Ислоҳотлар шарофати
24.11.2014. Истиқлол йилларида юртимизда барча жабҳалар қатори тиббиётда ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишга эришиш борасидаги босқичма-босқич ислоҳотларнинг рўёбга чиқишида касаба уюшмаларининг ҳам ҳиссаси катта.
— Вилоят соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшма ташкилотлари «Соғлом бола йили» Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш, Президентимиз фармонлари, ҳукуматимиз қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида қатор ишларни амалга ошириб келмоқда, — дейди тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Анваржон Арзиев. — Сафимизда 41 минг 203 нафар аъзо бор. Иш ҳақи, қўшимча ҳақ тўлаш, тармоқ хусусиятларидан келиб чиқиб, Меҳнат кодексида ходимларнинг айрим тоифалари учун берилган имтиёз ва кафолатларга тўла амал қилиш, қўшимча имтиёзлар яратиш, иш ва ўқиш шароитини яхшилаш, меҳнатни муҳофаза қилиш сингари масалаларни назорат қилишда қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида 498 нафар эҳтиёжманд оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. 400 нафар шундай оила фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилинди. Шунингдек, 2013-2014 ўқув йилида тармоқ тасарруфидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олган чин етим ва эҳтиёжманд, иқтидорли ўқувчиларга устама стипендия таъсис этиш, талабаларнинг тўлов контракт пулини қисман қоплаш ҳамда ходимлар фарзандларининг чет тилларни ўрганиши учун моддий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам муайян ишлар қилинди. Бундан ташқари, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, соҳа ходимлари ва уларнинг фарзандлари саломатлигини тиклашга катта эътибор қаратилган. Жумладан, ёзги мавсумда тармоқ тасарруфидаги «Шифокор» ҳамда вилоятдаги яна 8 та болалар оромгоҳида 919 нафар болажон ҳордиқ чиқарди. Жамоа шартномалари ва тармоқ келишувлари орқали ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 195 нафар ходим, касаба уюшма маблағи ҳисобидан 285 нафар ходимнинг ота-оналари ва фарзандлари республикадаги санаторийларда саломатлигини тиклашди. Тармоқ касаба уюшма аъзоларининг 97 фоизи хотин-қизлар. Шуни ҳисобга олган ҳолда, касаба уюшмалари томонидан уларга моддий кўмак кўрсатиш, жамоа шартномалари орқали қатор имтиёзлар яратишга алоҳида аҳамият берилаяпти.