Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ҳисобот-сайлов йиғилиши

15.04.2015. Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ходимлар ва талабалар бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов йиғилишида ўтган беш йил давомида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.

6 та цех, 165 та гуруҳ касаба уюшма ташкилотига жипслашган 4315 нафар аъзо шарт-шароит яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маданий-маърифий, спорт тадбирлари узвийлигини таъминлаш борасидаги ишлардан мамнун. Беш йилда аъзолар сони 1042 нафарга кўпайгани ҳам институт касаба уюшмаси жамоа кўнглига йўл топа билганидан далолат. Бошланғич ташкилот ташаббуси ва маъмуриятнинг қўллаб-қувватлаши боис жамоадаги ногирон, чин етим ва эҳтиёжмандларга тизимли ижтимоий мадад кўрсатиб келинаётир.

Эътиборли жиҳати, жамоат ташкилоти ваколати доирасидаги барча масалаларни назардан четда қолдирмасликка ҳаракат қилинган. Натижада, бошланғичда 610 нафар аъзонинг мурожаати ўз ечимини топган.

— Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш назоратга олинган, — деди бошланғич ташкилот раиси Музаффар Махамматов. — жисмоний тарбия кафедраси билан ҳамкорликда  мини футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка, миллий кураш каби қатор тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.

Ижтимоий кўмак борасидаги ишлар ҳам салмоқли. Ўтган давр­да 174 нафар ўқитувчи, 65 нафар талабага моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари, талаба Нодира Хўжамуродова, Фотима Жўраевага бир йиллик, Зебунисо Омоновага тўрт йиллик тўлов контракти Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳисобидан қопланди. Жамоат ишларида фаол, ўқиш ва изланишда юксак натижаларга эришган талабалар учун касаба уюшма стипендиялари жорий этилган бўлиб, айни чоғда талаба Мафтуна Каримовага институт ҳисобидан энг кам иш ҳақининг олти баробари миқдорида стипендия тўлаб келинмоқда.

Бошланғич ташкилот томонидан институт маънавият ва маърифат бўлими билан ҳамкорликда “Маънавият соатлари” доирасида талаба ёшларни баркамолликка чорловчи, моддий ва маданий меросимизни асрашга ундовчи қатор учрашув ва суҳбатлар ташкил этилмоқда. Таниқли олимлар, тажрибали ҳуқуқшунос ва иқтисодчилар, кўпни кўрган кексалар иштироки таъминлангани боис, тадбирлар таъсирчанлиги муттасил ортиб бормоқда.

Маъмурият ва касаба уюшма ташаббуси билан касб-ҳунар коллежлари ўртасида уюштирилаётган “Биз буюк юрт фарзанд­ларимиз” ижодий ишлар кўрик-танлови янги-янги истеъдод эгаларини кашф этмоқда.

Баҳодир Қаршиев, Абдубоқи Каримов ва бош­қалар бошланғич ташкилотнинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, бир қанча таклифларни ўртага ташлади. Кўпчилик овоз билан Музаффар Махамматов яна бошлан­ғич ташкилот раислигига сайланди.