[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.04.2016. Дунё тамаддунига бешик бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарларимизни кўришга нафақат хорижликлар, балки юртдошларимиз ҳам ошиқади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Касаба-сайр» шўъба корхонаси фуқароларимизнинг бу борадаги талабини қондириш мақсадида кўплаб туристик саёҳатлар ташкил этиб келаётир. Эътиборли жиҳати бу йўналишдаги барча сарф-харажатлар касаба уюшмалари томонидан қоплаб берилаётир. Яқинда навбатдаги ана шундай саёҳат ташкил этилди.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 400 нафардан зиёд меҳнаткашлар “Афсона” поездида юртимизнинг тарихий шаҳарлари – Урганч, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат қилишди.

Хоразмда Фарғона водийсидан ташриф буюрган сайёҳларни халқимизга хос меҳмондўстлик билан кутиб олинди. Улар Ургенч шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

– Урганч юртимизнинг гўзал шаҳарларидан бири экан, — дейди андижонлик Гўзалхон Умарова. -Урганчда ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаётганига гувоҳ бўляпмиз. Кўзни қувнатадиган янги иморатларга ҳар қадамда дуч келяпмиз. Таълим-тарбия масканлари, спорт иншоотлари, шифо муассасаларининг янгидан қурилаётганлиги, қайта таъмирланаётгани келажак эгаларининг муносиб таълим-тарбия топиб, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғ­лом камолга етишини таъминламоқда. Биз шундай озод ва обод Ватанда яшаётганимиз билан фахрланамиз.

Урганчдаги янгиланишлардан кўзлари қувнаб, диллари яйраган сайёҳлар қадимий Хива томон йўлга тушдилар.

– Эртакмонанд шаҳар билан яқиндан танишдик, – дейди Фар­ғона вилояти Қува туманидаги 52-мактаб директори Хайринисо Самихонова. – Тарихни яна бир бор ўргандик. Буюк аждодларимизни эсладик. Водийга қайтгач, буларни ҳамкасбларга, ўқувчиларга сўзлаб берамиз. Ўзбекистонимиз чинакам жаннатмонанд юрт. Унинг ҳар бир шаҳри, қишлоғи бориб кўришга арзийди.

Ўз ­навбатида, сайёҳларга намунали сервис хизматлари кўрсатилди. Хоразм халфалари, санъаткорлари  иштирокидаги концерт дастури, миллий таомларимиз билан безатилган дастурхон атрофидаги самимий суҳбатлар кўнгиллардаги хушнудликни зиёда қилди.

Кун охирлаб бораётган маҳал сайёҳлар «Афсона» поездида Бухоро томон йўл олдилар.

Бухоро темир йўл вокзалида меҳмонлар турфа гуллар, дилрабо куй-қўшиқлар, қувноқ ва жозибали рақслар билан кутиб олинди.

Нонуштадан сўнг меҳмонлар саёҳатни қутлуғ қадамжо – Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидан бошлашди. Мустақиллик шарофати, Юртбошимиз ташаббуси  билан бу ерда амалга оширилган улкан ­бунёдкорлик, ободончилик, кўкаламзорлаштириш борасидаги ишлар саёҳатчиларда катта таассурот қолдирди.

Шу куни меҳмонлар Исмоил Сомоний ва Чашмаи Аюб мақбаралари, Арк қўрғони, Минораи Калон, Лаби ҳовуз, Боло Масжид, Ситораи Моҳи Хоса мажмуи каби ноёб ёдгорликлар, шунингдек, мамлакатимиз раҳбари таклифи ва ташаббуси билан ­бунёд этилган «Кўҳна ва боқий Бухоро» монументи билан танишдилар.

– Муассасамиз касаба уюшма қўмитаси раиси Бухорога саёҳат ташкил этилаётганини айтганда жуда ҳам қувониб кетдим, – дейди Учкўприк туман туғруқхонаси дояси Ю.Усмонова. Очиғи, шу пайтгача бу қадим шаҳарда бўлиш  орзуси бор эди. Қувончимизнинг чеки йўқ. Айниқса, ота-боболаримизнинг бизга қолдирган тарихий мерослари олдида лол қолдик.

Касаба уюшмалари ташаббуси билан «Соғлом она ва бола йили» дастури доирасида юртимиз бўйлаб саёҳатга олиб чиқилган турли касб эгалари, кексалар, меҳнат фахрийларидан иборат саёҳатчилар гуруҳи Самарқанд темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.

Саёҳатчилар зиёратни, ҳадис илмининг султони, буюк бобокалонимиз Имом Ал-Бухорий ҳазратлари қадамжосидан бошлади.

– Бу маскан кишига руҳий қувват бераркан, – дейди  Қўқон юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Одинахон Эгамбердиева. – Зиёратгоҳдаги саранжом-саришталик, файз бизга  жуда манзур бўлди.

Регистон майдони, «Йўлбарслар хиёбони», Амир Темур мақбараси, шунингдек, Мирзо Улуғбек, Спитамен шоҳ кўчаларидаги бунёдкорлик ишлари сайёҳларда катта таассурот қолдирди.

– Саёҳат баҳонасида диёримиз фахри бўлган қадимий ва навқирон шаҳарлар билан танишишга муяссар бўлдик, – дейди Норин туман ТТБ марказий туғруқхонаси акушер-гинекологи Тожихон Мўйдинова. – Аждодларимиз барпо этган обидалар, қолаверса, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлиш кишига ўзгача завқ бағишларкан. Ватанимизнинг ҳар бир гўшасини кўриб кўзинг қувонади, меҳринг қонади. Бу саёҳат бир умр ёдимизда қолади.