Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ёшлар, коммуникациялар ва меҳнаткашларни соғломлаштириш – Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгашининг устувор йўналишлари Остонада муҳокама қилинди

19.05.2023. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илиқ муносабати, бир-бирларини қўллаб-қувватлаши натижасида ҳамкорлик алоқалари тобора яхшиланмоқда. Жумладан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Федерациялари ўртасидаги яқин ҳамкорлик тизимдаги фаолиятга ўз ижобий таъсирини ўтказмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташаббуси билан 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилиб, бугунги кунда ушбу Кенгашга Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзо сифатида қабул қилинган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши таъсисчиларининг умумий йиғилиши ўтган йили ўтказилди. Юқори савияда ўтган йиғилишда Касаба уюшмалари йўналишидаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва тизимлилигини таъминлаш, ходимларга яратилган шарт-шароитни янада яхшилаш ҳамда қўллаб-қувватлаш энг устувор мақсад сифатида белгиланди.

2023 йилда бўлиб ўтаётган Кенгаш йиғилишига Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари раислик қилмоқда. Шу муносабат билан 17-20 май кунлари касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг навбатдаги мажлисида йиғилишди.

Остона шаҳрида куни кеча Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси раиси раҳбарлигида Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгашининг III йиғилиши бўлиб ўтди. Субминтақавий форумда аъзо давлатлар – Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Мўғулистон ва Тожикистон миллий касаба уюшма марказлари касаба уюшмалари раҳбарлари, шунингдек, Озарбайжон ва Туркия касаба уюшмалари делегациялари иштирок этди.

Йиғилиш ташкилотнинг мустақиллиги ва Кенгашнинг расмий рамзи бўлган махсус байроғини Кенгаш аъзоларига тантанали равишда топшириш маросими билан бошланди.

Байроқ Марказий Осиё касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳамжамиятини ҳамда ҳамжиҳатлик, адолат ва эзгу ғоялар бирлиги рамзидир. Байроқни Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгаши Бош котиби, Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси раиси Сатыбалди Даулеталин касаба уюшмалари раҳбарларига ташкилот байроғини топширди.

Йиғилиш давомида мезмон Сатыбалды Даулеталин касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Кенгашнинг ролини таъкидлади.

– Кенгаш ташкил этилганидан буён ўтган давр мобайнида унинг аъзолари томонидан республика касаба уюшма марказларини янада интеграциялашувига қаратилган қатор қўшма тадбирлар ўтказилди. 2022 йил 6-октабрда кенгаш аъзолари ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий адолат йўлини илгари суриш мақсадида Олмаота декларацияси имзоланди. “Бизнинг умумий мақсадимиз – Кенгаш ролини кучайтириш ва минтақамиздаги 15 миллион меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат ва ижтимоий адолатни таъминлаш бўйича умумий имкониятларимизни кенгайтиришдир. Ижтимоий адолатни тиклаш бугунги кунда касаба уюшмаларимиз олдида турган асосий вазифадир”, – деди Сатыбалды Даулеталин.

Унинг фикрича, меҳнат муносабатларини ривожлантиришнинг энг муҳим шарти ходимга қаратилган янги ижтимоий шартномани шакллантиришдир.

Йиғилиш давомида мавжуд ижтимоий шартномани ўзгартириш вақти келганлигини ҳамда ҳозирги босқичда даромадларни тақсимлашдаги тенгсизлик ва қашшоқлик минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири ҳисобланиши борасида фикр алмашишди.  2023 йилда Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси ташкилотнинг рамзини ишлаб чиқди. Кенгашнинг stuca.org веб-сайти яратилди ва ишга туширилди.

Йиғилиш давомида Касаба уюшмалари федерацияси раиси ва иштирок этаётган вакиллар коммуникация стратегиясини шакллантиришни қўллаб-қувватлади. “Ташкилотнинг веб-сайти кенгаш аъзолари ходимлари учун имтиёзли соғлиқни сақлаш дастурларини рақамлаштириш ташаббусини амалга ошириш имконини беради”, деди Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Эрдэнэбат Сyхбаатар.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

– “Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ягона коммуникация стратегиясини шакллантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва ахборот платформамизни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилади”, – деди Бахтиёр Маҳмадалиев.

Тожикистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси раиси Зулхия Нозакзода Кенгашнинг ташкил этилганини халқаро касаба уюшмалари ҳамжамиятида ташаббусларни илгари суришда Марказий Осиё минтақаси касаба уюшмаларининг катта ютуғи, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири, раиснинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Умид Закирлаев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсати ҳақида гапирди.

– 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 19 миллион нафардан ортиқ, бу умумий аҳолининг 55 фоизини ташкил этади. 5,7 миллион касаба уюшма аъзоларининг 2 миллиондан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ёшларни иш билан таъминлаш соҳасида “биринчи меҳнат шартномаси” муаммосини ҳал қилиш мақсадида касаба уюшмалари субсидя орқали ишга жойлашишни кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди. Ёш ишчиларнинг амалиёт ёки стажировка муддати қонунчилик даражасида чекланди, тўловсиз стажировкалар тақиқланди. Иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг стипендияси тасдиқланди”, – деди Умид Зокирлаев.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси “Касаба-саир” ДП директори Тўлқин Ҳидиров Ўзбекистонда касаба уюшма туризмини ривожлантириш ҳақида гапирди.

– “Агар 2018 йилда мамлакатимизга 245 минг 829 нафар сайёҳ жалб этилган бўлса, 2022 йилда 306 минг 546 нафар сайёҳ жалб этилган бўлса, жорий йилда 400 мингга яқин сайёҳ жалб этилиши режалаштирилган. Туризмни ривожлантириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг санаторийлар тармоғи кенгаймоқда – 2017 йилда 17 та санаторий фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда – 31. Ўтган йили касаба уюшмалари оромгоҳларида 168 068 киши реабилитациядан ўтказилди, шундан 4 949 нафари хорижий фуқаролар, шу жумладан. 2 667 нафар қозоғистонлик”, – деди Тўлқин Ҳидиров.

Кенгаш мажлиси давомида барча аъзолар мавжуд муаммолар юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини бериб ўтишди. Томонларнинг келишувига кўра Кенгаш доирасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик меморандум имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатларида халқаро ва ички туризмни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

Санаторий-курорт даволаш ва реабилитациянинг янги самарали шаклларини ривожлантириш, шунингдек, Кенгашга аъзо барча мамлакатлар касаба уюшмалари аъзолари учун ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш режалаштирилган.

Йиғилиш якунида Кенгаш иштирокчилари Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгаши касаба уюшма ташкилотлари ўртасида “Энг яхши жамоа шартномаси” кўрик-танловини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Танлов якунлари жорий йилнинг сентябрь ойида Кенгашнинг IV йиғилишида эълон қилиниши кутилмоқда.

Субминтақавий форум якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгаши Бош котиби – Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси раиси Сатыбалды Даулеталин мазкур учрашувнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

“Биз яқин истиқболдаги асосий долзарб вазифаларни белгилаб олдик – меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, Марказий Осиё мамлакатларида касаба уюшмаларининг ёшларга оид сиёсатининг замонавий тенденцияларини амалга ошириш, ягона коммуникация стратегиясини шакллантириш, ҳамкорликни ривожлантириш туризм, Марказий Осиё касаба уюшмаларининг халқаро ва минтақавий ҳамкорлиги”, – дея хулоса қилди Сатыбалды Даулеталин.

Феруза Раҳимова