Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг X мажлиси якунлари тўғрисида
24.01.2014. Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида барча тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Республика касаба уюшмаларининг 2013 йилги фаолияти якунлари ва 2014 йилда касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифаларга бағишланган Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Мажлисда касаба уюшма ташкилотларининг 2013 йилги фаолияти таҳлилий кўриб чиқилди. Хусусан, касаба уюшма ташкилотларининг асоси бўлган бошланғич касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш орқали ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришилган натижалар сарҳисоб қилинди. Таъкидлаш ўринлики, 2013 йил Касаба уюшмалари тизимида ҳар жиҳатдан самарали йил бўлди. Айниқса, ижтимоий шерикликнинг асосий механизмлари бўлган жамоа келишувлари ва шартномалари имкониятларидан самарали фойдаланиш тизими нафақат ишловчилар, балки уларнинг оила аъзолари турмушb даражасини оширишда муҳим омил бўлди. Бунда шубҳасиз, Бош келишув ва унинг асосида мазмунан бойитилган тармоқ келишувларининг амалга татбиқ этилиши ўз самарасини берди.
Жамоа шартномалари сифати ва таъсирчанлигининг оширилиши, уларда ходимлар учун белгиланган ижтимоий имтиёз ва кафолатлар кўламини бир неча баробарга кўпайтириш имконини берди. 2012 йилда жамоа келишувлари ва шартномалари орқали ходимлар ва уларнинг оилаларига кўрсатилган ижтимоий кўмак миқдори 39 млрд. 275 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2 баробардан зиёдга ортиб, 82,4 млрд. сўмга етди. Бундан кўриниб турибдики, бугунги кунда аҳоли реал даромадларини оширишда жамоа шартномаларининг ҳиссаси бир неча баробарга ортиб бормоқда.
Мажлисда Обод турмуш йилида Жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходимга сарфланган маблағ унинг ойлик маоши ва бошқа қўшимча тўловлардан ташқари 500 минг сўмдан 7 миллион сўмгача бўлган миқдорни ташкил этгани алоҳида таъкидланди. Бу ўз навбатида мамлакатимизда жамоа шартномавий муносабатларнинг тобора ривожланиб бораётганини, бу орқали меҳнат муносабатлари соҳасида фаолият юритувчи ижтимоий шериклар – касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳамкорлиги самараси ортаётганини кўрсатади.
Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш йўналишида асосий эътибор иш жойларини аттестациядан ўтказиш, ишлаб чиқаришда шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олиш масаласига қаратилди. Натижада жамоа келишувлари ва шартномаларига иш берувчиларнинг ушбу соҳадаги мажбуриятлари киритилиб, тизимли ишлар амалга оширилишига эришилди. Хусусан, мазкур локал ҳужжатлар орқали 428 мингга яқин профилактика тадбирлари амалга оширилиб, турли соҳа ходимлари меҳнати муҳофазасига 99,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. 2013 йил давомида қарийб 10,5 мингта иш ўрни аттестациядан ўтказилиб, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётган 49 минг нафарга яқин ходимнинг имтиёзли пенсига чиқиш ҳуқуқлари тасдиқланди. 183 мингдан зиёд ходим учун қисқартирилган иш куни белгиланиб, улар тармоқ меъёрларига мувофиқ махсус кийим ва пойабзал билан таъминланиш имконига эга бўлдилар.
Кенгаш мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йилларга мўлжалланган Бош келишув имзолангани, меҳнат муносабатлари соҳасидаги ушбу муҳим ҳужжатнинг ходимлар манфаатлари ҳимояси борасидаги ишлар сифати ва кўламини янада оширишда асосий омил бўлиши алоҳида таъкидланди.
Ўтган йил давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш жойларида қўнимлилигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли ишлар орқали 32,5 минг нафардан ортиқ коллеж ўқувчилари ва битирувчиларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ёшларнинг бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида барча ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари веб-сайтларига вакант иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг мунтазам киритиб борилиши йўлга қўйилди.
«Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида 6,5 минг нафарга яқин фермер ва хусусий тадбиркорликда банд бўлган ходимлар, кам таъминланган оилалардан бўлган аёллар, ёш оилалар, она ва бола ҳамда тиббиёт ходимларининг имтиёзли ва бепул соғломлаштирилиши таъминланди. 81,5 минг нафардан ортиқ ёлғиз кекса ва ногиронларга касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 2 млрд. 164,3 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Аёлларнинг уй юмушларини енгиллаштириш мақсадида қишлоқ жойларида яшовчи 184 нафар аёлга 130 млн. сўмлик электр маиший техника жиҳозлари – кир ювиш машиналари, микро-тўлқинли печлар, музлаткичлар топширилди. 310 нафар иқтидорли талабага касаба уюшмалари стипендияси берилди. Шунингдек, тизимда ички туризмни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларига қарийб 65,5 минг нафар ходим ва улар оила аъзоларининг саёҳатлари ташкил этилди.
Йиғилишда шунингдек, бир қатор тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари фаолиятида оз бўлса-да учраб турган камчиликлар танқидий таҳлил этилди. Айниқса, бошланғич ташкилотлар раислари ҳамда иш берувчиларнинг ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш ишларига эътиборни янада кучайтириш, шу мақсадда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш йўналишлари таъкидланди. Шунингдек, яратилган янги иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш муҳим вазифа қилиб қўйилди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбари маърузасидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари олдида турган галдаги вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, кичик бизнесни ривожлантириш масаласининг ниҳоятда долзарб эканлигидан келиб чиққан ҳолда нодавлат ва хусусий сектордаги корхона ва ташкилотлар ходимларини касаба уюшмаларига жалб этиш тизимини ривожлантириш масаласи устувор вазифалардан бири этиб белгиланди. Мазкур секторда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида кичик бизнес субъектлари, оилавий тадбиркорлар, трансмиллий компаниялар, хорижий инвестиция асосида ташкил қилинган қўшма корхоналарга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда мавжуд меҳнат муносабатларига оид масалаларни тегишли вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш самарасини кучайтириш, бу орқали ходимларнинг кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик муносабатлари кўламини кенгайтириш масаласига алоҳида урғу берилди.
Меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлашга кўмаклашиш, бу борада амалдаги қонунчилик ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш йўналишидаги ишларни изчиллик билан давом эттириш лозимлиги таъкидланди. Жамоа шартномаларидаги ходимлар учун қулай меҳнат шароитларини яратишга, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари талабларига тааллуқли бандларнинг тўлақонли ижросида касаба уюшмалари ва иш берувчилар масъулиятини янада оширишга оид тадбирлар белгиланди.
Касаба уюшмалари фаолиятининг 2014 йилдаги устувор йўналишлари қаторидан аҳолининг, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг самарали бандлигини таъминлашга, янги иш ўринларини яратишга кўмаклашиш, яратилган янги иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласи ҳам ўрин олди.
Кенгаш йиғилишида «Соғлом бола йили»да оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари сифатини ошириш, ички, ташқи ва тиббий туризмни ривожлантиришда фаол иштирок этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда электрон ахборот ва ҳужжат алмашув тизимига тўлиқ ўтиш ишларини бочқичма-босқич амалга ошириш борасида тегишли ҳужжатлар қабул қилинди.
Тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари мазкур устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ўз олдиларида турган вазифаларни яна бир бора чуқур таҳлил этиб чиқишлари ва тизимли чора-тадбирларни амалга оширишлари алоҳида қайд этилди.
Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати