Меҳнат ҳуқуқи ҳимояси
11.02.2013. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат фаолиятини оилавий мажбуриятлар билан биргаликда олиб боришга шароит яратиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий негиз яратилган.
Бугунги кунда касаба уюшмалари ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқдалар. Қонунда белгилангандек, касаба уюшмалари корхона маъмурияти ва мулкдор билан жамоа музокараларини олиб бориш ҳамда жамоа шартномаларини тузишга, уларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу тўғридан-тўғри мулоқот орқали амалга оширилади. Касаба уюшмаларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабати Меҳнат кодексининг 22-моддасида қайд этилган.
Иш берувчилар меҳнат қонунчилигининг ижрочилари ҳисобланса, касаба уюшмалари меҳнат муносабатларини амалга оширишда ишловчиларга нисбатан иш берувчининг ноқонуний ҳаракатларидан ўз аъзоларини ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида намоён бўлади. Бошқача айтганда, Меҳнат Кодексининг 40 дан зиёд моддалари бевосита касаба уюшмалари фаолияти билан боғлиқ.
Меҳнат кодексининг тўққизинчи бобида айрим тоифадаги ходимларга, аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар алоҳида қайд этилган. 232-моддага мувофиқ 2 ва ундан ортиқ 12 ёшгача ва 16 ёшгача ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили ҳақ тўланадиган 3 иш кунидан кам бўлмаган қўшимча таътил, 14 календар кунидан иборат иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши зарур.
Амалдаги қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатларда аёллар учун мувофиқ равишда белгиланган имтиёзлардан ташқари тармоқ битимлари ва жамоа шартномаларида хотин-қизлар ҳамда ёшларни ижтимоий ҳимоялаш учун қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Жумладан, бундай имтиёзларни Тошкент вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар жамоа шартномаларида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Таълим, фан ва маданият, Соғлиқни сақлаш, Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари касаба уюшмалари тизимидаги ташкилотлар жамоа шартномаларига:
– Ҳомиладорлиги ва фарзанд кўрганлиги туфайли аёлларга ҳақ тўланадиган таътиллар муддатини узайтириш;
– 2 ёшдан 3 ёшгача болалари бўлган аёллар иш вақтини қисқартириш, ҳақ тўланадиган таътиллар муддатини узайтириш;
– меҳнат шартномаси бекор қилинганда болалари бор ва ҳомиладор аёллар учун қўшимча кафолатлар;
– 12 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болалари ёки 16 ёшгача бўлган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш куни миқдорида қўшимча таътил берилиши;
– кўп болали аёлларга (4 ва ундан кўп) тариф ставкаси сақланган ҳолда бир соатга қисқартирилган иш ҳафтасини белгилаш каби бандлар киритишга эришилгани диққатга сазовордир.
– Кейинги йилларда Тошкент вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси томонидан вилоятимизда аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат шароитини яхшилаш, иш берувчиларнинг уларга адолатли муносабатда бўлишини таъминлашга эътибор кучайтирилди, – дейди бирлашма кенгаши ҳуқуқшуноси Наргиза Асадова. – Хусусан, уларнинг жамият ва меҳнат жамоасидаги ўрнини мустаҳкамлаш, хавфсиз меҳнат шароитида, нисбатан кўпроқ иш ҳақи тўланадиган, масъулиятли ишларда фаолият кўрсатиши учун яратилаётган имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ишлар амалга оширилди. Чиноз, Оққўрғон ва Пискент туманларидаги хотин-қизлар билан ишлаш йўналишидаги ишлар ўрганилиб, раёсат йиғилишларида муҳокама этилди. Бунинг самараси ўлароқ, вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан қатор масалаларни бартараф этиш бўйича қўшма қарор қабул қилинди.
Оилалар, айниқса, ёш оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида ҳудудларда истиқомат қилувчи 4594 нафар аёл уй меҳнатининг барча шакллари билан қамраб олинди. Улардан 2677 нафари корхоналар билан кооперацияга киришиш орқали меҳнат шартномалари, 504 нафари пудрат шартномалари асосида, 1412 нафари оилавий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш ҳисобига касаначи сифатида иш билан таъминланди.
Яна бир эътиборга сазовор иш — ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудлардаги вақтинча иш билан банд бўлмаган аёллар рўйхати тайёрланди. Янги яратилаётган иш ўринларида биринчи навбатда мазкур рўйхатдаги аёллар бандлиги таъминланди.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши қошида ҳуқуқий масалалар бўйича бепул консултатив марказ фаолияти йўлга қўйилиб, уларда меҳнат ҳуқуқи, амалдаги қонунчилик, меъёрий ҳужжатлар ва барча ҳуқуқий масалалар бўйича вилоят ҳокимлигининг (236-14-52) ҳамда бирлашма кенгашининг «Ишонч телефонлари» (256-52-69) орқали хизмат кўрсатилмоқда.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси томонидан ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жойларда меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлашга эътибор кучайтирилди. Натижада касаба уюшмалари кўмагида меҳнаткашларнинг мурожаатлари ижобий ечим топмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти ўсмирлар маркази шифокори Насиба Юсупова суд орқали ўз лавозимига тикланиб, уч ойлик бекор юрган даври учун маоши, маънавий зарар ҳамда компенсация пуллари ундириб берилди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасига Зангиота туманидаги 13-мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси А.Юсуповадан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш берувчи томонидан тўланмаётганлиги тўғрисида келиб тушган ариза ўрганилиб, касаллик нафақаси ундириб берилди.
Бекобод туманидаги 12-умумтаълим мактаби директори Эътибор Қўчқаровани ишга тиклаш бўйича Тошкент вилоят халқ таълими бошқармасига киритилган тақдимнома ҳам ижобий ечим топди. Чунки, Э.Қўчқарованинг меҳнат шартномаси вилоят халқ таълими бошқармасининг 2012 йил 9 июндаги 110-К-сонли буйруғи билан Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан бекор қилинган. Буйруққа асос қилиб унинг шахсий аризаси кўрсатилган. Бироқ ўрганиш давомида Э.Қўчқарова меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ариза бермаганлиги маълум бўлиб, унинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ Меҳнат кодексининг 99-моддаси талабларига зид равишда чиқарилганлиги аниқланди. Меҳнат кодексининг 111- ва 112-моддалари талабларига асосан у аввалги ишига тикланди ҳамда мажбурий бекор юрган вақти учун ҳақ тўланишига эришилди.
Вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти собиқ катта ўқитувчиси М.Мамадалиеванинг меҳнат ҳуқуқи ҳимоя қилиниб, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бирлашма кенгаши вакили иштирок этди. Натижада унинг ишга тикланиши, моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида фуқаролик судининг ажрими чиқарилди.
Юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бирлашма кенгашининг мутахассислари ҳамда Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси аъзолари томонидан туман, шаҳар коллежларида ҳамда тармоқ касаба уюшмаси ташкилотларида ҳуқуқий мавзуларда давра суҳбатлари, ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Обод турмуш йилида бу борадаги ишлар кўлами ортиб, хотин-қизларнинг меҳнат соҳасидаги манфаатларини ҳимоялашда касаба уюшмаларининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолияти янада кенгаяди.