Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ҳамиша диққат марказида

27.03.2015. “ДЭУ Текстил Бухоро” МЧЖ хорижий корхонасида бўлиб ўтган конференцияда 2012-2014 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг сўнгги йилдаги ижроси якунлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Тадбир иштирокчилари корхонанинг молия ишлари бўйича директори жаноб Бёнг Сун Хван, касаба уюшма қўмитаси раиси Воҳида Ҳамроеванинг ҳисобот маърузаларини ва жамоа шартномаси бажарилишини текшириб борувчи комиссия аъзоси Ибодулла Каримовнинг ахборотини тинглашди. Таъкидланганидек, 750 нафар аъзога эга корхонада жамоа шартномаси ижроси тўлиқ бажарилган.

Ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида эҳтиёжманд оилаларга, янги оила қурган ёшларга, саломатлиги ночор ходимларга моддий ёрдам кўрсатилди. Касаба уюшма фаоллари рағбатлантирилди. Имзоланган 3 томонлама шартнома асосида 17 нафар амалиётчи ўқувчи ишга қабул қилинди.

Муҳими, ишчи-ходимлар учун меҳнат муҳофазаси, техника ва ёнғин хавфсизлиги талаб даражасида. Цехлар санитария-гигиена талабларига жавоб беради. Ходимлар меъёр асосида махсус кийим ва пойабзал, шахсий гигиена ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминланган. Улар корхона ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Бепул овқатлантирилади. Узоқроқ ҳудудлардан қатнайдиган ишчилар учун махсус автобуслар ажратилган. Яна бир эътиборли жиҳати, тўқимачилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан эълон қилинган “Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” кўрик-танловида иштирок этиб, совриндорлар сафидан ўрин олди.

Ўтган йил аъзоларнинг 16 нафари республикамизнинг сўлим санаторийларида дам олдирилди. Эҳтиёжманд 12 нафар хотин-қизга маиший электр жиҳозлари тақдим этилди. Жамоада аёллар ва ёшлар учун яратилган қатор имтиёз ва қулайликлар ҳам эътиборга лойиқ.

Маданий-маърифий, жисмоний тарбия, соғломлаштириш, спорт ишлари ҳамиша диққат марказида. Ушбу мақсадлар учун ўтган йил 60 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Йиғилишда корхонанинг 2015-2017 йиллар учун ­шакллантирилган жамоа шартномаси тасдиқланди. Унга кўра, Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан корхонада ишлайдиган ходимларга кўрсатиладиган ғамхўрлик кўлами янада кенгайтирилади. Малакали, иқтидорли ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг намунавий уй-жойларга эга бўлишига кўмаклашиш, банклардан узоқ муддатли кредитлар олишда ёрдамлашиш каби вазифаларга янада кўпроқ эътибор қаратилиши белгилаб олинди.

Конференцияда ­Ўз­бекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари Қувондиқ Муқумов сўзга чиқиб, галдаги муҳим вазифалар тўғрисида гапирди.