар инсонларга наф келтириш ва инсон манфаатларини амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати: бугун касаба уюшмаларининг фаолияти фақат мамлакатимиз доираси билан чекланиб қолмаяпти. Хорижий давлатлардаги турдош ташкилотлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу, ҳеч шубҳасиз, муҳтарам Президентимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижасидир.

Тантанали тадбирда меҳнат соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, пахтачиликда йиллар давомида илдиз отган эски тизимни тубдан ўзгартириш борасида муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси ва сиёсий иродаси билан амалга оширилган ислоҳотлар алоҳида таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшмалари тизимида иш самарадорлигини ошириш, бу жараёнда ҳар бир раҳбарнинг масъулиятини янада кучайтириш, бу орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунинг учун қуйи бўғин етакчиларининг билим ва малакасини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шароитларни яратиш ишларини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Таъкидлаш зарурки, сўнгги йилларда Федерация томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан Ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланган. Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда Ватанимиз равнақи йўлида бор имкониятларини ишга солиб, фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, кўп йиллик илғор иш тажрибасига эга бўлган инсонларни эъзозлаш мақсадида Федерация томонидан амалга оширилган турли ижтимоий лойиҳалар ва кўрик-танловлар ғолиблари тақдирланди.

Хусусан, кўп йиллик самарали меҳнати, эришган алоҳида ютуқлари билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофотининг 2026 йилги совриндорларига ушбу мукофот – кўкрак нишони, пул мукофоти ва гувоҳнома тантанали равишда топширилди. Жумладан, Федерация Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ миллий адабиётимиз ва маданиятимиз равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан атоқли ўзбек адиби, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўз халқининг жонкуяр ва ватанпарвар фарзанди, марҳум Одил Ёқубов ва яна 4 нафар юртдошимиз «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти билан тақдирланди.

Шундан сўнг Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш йўналишларидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва касаба уюшмалари фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Федерациянинг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди. Совриндорларга «Эҳтиром» нишони, пул мукофоти ва гувоҳномалар топширилди. Сўнгра навбатдаги тақдирланувчига Федерациянинг «Фахрий ёрлиғи» топширилди.

Навбатдаги мукофотлар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларнинг илғор ва фаол ходимларига, яъни «Энг яхши санаторий», «Энг яхши шифокор», «Энг яхши ҳамшира», «Энг яхши супервайзер», «Энг яхши бош ошпаз», «Энг яхши маданият тарғиботчиси» номинацияларида ғолиб бўлганларга топширилди. Улар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Маълумки, Федерациянинг Даволаш профилактика маркази ҳар йили минглаб меҳнаткашларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бунда ушбу муассасада фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ўрни беқиёс. Шу боис тадбирда мазкур муассасада «Энг яхши шифокор» ва «Энг яхши ҳамшира» деб топилган тиббиёт ходимлари ҳам муносиб тақдирланди.

Федерация томонидан ҳар йили қатор қурилиш объектлари – санаторийлар, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, сузиш ҳавзалари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бундай бунёдкорлик ишларида, албатта, қурувчиларнинг ҳиссалари катта. Навбатдаги мукофотлар «Энг яхши техник назоратчи», «Энг яхши муҳандис», «Энг яхши лойиҳачи», «Яшил макон фидоийси», «Энг яхши қурувчи», «Энг яхши қурилиш ташкилоти раҳбари», «Энг намунали қурилиш ходими», «Энг яхши дизайнер» номинациялари ғолибларига топширилди.

Шундан сўнг Федерациянинг «Яккасарой спорт-соғломлаштириш мажмуаси»га қарашли спорт мактабларининг 2026 йил давомида халқаро нуфузли мусобақаларда юқори натижалар ва совринли ўринларни қўлга киритган спортчи ва мураббийлари «Энг яхши мураббий» ва «Энг яхши спортчи» номинацияларида муносиб тақдирланди.

Навбатдаги мукофотлар «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш» юзасидан ўтказилган республика кўрик-танлови ҳамда «Экологик фаол касаба уюшмаси жамоаси» ва «Меҳнат ҳуқуқи билимдони» республика танловлари ғолибларига топширилди.

Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ўртасида ўтказилган танлов натижаларига кўра «Энг яхши оромгоҳ», «Энг яхши катта тарбиячи», «Энг яхши тарбиячи», «Энг яхши етакчи», «Энг яхши тўгарак раҳбари» муносиб тақдирланди. Шунингдек, «Энг яхши ўқитувчи», «Энг яхши журналист», «Касаба уюшмасининг энг фаол ходими» номинацияларида ғолиб бўлганлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

«Касаба ишончи» онлайн танлови ғолиблари «Энг фаол аёл раиса», «Энг намунали туман (шаҳар) кенгаши», «Энг намунали бошланғич касаба уюшмаси», «Касаба уюшмасининг энг фаол тарғиботчиси», «Энг намунали санаторий», «Энг намунали ҳудудий кенгаш», «Энг намунали Республика кенгаши», «Касаба уюшма фидойиси» номинацияларида мукофотландилар.

Барча кўрик-танловлар ва номинациялар ғолибларига Федерациянинг дипломи ва совғалари топширилди.

Байрам тадбири якунида касаба уюшма фаоллари, танлов ва номинациялар ғолиблари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари