Ўқитувчилар ўз ишига қайтди
23.06.2023. Жомбой туманидаги 10-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари маъмурият қароридан норизо бўлиб, касаба уюшмаларига арз қилишди.
Мурожаатни мутахассислар ўрганиб, мактаб ўқитувчилари Худойназар Анваров ҳамда Феруз Ҳамроев ишдан бўшатилишида, ҳақиқатан ҳам, Меҳнат кодекси талабларига риоя этилмаганини аниқлашди.
– Меҳнат муносабатлари бузилишига доир масалаларда, аввало, иш берувчи билан музокарага киришишга ҳаракат қиламиз, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Улуғбек Ғаниев. – Аслини олганда, низоли вазиятни юмшатишнинг самарали усули ҳам шу. Мактаб маъмуриятига қонун талабларини ётиғи билан тушунтирдик. Жумладан, аввалги меҳнат қонунчилигида ходимнинг мажбуран бекор юрган кунлари учун кўрилган зарар корхона ҳисобидан қопланар эди. Янги кодексда эса ходим кўрган зарар айнан иш берувчининг шахсий ҳисобидан тўлаб берилиши белгилаб қўйилган. Бу талаб иш берувчиларни ҳушёрликка
чорлабгина қолмай, қонун доирасидан ташқарига чиқиш ҳолларининг ҳам олдини олмоқда.
Маъмурият масаланинг моҳиятини тўғри тушунди. Ходимлар нотўғри бўшатилган буйруқлар бекор қилиниб, Худойназар Анваров ҳамда Феруз Ҳамроев ўз вазифаларига қайтишди.
– Масала биз учун ниҳоятда чигалдек туюларди, – дейди Феруз Ҳамроев. – Унга ечим топган касаба уюшмаларидан миннатдормиз! Меҳнат низосига дуч келиб, ишим тушгач, ушбу ташкилотга бўлган ҳурматим янада ошди. Ҳолбуки, ўзимизга суянч, таянч жамоат ташкилотини баъзида кўкрагидан итаргандек ҳам бўламиз.
Бу ташкилот бизга нима қилиб беряпти, деган иддаоларимизнинг ортиқча эканини бугун яна бир карра ҳис қилдим.
Нурилла Шамсиев